Мен 1998 йилдан бери кўриш бўйича II гуруҳ ногирониман. 2012 йил октябрида пенсия ёшига етганим муносабати билан шаҳар Пенсия жамғармасида менга ёшга доир пенсия расмийлаштиришди. 2013 йил июнидан ишдан кетиб, пенсияга чиқдим.
2014 йил январида мени СамДУ музейида илмий ходим бўлиб ишлашга таклиф этишди ва 140 минг сўм маош билан 0,5 ставкада лаборант этиб расмийлаштиришди.
Ишга тушишдан олдин маслаҳат олиш учун шаҳар Пенсия жамғармасига мурожаат қилдим. Менга оғзаки равишда 170 минг сўмдан ортиқ бўлмаган ойлик маош тўланадиган ишга кириш ва пенсияни тўлиқ ҳажмда олиш ҳуқуқига эгалигимни айтишди.
Ҳозир эса шаҳар Пенсия жамғармаси ходимлари 17 мартдан 1 июнгача ишлаган даврда олган пенсиямнинг 50%ини, яъни деярли 800 минг сўмни қайтаришни талаб қилишяпти, чунки мен фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ишламай, балки штатда бўлган эканман.
Мен миқдори 150 минг сўмдан ошмайдиган иш ҳақи олиб ишлаш, шу билан бирга пенсияни тўлиқ ҳажмда олиш ҳуқуқига эгаманми?
Менга 2012 йилда ёшга доир пенсия расмийлаштиришди, бироқ ҳеч ким мендан II гуруҳ ногиронлигини олиб ташламади. II гуруҳ ногиронларига бериладиган имтиёзлар менга татбиқ этиладими?
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 53-моддасига асосан ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.
Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (МВ, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, ФВВ, МХХ ва ДБҚнинг АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 2-бандига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронларига пенсиялар иш жойида тўлиқ миқдорда (100%) тўланади.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олганда, агар сизда II гуруҳ ногиронлиги бўлса, олинадиган пенсия туридан қатъи назар, сизга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши керак.
Шуни ҳам маълум қиламизки, Президентнинг 26.12.2013 йилдаги ПФ-4589-сон Фармони билан Президентнинг айрим фармонларига киритилган ўзгартишларга асосан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, ёшга доир пенсияларнинг энг кам миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.