Пенсияга чиққандан кейин ишланган йилларни стажга қўшиб ҳисоблаш ва улар асосида қайта ҳисоб-китоб қилиш мумкинми? Талаб қилинган стаждан ортиқча йиллар умуман олганда қандай ҳисобга олинади?
– Йўқ, мумкин эмас. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 37-моддаси бешинчи қисмига кўра, ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди. Шу тариқа, пенсияга чиққандан кейин ишланган йиллар умумий меҳнат стажига кирмайди.
Кўрсатилган Қонуннинг 27-моддасига кўра, пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг таянч миқдорлари (Қонуннинг 26-моддаси) қуйидагича оширилади:
ёшга доир пенсиялар – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун (Қонуннинг 31 ва 33-моддалари) олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида;
I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида;
боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсиялар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир аъзоси учун – боқувчининг ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%и миқдорида оширилади.