Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 23 / Қарор ва ижро

Маркировка ички бозор ҳимоясида

Ҳар бир давлат ўз ички бозорини ҳимоя қилиши табиий. Чунки четдан кириб келаётган товарларнинг барчасини ҳам сифатли ёки истеъмолга яроқли, деб бўлмайди.

 

Хориждан келтирилаётган маҳсулот­ларнинг сифатига жиддий эътибор бериш, шу йўл билан аҳоли саломатлиги ва миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Шу мақсадда мамлакатимизда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 29 январда қабул қилинган «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги Қарори бу йўналишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Божхона хизмати масканларида товарларни махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилиш амалиёти жорий этилгани шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишларича, эндиликда мамлакатимиз ҳудудида махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши шарт бўлган истеъмол товарларини маркаланмаган шаклда сотиш ва сақлаш тақиқланади. Бу каби ҳолатлар учраган тақдирда уларга савдо қоидаларини бузиш, деб қаралади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 февралдаги «Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Чунки шу асосда ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш қоидалари тасдиқланди.

Қарорга кўра, истеъмол упаковкасига ёки идишига эга бўлган дори-дар­монларни импорт қилиш давлат тилида мажбурий маркировка қилинган ҳолда амалга оширилади. Бу аҳолига дори воситасини қандай қабул қилиш ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишида қулай имконият яратади. Боиси, шу пайтгача хориждан келтирилган кўпчилик дорилар идишидаги маълумотлар фақат хорижий тилларда ёзилган бўлиб, бу беморларга улардан фойдаланишда ноқулайлик туғдирарди.

Импорт қилинадиган дори-дармонларни маркировка қилиш истеъмол упаковкасига ёки идишига истеъмолчи учун давлат тилидаги ахборотни жойлаштириш йўли билан амалга оширилади. Бунда упаковкада қўшимча маркировка талаб қилинмайди.

Давлат тилидаги маркировкаси ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўйилмаган импорт қилинаётган дори-дармонлар улар мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилгандан кейин, божхона омборида сақлаш вақтида маркировка қилишга йўл қўйилади.

Давлат тилидаги маркировка истеъмолчи учун тўлиқ ва ишончли бўлиши керак. Товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари ва тавсифи, шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасидаги бошқа маълумотлар давлат тилида кўрсатилиши зарур.

Давлат тилидаги маркировкага ишлаб чиқарувчи корхонанинг бошқа тиллардаги маркировкасида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумотлар киритилиши мумкин эмас. Маркировка қилиш жараёнида давлат тилида баён қилинган маълумотларни бошқа тиллардагисига солиштириш ва таҳлил қилиш имконини бермайдиган ҳолатга йўл қўйилиши ман этилади.

Давлат тилида маркировка қилиш амалиётининг тўлиқ йўлга қўйилиши импортёр корхона ва ташкилотлар учун товарни мамлакатимиз ҳудудига олиб киришда катта қулайлик яратади.

Товарни эркин муомала (импорт) учун чиқариш божхона режимида расмийлаштириш уни товардаги маркировка билан танлаб солиштиргандан кейин божхона органлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган товарлар давлат тилида маркировка қилинмаган шаклда эркин муомала (импорт) учун чиқариш божхона режимида божхонада расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2230 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика