Мамлакатимизда қишлоқ жойлардаги тиббиёт ходимларининг пенсияга чиқишлари учун иш стажи қанча бўлиши керак?
А.Болтабоева, қишлоқ врачлик пункти катта тиббий ҳамшираси.
Ф.Хўжаева, санитарка.
Сирдарё вилояти.
– Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 7-моддаси).
Фуқароларнинг айрим тоифалари Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган рўйхатларга кўра имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эгалар:
ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-рўйхати;
умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхати;
умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-рўйхати.
Кўрсатилган Қонуннинг 12-моддасига кўра, охирги иш жойидан қатъи назар, қуйидагилар белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар: ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари – махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарларда камида 30 йил бўлган тақдирда (3-рўйхат, VIII қисм).
Пенсияни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари тайинлаши боис бевосита у ерга мурожаат этишни тавсия қиламиз. Бунинг устига улар пенсия тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар беришлари, шунингдек аризачига зарур ҳужжатларни олишида кўмаклашишлари шарт (кўрсатилган Қонуннинг 43-моддаси).
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.