БУХГАЛТЕРИЯ ТРИЛОГИЯСИ. II ҚИСМ: МАЛАКА БЎЛИШИ ШАРТ
РЕЖАЛАШТИРИШ ВА БОШҚАРУВ ҲИСОБИ
Бозор муносабатларини ривожлантиришнинг узоқ давом этган тажрибасига эга бўлган мамлакатларда корхона фаолиятини жорий режалаштириш смета кўрсаткичлари бажарилиши устидан назорат қилиш билан чамбарчас боғланган. Бухгалтерия ташқи ҳисобот учун белгиланган талабларга мувофиқ юритилиши керак бўлган молия ҳисобини ҳам, бюджет (смета)ларни тузиш таркибий қисми ҳисобланган бошқарув ҳисобини ҳам ташкил этади. Улар ҳужжатларининг батафсиллиги ва ҳажмини корхона мустақил равишда, ижро менежменти ва кузатув кенгашининг қарорлар қабул қилиш учун ахборотга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгилайди. Бироқ ҳар бир корхонада бўлиши керак бўлган зарур минимум ҳам бор. Бу умумлаштирилган молиявий смета бўлиб, у фойда ва зарарларнинг смета ҳисоби, нақд маблағлар ҳаракати ҳисоб-китоби ва баланс ҳисоботидан иборат бўлади.
Ушбу сатрлар муаллифларининг ташқи аудитни ўтказиш чоғидаги кузатувларига кўра, кўпчилик корхоналаримиз фойда ва зарарлар смета ҳисобини (молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот лойиҳасини) тузишни ўргандилар, нақд пул маблағлари ҳаракатини ҳисоб-китоб қилиш ва баланс (баланс лойиҳаси) ҳисоботини тузиш тажрибаси эса, афсуски, кўпчиликда мавжуд эмас. Фойда ва зарарлар смета ҳисоби кўпчилик ҳолларда мослашувчан смета асосида тузилмайди.
Ҳолбуки тўғри жорий режалаштириш, бошқа ҳамма нарсалардан ташқари, солиқ ҳисоб-китобларини тўғри тузиш учун катта аҳамиятга эгадир. Чунончи, Солиқ кодексининг 164-моддасига мувофиқ, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар ҳар чоракда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловларнинг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этадилар. Моҳиятан олганда, бу – бўнак ҳисоб-китоби. Тахмин қилинаётган суммани амалдаги суммадан 10%дан кўпга камайтириш пеня ҳисоблашга олиб келиши мумкин. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларга ҳам худди шундай тартиб белгиланган, бу эса капитал қўйилмалар ва операцион харажатларни режалаштиришга дахлдор.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Ўзбекистоннинг бир қатор йирик корхоналари учун тежамга (харажатларни қисқартиришга) мажбурий талаблар белгиланган (ВМнинг 7.03.2012 йилдаги 64-сон, 28.11.2012 йилдаги 333-сон, 8.01.2014 йилдаги 5-сон қарорлари). Жорий режалаштириш ва сметалар тузиш, тафовутларни таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун ахборот тақдим этиш бошқарув ҳисобига тааллуқлидир. Кўпгина мамлакатларда бу билан бошқарув бухгалтерлари ёки, бошқача номлаганларидек, таҳлилчи бухгалтерлар шуғулланадилар.
Ўзбекистонда CAP ва CIPA сертификациялари бўйича курслар ва имтиҳонлар топшириш ташкил этилган, улар таркибига биринчи ва иккинчи даражалардаги бошқарув ҳисоби киради. Уни билиш жорий режалаштириш, таннарх ҳисоб-китоби ва ички ҳисоботни тайёрлаш билан шуғулланувчилар учун зарур минимум ҳисобланади.
Бинобарин, ҳозирги бозор иқтисодиётида жорий режалаштириш бухгалтериянинг функциясидир. Умуман олганда, сметалар ва бюджетлар тузишни ташкил этиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш бошқарув ҳисоби мутахассислари зиммасига юкланиши керак, уларни профессионал даражада тайёрлаш керак.
Бироқ, назария ва амалиётга кўра, бошқарув ҳисоби ички фойдаланувчилар учун мўлжалланган бўлса-да, тўғри тузилган ҳисоботлар ва сметалар ташқи томондан ҳам қўлланади. Биринчидан, бу монополиячи корхоналарга тааллуқли, улар нархларнинг муайян даражасини тутиб туришлари (уни монополияга қарши органда ҳимоя қилиш керак) ёки белгиланган рентабеллик даражасини оширмасликлари шарт. Иккинчидан, бу кўпчилик ишлаб чиқариш корхоналарига тааллуқли, улар харажатларни тўғри классификациялашлари ва уларни ТМЗ қолдиқлари билан реализация қилинган маҳсулот таннархи ўртасида тақсимлашлари керак. Шу тариқа, бошқарув ҳисоби бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва сертификатлаштириш ҳамда бухгалтерия бўлинмаларининг тўғри тузилмаси бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектларнинг профессионал ҳамжамияти ва ижро менежментининг долзарб вазифалари ҳисобланади.
Бошқарув ҳисобини таълим берилаётган кўринишда Ўзбекистонда қўллаб бўлмаслиги тўғрисида кўп марта эшитганмиз. Бироқ аслида у мослаштирилган ҳамда дунёнинг кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларида қўлланади. Уни аниқ корхонанинг муайян шартларига мослаштириш ёки ҳисобга қўйишни бажаришни ўрганиш керак. Бу билан эса профессионал бухгалтерия фирмалари ёки таклиф этилган мутахассислар шуғулланишлари мумкин.
ЛИКВИДЛИЛИКНИ БОШҚАРИШ
Дебиторлик ва биринчи навбатдаги кредиторлик қарзи – солиқлар, жамғармаларга мақсадли мажбурий тўловлар ва иш ҳақи турли даражадаги раҳбарлар олдидаги муаммолигича бўлиб қоляпти. Ички идоравий қарз – кўп сонли шуъба фирмалар ёки бўлинмаларга эга бўлган акциядорлик компанияларини бошқариш муаммолари натижасидир. Улар асосан молиявий ҳисоботни консолидацияламаслик ва трансферт нарх белгилашнинг хато сиёсатини танлаш билан боғлиқ. Бироқ бу – алоҳида мақола мавзуси.
Бундан ташқари, дебиторлик ва кредиторлик қарзининг ўсиши кўп жиҳатдан режалаштириш ҳамда пул оқимини бошқаришдаги хатолар билан боғлиқ. Ривожланган мамлакатлардаги кўпгина корхоналар дебиторлик қарзини инкассациялашнинг чекланган муддатларини ва уни муддатдан аввал сўндирганлик учун пул чегирмалари миқдорини белгилайдиган кредит сиёсатини ишлаб чиқадилар. У савдо кредити беришнинг қоида ва принципларини ҳам белгилайди. Зеро, ишнинг моҳиятига кўра, дебиторлик қарзи – кредитга реализация қилиш кўрсаткичи саналади.
Бундай сиёсат пулларнинг вақтинчалик қиймати ҳамда наф билан харажатлар ўртасидаги мувозанатга асосланади. Уни қаттиқлаштириш реализация пасайишига олиб келади, заифлаштириш эса қарзни сўндирмаслик хатарини оширади. Унинг мавжудлиги – ишдаги нормал вазият, ҳар доим бозор иқтисодиётига хос бўлган хатар. Сўндирилмаган қарзлар фоизига эътибор қаратиш лозим. Корхона молиясини бошқариш нафақат дебиторлик қарзини, балки пул оқими, жорий ва узоқ муддатли инвестициялаш йўналишлари, бетартиб молиялаш, капитал ва бошқалар билан ҳам тартибга солишни ўз ичига олади. Буларнинг ҳаммаси молиявий менежмент соҳасига киради, бундай мажбуриятлар эса молиявий директор раҳбарлигида корхона ғазначисига юкланади.
Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари дебиторлик қарзи устидан қаттиқ назорат қиладилар. Бироқ молиявий менежмент малакасини оширмасдан жазолаш унчалик самара бермайди. Фикримизча, корхоналарга ўз дебиторлик қарзини тасарруф этишда кўпроқ эркинлик бериш ва умидсиз қарзларни ҳисобдан чиқаришга рухсат бериш мумкин. Бироқ бундай ҳолда уларни кредит сиёсатини қабул қилишга мажбур этиш ва уни тузиш бўйича қоидаларнинг минимал тўпламини белгилаш мақсадга мувофиқдир.
Шу билан бир қаторда молиявий менежерларни профессионал тайёрлашни ташкил этиш тадоригини кўриш лозим. Жаҳон амалиётида корхонанинг молиявий директори МВАга (Master of Business Administration) эга бўлади ёки қасамёд қилган бухгалтерлар муҳитидан чиқади. Очиқ акциядорлик жамиятининг молиявий директори профессионал тайёргарликдан ўтиши ва тегишли сертификатга эга бўлиши шарт. Хатарлар ва ликвидлиликни бошқариш – молиявий менежментнинг асосий вазифаси. Уни ҳал этиш учун эса пухта профессионал тайёргарлик кўриш лозим.
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ БУХГАЛТЕРИЯ ФИРМАЛАРИ
Аудиторлик ташкилотлари ва бухгалтерия фирмалари 2006 йил 1 апрелдан бошлаб профессионал хизматлар кўрсатиш қисмида ягона солиқ тўлови ва фойда солиғини тўлашдан озод этилганлар. Молия вазирлигининг mf.uz сайтида чоп этилган расмий маълумотларга кўра 2010–2013 йиллардаги улар тушумининг ҳажми қуйидагиларни ташкил этган:
Йил
|
Сумма
|
Бўшаган ЯСТ суммаси (млрд сўм*)
|
2010
|
27,3
|
1,9
|
2011
|
30,4
|
1,8
|
2012
|
31,9
|
1,9
|
2013
|
35,8
|
2,2
|
2010–2013 йиллар учун жами
|
125,4
|
7,8
|
*Барча аудиторлик ташкилотлари солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимидадир.
Агар тегишли даврлар учун солиқ ставкаларидан келиб чиқилса, берилган солиқ имтиёзларининг ҳажмини тахминан 7,8 млрд сўм деб баҳолаш мумкин. Ушбу баҳонинг тахминийлигига унга ташқи аудитни юритишга лицензияси бўлмаган, бироқ кўпинча аутсорсинг асосида (улар лицензияланмайди) бухгалтерия ҳисоби бўйича хизматлар кўрсатадиган, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритишга ҳам берилганлиги боис имтиёздан фойдаланадиган бухгалтерия фирмалари киритилмаганлиги сабабчи бўлган.
ЯСТ ва фойда солиғи бўйича кўрсатилган имтиёз расман мақсадли тусга эга бўлмаган, бироқ унинг асосий мақсади Ўзбекистонда молия секторини ривожлантириш бўлган. Тежалган маблағлар бухгалтерия фирмаларини ривожлантириш ва уларнинг малакасини оширишга, улар хизматларининг сифатини яхшилашга сарфланиши керак эди. Ҳозир ушбу маблағлар қандай ва нимага ишлатилганлигини баҳолаш мушкул, бунинг учун ўқув марказлари белгиланган давр мобайнида аудиторлик ташкилотлари ва бухгалтерия фирмаларидан олган тушум динамикаси ҳамда яна бир қатор кўрсаткичларни билиш лозим. Вариант сифатида сертификатланган аудитор – мутахассисларнинг республика хўжалик юритувчи субъектларининг умумий миқдорига нисбатан салмоғини белгилаш мумкин:
2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра сертификатланган аудиторлар сони
|
664 киши
|
2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра хўжалик юритувчи субъектлар сони
|
266 400 киши
|
Профессионал бухгалтерларнинг баҳоланган сони*
|
267 064 киши
|
2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра сертификатланган мутахассислар сони (CIPA, CAP ва CAPнинг бўлғуси соҳиблари)
|
2 660 киши (112 CIPA, 2 548 CAP ва CAPнинг бўлғуси соҳиблари)
|
Халқаро сертификатларга эга бўлган мутахассислар салмоғи
|
1%дан кам
|
*Баҳолашга сертификатланган аудиторлар ва бир хўжалик юритувчи субъектга бир бухгалтер ҳисобидан бухгалтерлар сони киритилган.
Аудиторлик ташкилотлари ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг нисбатан ривожланган меъёрий базаси бор – энг кам малака талаблари, сертификатлар ва лицензияларни бериш, бекор қилиш ҳамда уларнинг амал қилишини тугатиш тартиби, профессионал фаолиятнинг суғурталаниши белгиланган, лицензияловчи ва сертификацияловчи органлар томонидан назорат қилиняпти ва ҳоказо. Бухгалтерия фирмаларининг фаолияти эса амалда тартибга солинмаган.
Ҳолбуки халқаро аудит стандартлари ва бошқа профессионал регламентларни ишлаб чиқувчи Халқаро бухгалтерлар федерацияси (IFAC) 2009 йил 15 декабрдан 1-сон Халқаро сифат назорати стандартини амалга киритди, у бухгалтерия фирмалари ходимлари ва менежменти тузилмаси ҳамда улар малакасига қўйиладиган талабларни белгилайди. Бу – аудиторлик стандарти эмас, у айнан бухгалтерия хизматларини кўрсатадиган ташкилотларга татбиқ этилади. Ушбу ҳужжат талаблари ва қоидаларини бухгалтерия фирмаси мезонлари ва унга нисбатан талабларни белгилаш учун асос сифатида қабул қилиш мумкин.
Яна бир таклиф. Штатда сертификатланган солиқ маслаҳатчисига эга бўлиш мажбуриятини бухгалтерия фирмалари зиммасига юклаш мақсадга мувофиқ, чунки улар ўз фаолиятлари доирасида солиқларнинг ҳисоб-китобларини тузадилар. «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунга (21.09.2006 йилдаги ЎРҚ-55-сон) мувофиқ солиқ ҳисоботини тузишда ёрдам кўрсатиш солиқ маслаҳати бериш хизматига киради, уни фақат сертификатланган мутахассис бериши мумкин.
Сўзимизга якун ясарканмиз, бухгалтерия фирмаларининг ривожлантирилиши, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув ислоҳоти шароитида кўзга ташланаётганидек, малакали бухгалтерлар етишмовчилигини қисман компенсациялаш имконини беради, молиявий ва солиқ ҳисоботининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди, мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига замин яратади.
Игорь ТИЛЕПИН,
Татьяна ШАЛУНОВА.
«RASTAX GROUP» МЧЖ СМТ.
*Давоми. Боши «СБХ»нинг 3.06.2014 йилдаги 22 (1034)-сонида.
Материал қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этиляпти. Унинг тўлиқ версиясини norma.uz сайтида ўқиб чиқишингиз мумкин.
Охири бор.