Ўтган ҳафтада «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўраб-жойлаш ва экспорт қилиш» халқаро бизнес семинари ўтказилиб, унда мева-сабзавот секторининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган эди.
Семинар доирасида ўров, ўров ускунаси ва технологияларининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда тармоқни қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва хом ашёни қайта ишлашдан бошлаб ўраб-жойланган тайёр маҳсулот даражасигача етказиш бўйича ривожлантириш тамойиллари намойиш этилди. Якун чиқараркан, тадбир ташкилотчилари – Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси (ХБТУ), Тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш маркази, USAIDнинг минтақавий иқтисодий ривожланиш лойиҳаси вакиллари кўзланган мақсадга умуман эришилганлигини таъкидладилар. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, мева-сабзавотлар экспортини МДҲ ва Европа мамлакатларига ёйиш учун уларни сақлаш ҳамда ўраб-жойлаш шароитларини яхшилаш имкониятлари тўғрисидаги ахборот кўп газетхонларга қизиқарли бўлади, деган умидда биз ушбу мавзуни давом эттиришни лозим топдик.
ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШ, ЭКСПОРТЧИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ КЕРАК
Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг раис ўринбосари Азмиддин Қамбаров модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлаш ва замонавий юқори унумдор инновация технологияларини жорий этиш, республикада янги қайта ишловчи корхоналарни барпо этиш тўғрисида сўзлаб берди. Агар 2005–2012 йилларда мева-сабзавот маҳсулоти ва узумни қайта ишлайдиган 83 корхона барпо этилган бўлса, 2013–2015 йилларда қуввати 127,8 минг тонна бўлган 300 та ана шундай корхонани очиш режалаштирилган. Уларнинг кўпчилиги республика минтақаларида барпо этилади.
Корхоналарни замонавий ускуналар билан жиҳозлашга катта эътибор бериляпти. Улар 20 дан ортиқ мамлакатдан (Хитой, Жанубий Корея, Болгария, Австрия, Германия, Литва, Россия, Украина, Туркия, Польша ва бошқалар) етказиб берилаётир.
А.Қамбаров озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган инвестиция дастурлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Ўтган йили 1 545 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш эвазига қарийб 17,5 минг ишчи ўрнини барпо этиш имконияти туғилди. 2014 йилда 16,3 мингдан ортиқ иш ўрнини таъминлайдиган 1 600 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб беришни ташкил этиш тўғрисида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакили Шоҳрух Алихонов маълум қилди.
Жамғарма дунёнинг 173 мамлакати бозорларида 16 товар гуруҳлари ва 15 хизмат турлари бўйича импортга бўлган эҳтиёжни ўрганди. Хусусан, кимё, машинасозлик, озиқ-овқат, мебель, тўқимачилик, қурилиш ва озиқ-овқат саноати маҳсулоти, шунингдек туризм, ахборот технологиялари хизматларига эҳтиёж катта. 14 348 кичик ва хусусий ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини аниқлаш бўйича ўтказилди. Уларнинг маҳсулотларини хориж бозорларига олиб чиқиш бўйича хизматлар рўйхати белгиланди. Хўжалик субъектларини манзилли қўллаб-қувватлаш режаси ишлаб чиқилди. Ушбу йилнинг биринчи чорагида 461 корхонага сертификат ва лицензиялар олиш, контрактларни ҳисобга қўйиш, бўлғуси харидорларни излашда молиявий, ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Натижада 206 млн АҚШ доллари миқдорида контрактлар тузилди. Чунончи, Жамғарма «Зартола текстиль» МЧЖга суғурта полиси олиш ва экспорт контрактини тузишда ёрдам берди. «Асклепий-свифт» МЧЖ эса салмоқли миқдордаги молиявий ёрдам олди ва 1 млн АҚШ долларлик 2 та контракт тузди.
Кичик ва хусусий бизнес субъектларининг маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқиш учун Жамғарма кўплаб хориж ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантиряпти. Чунончи, май ойида Латвиянинг «A&A Logistics» логистика компанияси ва Брюсселнинг савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
«КИЙИМ»ГА ҚАРАБ КУТИБ ОЛИШАДИ. СОТИШДА ҲАМ ШУНДАЙ
Сервитамин маҳсулотнинг асосий экспорти Россия ва Қозоғистонга юборилади. Шу боис иштирокчиларда тармоқ сотувлари бўйича халқаро эксперт Дмитрий Кузнецовнинг «Импорт қишлоқ хўжалиги маҳсулотини Россия савдо тармоқларига етказиб бериш» тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Россия мева бозори йилига 10–12%га ўсяпти ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотяпти. Унинг ўсишини кўп даражада импорт таъминлайди, чунки маҳаллий ҳосил нисбатан барқарор бўлиб, 4 млн тоннадан ошмайди. Чунончи, ўтган йили реализация қилинган 10 млн тонна мева ва сабзавотнинг 6,5 млн тоннаси импорт қилинган эди.
Бозор икки алоҳида секторга бўлинган, баъзан талаб билан таклиф ўртасида мувозанатсизлик бўлганда улар кесишади. Товарларнинг асосий қисми сотиладиган қуйи ва ўрта сегментларни Польша, Молдова, Украина, Сербия ва Хитой таъминлайди. Янада йирик мевалар, сархил навлар ва яхшиланган ўровлар талабгир бўлган сегментда Голландия, Италия, Бельгия, Аргентина, Чили ва Испаниядаги етказиб берувчилар ўртасида рақобат кучли. Ширин-шакар ўзбек мевалари, башарти улар моҳирона ўраб-жойлаштирилса, бозорнинг ушбу сегментидан муносиб ўрин олган бўлар эди.
Бугунги кунда товарни муваффақият билан олиб чиқишда ўров муҳим ва кўп қиррали аҳамиятга эга. Эксперт РФга импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўйича уларга қўйиладиган талаблар тўғрисида батафсил гапирди.
Асосийси – ўров функционал бўлсин. Ўров меваларни эҳтимолий шикастланишлардан ҳимоя қилиши керак. Тегишинча, у пишиқ бўлиши ва меваларнинг бутлигини бузиш хатарини имкон борича камайтириши керак. Агар ушбу шартлар бажарилса, ўров материали ёки тури алоҳида роль ўйнамайди. Бироқ кейинги вақтда ишлаб чиқарувчилар меваларни стандарт ёғоч яшчикка жойлаштирмаяптилар. Чунончи, супермаркетларнинг машҳур тармоғи польшалик етказиб берувчилардан меваларни карантиндан ўтказилиши лозим бўлган бундай идишда сотиб олишдан бош тортди.
Ўров маҳсулотни ташиш ва сақлаш вақтида ҳимоя қилиши керак. Кўпчилик улгуржи харидорларнинг талаби шундай. Мисол учун, москвалик харидорлар Исроилдан петрушка харид қиладилар, у зич ёпилган ўров туфайли янгидек бўлиб туради. Уни Москва вилоятилик етказиб берувчилардан харид қилиш осонроқ, арзонроқ бўлиши, ватанпарварлик нуқтаи назаридан мақбулдек туюлиши мумкин. Бироқ бу ердагилар сўлиган товарни таклиф қилишади. Шу боис маҳсулотнинг товарбоп кўринишини сақлаш имконини берадиган технологияларга алоҳида эътибор берилиши керак.
Чакана тармоқлар учун маҳсулотнинг нафақат ташқи кўриниши, балки миқдори ҳам муҳим, ундан четга чиқишларга йўл қўйиш анча паст даражада. Чакана тармоқларда реализация қилинадиган маҳсулот ташқи нуқсонларга эга бўлмаслиги керак. Очиқ бозорлар учун миқдор унчалик муҳим эмас, бироқ товарнинг қиймати ҳам бу ерда паст.
Д.Кузнецов эътиборни замонавий супермаркетларда сотишлар катта шаҳарларда меваларни реализация қилишнинг 60%дан ортиғини ташкил этишига қаратди. Бунинг маъноси шуки, маҳсулот сифатининг янада юқори стандартларини мўлжалга олиш, унинг тақдимотларини ўтказиш зарур. Ўзига ўзи хизмат кўрсатадиган йирик дўконлар сонининг кўпайиши билан ўров PR-функциясини бажара бошлайди: у эътиборни товарга жалб этиши, унинг хусусиятларини тавсифлаши, истеъмолчида унга бўлган ишончни туғдириши ва мақбул таассурот ҳосил қилиши керак. Супермаркетлар истеъмолчилари яхшиланган ўровнинг қулайлиги, ташқи кўриниши, ишончлилиги ва нуфузлилиги учун ҳақ тўлашга тайёрлар. Шу сабабли ўз товарини олиб чиқишда арзонликка эътиборни кучайтириш керак эмас. Дарвоқе, нархлар рақобатчиларникидан юқори бўлмаслиги керак.
ХАРИДОР СИЗ УНГА КЕРАКЛИ ЭКАНЛИГИНГИЗГА ИШОНСИН
Россияга меваларни дистрибьюторлик компанияси орқали етказиб бериш мумкин. Импортнинг бошқа бир усули – РФнинг энг йирик савдо тармоқлари – «Метро», «Ашан», «Карусель», «Перекрёсток», «Пятёрочка», «Магнит», «Дикси», «Марий РА», «Седьмой континент», «Лента», «О’кей», «Гипер Глобус» билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш. Уларнинг бири мисолида эксперт етказиб берувчи тармоқчилар билан қандай боғланиш кераклигини кўргазмали намойиш қилди.
Даставвал тижорат таклифини тайёрлашга эътибор қаратиш керак. Тижорат таклифи мижозга айнан сизнинг етказиб берувчи бўлишингиз унга фойдали бўлиши тавсифидан иборат бўлмоғи лозим. Таклиф тармоқ стандартлари ва шаклига мувофиқ бўлиши, ритейл танлаб оладиган ва ассортиментни бошқарадиган мезонлар ва принципларни ҳисобга олиши керак. Бир сўз билан айтганда, ўз товарининг тавсифларини эмас, балки мижознинг манфаатларини сотиши керак.
Эксперт тижорат таклифини тайёрлашдан аввал тармоқ тўғрисидаги ахборотни тўплаши: рақобатчиларнинг товарлар токчасини таҳлил қилиш, дўконларга бориш, сотиш ҳажмлари ва шартларини аниқлашни тавсия қилди. Экспортчи қандай ассортиментни чакана тармоққа олиб киришни хоҳлашини ҳал этиш зарур. Ушбу ассортиментни реализация қилиш – иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳисоб-китобини қилиш: сотишлар ҳажми, фойда, харажатлар ва ҳоказо. Шунингдек таклиф этилаётган ассортимент бўйича тармоқ самарадорлигининг мумкин бўлган барча мезонлари бўйича фойдаларни белгилаш ва ҳисоб-китоб қилиш. Шундан кейин мижоз фойдаларини таърифлаб, унинг шакли ёки тижорат таклифининг берилган андозасини тўлдириш керак бўлади.
Тақдимот тугаганидан кейин иштирокчилар Д.Кузнецовга кўплаб савол беришди ва уларга жавоб олишди. Батафсилроқ тушунтиришлар керак бўлганларга эса эксперт business-to-business форматидаги амалий учрашувлар вақтида жавоб берди.
Сервитамин маҳсулот экспортининг
баъзи қизиқарли жиҳатларини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА ёритди.
Мамлакатимизда ҳар йили 16 млн тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Ҳозирги вақтда биз умумий қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлган озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқдамиз. Сўнгги уч йилда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3 баробардан зиёд ошди.
...Биз дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқдамиз. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига киради.
Президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда
озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги халқаро конференциясидаги нутқидан.