Компаниямиз нотижорат ташкилотларига бухгалтерия хизматларини кўрсатади. 2012 йилда бир ННТ ўз автомобилини сотди. Шу муносабат билан ДСИга мақсадли жамғармаларга ажратмалар, фойда, инфратузилма, мол-мулк солиқлари, ҚҚС бўйича ҳисоботлар тақдим этилди. 2013 йилда ННТ тадбиркорлик фаолиятини юритмади.
Ушбу ҳолда ноль даражали оборотлар билан ҳисоботларни тақдим этиш керакми? Агар керак бўлмаса, гарчи ноль билан бўлса-да, ДСИ барибир ҳисоботларни топшириш кераклигини рўкач қилиб, ҳисоб-китоб рақамини хатлаш ҳуқуқига эгами?
– Солиқ кодексига (СК) кўра ўзининг устав фаолияти доирасида нотижорат ташкилотлари:
фойда солиғи (СКнинг 126-моддаси);
қўшилган қиймат солиғи (СКнинг 197-моддаси);
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (СКнинг 257-моддаси);
мол-мулкка солинадиган солиқ (СКнинг 265-моддаси);
ер солиғи (СКнинг 279-моддаси);
ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг (СКнинг 295-моддаси);
мажбурий ажратмаларнинг:
● бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (СКнинг 312-моддаси);
● Республика йўл жамғармасига (СКнинг 316-моддаси);
● бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига (СКнинг 3251-моддаси) тўловчилар бўлмайди.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ННТ бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга юқорида санаб ўтилган солиқлар ва тўловларнинг тўловчиси ҳисобланади ҳамда уларни олинган даромадлардан тўлаши керак.
Фақат солиқ тўловчилар молиявий ва солиқ ҳисоботини тақдим этишлари шарт (СКнинг 34 ва 45-моддалари). Агар ННТ 2013 йилда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаган бўлса, у юқорида кўрсатилган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўловчиси бўлмайди. Бинобарин, улар бўйича ҳисоботни ҳам солиқ инспекциясига тақдим этиш керак эмас.
Бироқ жисмоний шахсларга даромад тўлайдиган иш берувчи сифатида ННТ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, суғурта бадалларини ушлаши, ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб ёзиши (унинг ҳисоб-китоби ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасдан тузилади) ва уларни белгиланган тартибда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга ўтказиши шарт. Бундан келиб чиқадики, ННТ тадбиркорлик фаолиятидан даромади бўлмаганда ҳам йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботини тақдим этиш муддатида солиқ органларига:
Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-иловага биноан (СКнинг 187-моддаси 2-банди);
Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларининг ҳисоб-китобини кўрсатилган 2439-сон қарорга 10-иловага биноан шаклда (СКнинг 310-моддаси учинчи қисми) тақдим этиши керак.
Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомга (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра ННТ шунингдек солиқ органларига молиявий ҳисоботни қуйидаги муддатларда тақдим этиши керак:
чораклик ҳисоботни – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунигача;
йиллик ҳисоботни – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралигача.
2014 йил апрелидан бошлаб солиқ органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслиги боис уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширишлари мумкин (Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармонининг 8-банди). Бунгача солиқ органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни солиқ ва молиявий ҳисоботни тақдим этмасалар, ўзлари чиқарган қарорлар асосида ҳам тўхтатиб туришлари мумкин эди (29.08.1997 йилдаги «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474-I-сон Қонун 5-моддасининг 8-банди).
Наталья ЗУЕВА,
экспертимиз.