Бизнинг корхонамиз (ягона солиқ тўлови тўловчиси) умумқурилиш ишлари билан шуғулланади. Бугунги кунга келиб, умумқурилиш корхонамиз бош пудратчи билан тузилган шартномага асосан ишлар бажармоқдамиз. Ишларимизни бажариш учун қурилиш материаллари бош пудратчи томонидан берилган. Лекин бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатномада бош пудратчининг материалларидан фойдаланиб, 90 млн сўмлик ишлар бажардик. Бош пудратчи томонидан бизга берилган 10 млн сўмлик қурилиш материаллари қийматини бош пудратчига қайтармасдан, 10 млн сўмлик қурилиш материаллари қиймати билан қўшиб 100 млн сўмлик бажарилган иш деб кўрсатдик. Мазкур 100 млн сўм бизнинг корхонамизга ялпи даромад ҳисобланадими? Бош пудратчи томонидан сотиб олинган қурилиш материалларининг қиймати ёрдамчи пудратчига ҳисобдан чиқарилиши (реализация қилиниши) мумкинми? Агар мумкин бўлса, биз бош пудратчидан олинган 10 млн сўмлик қурилиш материаллари учун пул ўтказиб беришимиз керакми? Бош пудратчи қурилиш материалларини сотиш лицензиясига эга эмаслигини ҳисобга олиб, олинган материалларни бухгалтерия ёзувларида қандай акс эттириш кераклиги ва қандай солиқ тўловлари вужудга келиши тўғрисида тушунтириш беришингизни илтимос қиламиз.
Қурилиш корхонаси бухгалтери.
– Солиқ кодексининг 355-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда ўз кучлари билан бажарилган ишлари тушунилади.
Агар буюртмачи билан пудратчи ўртасида тузилган шартномага кўра қурилиш материаллари билан таъминлаш мажбурияти буюртмачига юкланган ва берилган материалларга доир мулк ҳуқуқи унда сақланган бўлса, тегишинча, бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмига, яъни, ишларни бажаришдан олинган тушумга солиқ ҳисоблаш мақсадида буюртмачи томонидан берилган материаллар киритилмайди.
Сизнинг саволингиздан кўриш мумкинки, буюртмачи билан пудратчи ташкилот ўртасида қурилиш-монтаж ишларини бажаришга доир шартнома тузилган. Унда қурилиш материаллари билан таъминлаш мажбурияти буюртмачининг зиммасига юкланиши белгиланган.
Буюртмачи томонидан юкхат (қабул қилиш-топшириш далолатномаси) бўйича пудратчи ташкилотга 10 000 минг сўмлик материаллар берилган. Ҳисобот даврида 90 000 минг сўмлик ишлар бажарилган.
Ташкилотингизнинг бажарган қурилиш-монтаж ишларидан олинган тушумга буюртмачи томонидан берилган материаллар киритилмайди. Тегишинча, ЯСТни ҳисоблашда фақатгина 90 000 минг сўмлик ишлар, хизматларни реализация қилишдан тушган тушум деб қаралади.
Сизнинг ҳолатингизда буюртмачи томонидан берилган материалларни ўзингиз томонингиздан бажарилган ишлар қийматига киритишингиз нотўғри. Бу ҳолда буюртмачининг материаллари реализация бўлиб ҳисобланмайди. Агар шу тарздаги бажарилган ишлар далолатномангизга асосан барча ҳисоб-китоблар амалга ошириб бўлинган бўлса, у ҳолда сиз хатоларни тузатган ҳолда бажарилган ишлар далолатномасини қайта топшириб, ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда текширув пайтида ушбу операция учун маъмурий ва молиявий жарималар қўлланилиши мумкин.
Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.