Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 25-26 / Бизнинг лойиҳалар

Доимий муассасалар фаолияти ҳақида батафсил

«NORMA» профессионал ривожланиш марказида норезидент компанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий муассасалари фаолиятига бағишланган тренинг бўлиб ўтди. Уни олиб борувчилар, «BAKER TILLY Tashkent» компанияси вакиллари иштирокчилар – ваколатхоналар раҳбарлари, директорлар, бош бухгалтерлар ва аудиторларга доимий муассасалар, улар фаолиятининг ҳуқуқий жиҳатлари, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби хусусиятлари, солиқ солиш ва ҳисоботнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида сўзлаб бердилар. Улар иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги халқаро битимларни қўллаш хусусиятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Тренингда янграган саволлар ва уларга жавобларнинг бир қисмини газетхонлар эътиборига ҳавола қиламиз.

 

– Доимий муассасада бухгалтерия ҳисобининг хусусиятлари қандай?

– «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 3-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг мамлакатимиз ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир. Доимий муассаса юридик шахс мақомига эга эмас ва, тегишинча, бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланмайди, айни вақтда у орқали фаолиятни амалга оширадиган юридик шахс – норезидент бир қатор умумбелгиланган солиқлар тўловчисидир. Солиқ кодексининг (СК) 15-моддасида белгиланишича, солиқ тўловчилар ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир. СКнинг 39-моддасига мувофиқ эса, солиқ ва бошқа мажбурий тўловнинг ҳар бир тури бўйича солиқ солиш объекти ҳамда улар билан боғлиқ объектлар СКнинг Махсус қисмига мувофиқ белгиланади. Солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (ҳисоблаб ёзиш усули). Мол-мулк бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобга олинади. Шу тариқа, доимий муассаса тўлақонли ҳисоб ва молиявий ҳисоботни шакллантира олмайди, бироқ қонун ҳужжатларининг меъёрлари ва стандартларига мувофиқ солиқ солиш объектлари ва мол-мулк ҳисобини юритиши шарт.

– Доимий муассаса ўз номидан шартномалар тузиши мумкинми?

– «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 5-моддасига мувофиқ юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар хўжалик шартномаларининг субъектлари (тарафлари) бўлади. Фуқаролик кодексининг (ФК) 101-моддасига кўра битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади. Бундан келиб чиқилганда доимий муассаса юридик шахс ҳисобланмайди (СКнинг 20-моддаси), балки солиқ тўловчи норезидентнинг солиқ мақоминигина белгилайди. Ушбу меъёрлар туфайли у ўз номидан хўжалик шартномаларини тузишга ҳақли эмас. Уларни фақат норезидент номидан унинг асосий муҳрини қўйган ҳолда тузишга йўл қўйилади.

– Доимий муассасалар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизмати кўрсатувчи банкларни танлашлари ҳамда талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларини очишлари мумкинми?

– Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорининг (22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон) 6-бандига биноан, Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолият олиб борувчи норезидентлар солиқ органларида ҳисобга қўйиш чоғида муҳр эскизларини кейинчалик тасдиқлаш учун тақдим этадилар, шунингдек республиканинг тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварақларини очадилар.

Ушбу бандни бажариш учун МБ бошқарувининг АВ томонидан 28.01.2010 йилда 1948-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномага (МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Йўриқнома) тегишли ўзгартириш киритилди. Унинг 3-бандига кўра мижозлар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш учун банкларни мустақил равишда танлайдилар ҳамда бир ёки бир неча банкларда миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, шунингдек жамғарма, муддатли, ссуда ва бошқа депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқига эгалар.

– Нима учун доимий муассаса унинг номига келиб тушган юкларни мустақил равишда божхона тозаловини амалга ошира олмайди?

– Доимий муассаса солиқ мақоми бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширадиган норезидент компания унга эга бўлади. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан мол-мулкни юридик ва жисмоний шахслар чегара орқали олиб ўтишлари билан боғлиқ масалалар тартибга солинади. Божхона кодексида белгиланишича, товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахслар – уларнинг мулкдорлари, сотиб олувчилари, эгалари ёхуд улар билан Кодексда назарда тутилган ҳаракатларни ўз номидан амалга ошириш учун етарли бўлган бошқача тарзда иштирок этувчи шахслардир. «Шахс» тушунчаси жисмоний ва юридик шахсларга тааллуқли, «доимий муассаса» мақомига мос тушмайди. Бинобарин, норезидент компаниянинг доимий муассасаси мустақил равишда товарнинг божхона тозалашини амалга ошира олмайди. Амалиётда божхона тозалаши масалалари билан шуъба корхона шуғулланади.

– Амалга оширилаётган фаолият доимий муассаса аломатларига жавоб берадиган шартномага асосан норезидент доимий муассасани ҳисобга қўйган. Норезидент билан резидент ўртасидаги шартномада белгиланишича, норезидент ҳудудида юзага келадиган барча солиқларни хорижий фирма, Ўзбекистон ҳудудида юзага келадиганларини эса резидент тўлайди. Ушбу ҳолда аҳдлашувчи тарафлар қандай ҳаракат қилишлари керак?

– Шартноманинг аҳдлашувчи тараф резиденти ҳисобланган давлат ҳудудида юзага келадиган солиқларни у мустақил равишда тўлашини белгилайдиган банди стандарт банд ҳисобланади ва одатда мамлакат резиденти сифатида аҳдлашувчи тарафга тегишли бўлган барча солиқлар юридик шахс рўйхатдан ўтказилган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланишини назарда тутади. Шартнома шартларидан қатъи назар қонун ҳужжатларининг амал қилиши устун туради.

СКнинг 154–155-моддалари қоидаларидан келиб чиқиб, бундай шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш чоғида юзага келадиган солиқларни тўловчи тарафларнинг қуйидаги тартиби белгиланган. Норезидентнинг фаолияти доимий муассаса аломатларига (СКнинг 20-моддаси) жавоб бериши боис, ундан Ўзбекистон норезиденти доимий муассаса сифатида солиқ органида ҳисобга қўйилгунига қадар олган даромадларга даромад тўлаш манбаида СКнинг 155-моддаси билан белгиланган тартибда солиқ солинади.

Ўзбекистон норезидентига қуйидаги ҳужжатларнинг бири мавжуд бўлганда тўлов манбаида юридик шахсларнинг фойда солиғини ушламасдан даромад тўланади:

Ўзбекистон солиқ органи тасдиқлаган, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ солиқ тўлашдан озод этиш тўғрисидаги ариза;

Ўзбекистон солиқ органи тасдиқлаган, норезидент фаолиятни амалга ошириши ва солиқ органида Ўзбекистон норезидентининг доимий муассасаси сифатида ҳисобда туриши тўғрисида маълумотнома.

Шу тариқа, агар резидент доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилгунга қадар норезидентга даромад тўлаган бўлса, у норезидентдан солиқни тўлов манбаида, агар юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг (ариза ёки маълумотнома) бирортаси бўлмаса, ушлаши керак эди.

– Доимий муассасага СТИР берилди. У бундан кейин қандай ҳаракатларни амалга ошириши лозим?

– Доимий муассасага СТИР берилганидан кейин норезидент хорижий компания Ўзбекистон тижорат банкида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очиши керак. Валюта ҳисобварағини очиш чоғида миллий валютада очиқ асосий ҳисобварақнинг мавжуд бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади. Уни очиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим: ариза; солиқ органлари томонидан СТИР берилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси; имзолар намуналари ва муҳр изи бўлган нотариал тасдиқланган карточкаларнинг 2 нусхаси; норезидент юридик шахс номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолашга ваколат олган шахснинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат). Банк шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилганидан кейин нусхани қабул қилади.

– Доимий муассаса ўз фаолиятини тугатяпти. У Солиқ тўловчиларнинг ягона реестридан қандай чиқарилади?

– СКнинг 83-моддасига кўра норезидентларни Солиқ тўловчиларнинг ягона реестридан чиқариш унга киритишни белгилаган ҳолатлар бекор бўлган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган тақдирда амалга оширилади.

Агар доимий муассаса фаолияти тугатилган бўлса, уни реестрга киритишни белгилайдиган ҳолатлар бекор қилинган бўлади. Солиқларни тўлаш мажбуриятлари тўлиқ сўндирилганлиги далили эса тўлов билан солиқ тўловчининг ҳисоботларида қайд этилган солиқ мажбуриятларини ҳисоблаб ёзишни таққослаш йўли билан белгиланади.

– Солиқ инспекцияси норезидент компаниянинг доимий муассасасини текшириш чоғида ҳужжатлар кўчирма нусҳаларини қабул қилмасликка ҳақлими?

– Доимий муассаса ҳисобга оладиган операциялар у Ўзбекистон ҳудудида ҳам, хорижда ҳам жавобгар бўладиган барча даромадлар ва улар бўйича чегирмаларни ўз ичига олиши керак. Уларнинг ҳаммаси ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак, бу СКнинг 154-моддаси билан белгиланган. Шу сабабли доимий муассаса у орқали ҳаракат қиладиган норезидент компаниянинг даромад ва харажатларини тасдиқлайдиган бирламчи ҳужжатларга эга бўлиши шарт. Амалиётда норезидентнинг бирламчи ҳужжатларини тақдим этиш имконияти бўлмаганда уларнинг норезидент компания ваколатли шахсининг муҳри ва имзоси билан тасдиқланган нусхалари тақдим этилади. Бундан ташқари, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 474-I-сон) 5-моддасининг 14-бандига биноан солиқ органлари ўз ваколатлари доирасида СКда белгиланган ҳолларда, агар ҳужжатлар чет тилида тузилган бўлса, уларнинг нотариал тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимасини талаб қилишлари назарда тутилган.

Семинарда янграган
жавобларни мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди.

Прочитано: 5677 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2014-08-22 15:46:17, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика