Газетхоннинг улгуржи савдога лицензияси бўлган корхона томонидан бўнак тўловлари тўланиши тўғрисидаги саволига жавоб бераётганда («Лицензия олибоқ бўнакни тўланг», «СБХ»нинг 29.04.2014 йилдаги 17 (1029)-сони) эксперт ушбу масалани ҳал этиш амалиётига асосланган. Тўғри, бугунги кунда улгуржи савдо ҳуқуқига лицензия (бундан кейин – лицензия) олган корхонани, у улгуржи савдо корхонаси бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ўтказилган операциялар бўйича келиб тушадиган тушумдан 5% миқдорида ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўлашга мажбур қиладилар.
Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларида бўнак тўловларини тўлаш талаби фақат улгуржи савдо корхоналари учун белгиланган деб талқин қилинади.
Бўнак тўловларини (тушум суммасининг 5%и), Президентнинг 22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон Қарори1 5-бандига мувофиқ, улгуржи савдо корхоналари тўлайди (бундан улгуржи дорихона ташкилотлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирадиган ихтисослашган улгуржи база-конторалар мустасно). Уларни тўлаш тартиби Улгуржи савдо корхоналари томонидан бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) билан белгиланган.
Шу тариқа, Президент Қарорида ҳам, Низомда ҳам бўнак тўловлари тўловчиси сифатида улгуржи савдо корхоналари тўғрисида сўз боряпти.
Энди ушбу меъёрлар амалиётда қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида сўз юритамиз. Лицензияловчи орган лицензия олган юридик шахслар тўғрисидаги ахборотни солиқ органларига беради. ДСИ 3 кун ичида тегишли хабарномаларни ушбу хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий ва талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварақлари очилган тижорат банкларига юборади. Бунда ДСИ лицензия олган барча юридик шахслар тўғрисида, унинг эгаси улгуржи савдо ёки, айтайлик, ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланишидан қатъи назар, банкларни хабардор қилади. Бироқ ДСИнинг хабардор қилиш шаклида (Низомга 1-илова) лицензиялар эгалари тўғрисида эмас, балки улгуржи корхоналар тўғрисида сўз боряпти. Ушбу икки тушунча ўртасида катта фарқ бор. Ташкилот улгуржи савдо лицензиясига эга бўлиши, бироқ улгуржи савдо корхонаси бўлмаслиги мумкин. Улгуржи савдо корхоналарига, солиқ солиш мақсадида, бундан олдинги ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлиб савдо фаолияти ҳисобланадиган юридик шахслар киритилади (Солиқ кодекси (СК) 350-моддасининг тўртинчи қисми).
Шу сабабли солиқ органлари, улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олган бирор-бир юридик шахснинг тушумидан бўнак тўловларини ушлаш учун банкка ахборот юборишдан олдин у улгуржи савдо корхонаси ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини белгилашлари керак. Сўнгра Низомнинг 5-бандига мувофиқ банкка фақат улгуржи савдо корхоналари – ягона солиқ тўлови тўловчиларининг рўйхати келтирилган шаклда хабарнома юборишлари лозим. Агар корхона лицензияга эга бўлса, бироқ улгуржи савдо корхонаси ҳисобланмаса, у Низомнинг белгиланган меъёрларига мувофиқ мазкур хабарнома рўйхатига киритилмаслиги керак.
Табиийки, банк ДСИдан нафақат улгуржи савдо, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида фаолият юритувчи корхоналар ҳам кўрсатилган хабарномани олгач, шу заҳоти уларга махсус ҳисобварақлар очади. Сўнг барча операциялардан келиб тушаётган тушумнинг 5%и – ЯСТ бўйича бўнак тўловларини ушлай бошлайди, Низомнинг 12-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Зеро банк уларнинг тўғри ва ўз вақтида ўтказилиши учун жавоб беради. Банк ходимлари таваккал қилиб ўтирмайдилар, уларнинг мижози улгуржи савдо корхонаси эканлиги ёки улар сирасига кирмаслигини муҳокама қилиш банкнинг ваколатига кирмайди.
Шу тариқа Президентнинг ПҚ-1245-сон Қарори ва Низом меъёрлари бузиляпти – бўнак тўловлари лицензия эгаси бўлган иқтисодиёт соҳасида фаолият юритувчи барча корхоналардан олиняпти.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки, Солиқ кодекси давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва мажбурий тўловларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Солиқ солиш масалаларига дахл қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам унинг қоидаларига мувофиқ келиши керак (СКнинг 2-моддаси учинчи қисми). Улгуржи савдо корхоналаридан тўловлар ушлаш амалиёти ушбу меъёрни бузади. Солиқ кодексида ушбу масала бўйича бирорта меъёр йўқ.
Шу сабабли, фикримча, ҳуқуқбузарликлар содир этишга олиб келадиган шароитларни бартараф этиш, шунингдек улгуржи савдо корхоналарининг бўнак тўловлари ҳақидаги масалани узил-кесил ҳал этиш учун СКнинг 56-боби 360-моддасига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир.
1«Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида».
2МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Шарофиддин РЎЗМЕТОВ, экспертимиз.