ЯСТ тўловчиси бўлган хусусий корхона савдо ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиб келади. 2013 йилда фаолиятимиздаги айрим сабабларга кўра ҳисобрақамимизга келиб тушган тушумларнинг аксарият қисми асосан бюджетга солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашга кетиб қолди.
Шу тариқа корхонамизда ходимлар иш ҳақидан 2 500,34 минг сўмлик қарздорлик ҳосил бўлди. Ходимлар бу қарздорликни корхонамиз фойдасига қолдиришга рози бўлишди.
Шу ҳолат қонуний бўладими ва ушбу вазият бўйича қандай бухгалтерия ўтказмаларини амалга ошириш керак бўлади?
Яшинбой Носиржонов, корхона бухгалтери.
Жиззах шаҳри.
– Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчини ходимлар бажарган ишга ҳақ тўлашга мажбур қилади. Жумладан, Меҳнат кодексининг 154-моддасига асосан иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ўрнатилган муддатларда тўлаши шарт.
Меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида ўрнатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.
Бинобарин, ходимлар иш ҳақларини ўз хоҳишларига кўра тасарруф этишга, шу жумладан корхонага молиявий ёрдам кўрсатишга ҳам ҳақлилар.
Меҳнат кодексининг 156-моддасига асосан меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида бундай ўзгартишга:
– технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берган тақдирда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;
– қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши мумкин.
Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар бошқа даромадлар таркибига кириб, улар товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар бўлиб ҳисобланади.
Демак, солиқ солиш мақсадида корхона олган сумма асосий фаолият тури ставкаси бўйича солиқ солинадиган бошқа даромад деб эътироф этилади.
Ушбу операциянинг бухгалтерия ҳисоби 21-сон БҲМСга асосан қуйидаги кўринишда акс эттирилади:
дебет 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар»
кредит 9390-«Бошқа операцион даромадлар».
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари
ташкилоти эксперти Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.