Мана ёз ҳам келди. Мактаб ўқувчиларининг ўқув таътиллари, ходимларнинг таътиллари бир-бирига уланади. Дам олиш кайфияти кун сайин кучайиб боради. Туристик сайтларга ҳам «тасодифан» кира бошлайсиз. Дўсту қариндошларингиз меҳмонга чақиришади, сиз ҳам уларни таклиф қиласиз. Ва, ниҳоят, «Ёзда қаерга борамиз?» мавзусида оилавий суҳбат ўтказиладиган кун етиб келади.
Бориладиган манзилни танлаб, эсдалик буюмлари ва совғаларни харид қилиб, хорижда нималар сотиб олишни режалаштираётганда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини унутманг, зеро ҳар қандай мамлакатнинг чегарасини кесиб ўтаётганда улар албатта тақдим этилади.
Таҳририят томонидан саёҳатчи учун тайёрланган «Ёз чорламоқда» қўлланмаси сизга божхона назоратидан ўтишда ёрдам беради.
Жисмоний шахслар нотижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган соддалаштирилган, имтиёзли тартибда олиб ўтишлари мумкин.
Божхона кодекси, 14-модда.
Чегара орқали жисмоний шахслар олиб ўтаётган товарларнинг барчаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтиши керак. Товарларни шахсий, оилавий, уй-рўзғор ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун олиб кирадиган ёки олиб чиқиб кетаётган шахслар учун божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиби белгиланган1.
Ушбу тартиб жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун олиб ўтадиган товарларга истисносиз татбиқ этилади ва ҳеч қачон, ҳатто киши шахсан амалга оширган тақдирда ҳам, бирор-бир тадбиркорлик фаолияти учун юкларни ташишда қўлланмайди.
Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтилиши тартибида божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этишни ҳамда уларга нисбатан товарларнинг мувофиқлигини мажбурий тасдиқлашни қўлламаслик назарда тутилади. Бироқ бу киши шахсан ўзи учун кам миқдорда ашёлар олиб ўтиши ва улар учун ҳеч нима тўламаслиги мумкин дегани эмас. Қонун ҳужжатлари билан бундай товарларни олиб ўтиш учун чекловлар белгиланган, уларни ёдда тутиш лозим.
ЭКВИВАЛЕНТ МЕЪЁР
Ҳозирги вақтда жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун кузатиб бориладиган багажда божхона тўловларини тўламасдан қуйидагиларни олиб киришлари мумкин:
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларига2 мувофиқ чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни;
Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (1.06.2009 йилдаги ПҚ-1118-сон) мувофиқ умумий қиймати 10 АҚШ долларидан ошмайдиган, чегарадош давлатлар ҳудудидан бож олинмасдан меъёрлар доирасида олиб кириладиган истеъмол товарларини.
Бундан ташқари, олиб кириладиган ашёларнинг сони бўйича ҳам чекловлар мавжуд. Улар Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келадиган, акциз солиғи солинмайдиган товарларнинг энг юқори меъёрлари3 (бундан кейин – 412-сон Меъёрлар) билан белгиланган. Шунингдек хориж сафари учун эсдалик буюмлари ва совғалар сотиб олишдан аввал қандай товарларни олиб чиқиш мумкинлигини билиш учун фақат эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилиш учун рухсат берилган товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишнинг энг юқори меъёрлари4 билан танишиб чиқишни тавсия этамиз. Мисол учун, жисмоний шахс фақат 10 метр машинада ва қўлда тўқилган трикотаж мато, қўлда тўқилган мебель-безак суратли газламаси, тукли ва пахмоқ матони олиб чиқиши мумкин. Ушбу меъёрдан ошиб кетган тақдирда товар фақат ЭАВ тўлаб олиб чиқилиши мумкин.
Жисмоний шахсларга чегарадош бўлмаган мамлакатлардан товарларни акциз солиғини тўламасдан 412-сон Меъёрларга иловада кўрсатилган миқдорда олиб киришга рухсат берилган.
412-сон Меъёрларда белгиланган миқдордан ортиқча товарлар амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган ставкаларда акциз солиғини тўлаган ҳолда олиб кирилади.
ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН АКЦИЗ СОЛИғИ ТЎЛАНМАЙДИГАН ТОВАРЛАРНИ ОЛИБ КИРИШ МЕЪЁРЛАРИ
Товарнинг номи
|
Акциз солиғи тўланмайдиган товарларни олиб кириш меъёрлари
|
Қовурилган ёки қовурилмаган, кофеинли ёки кофеинсиз кофе
|
2 кг
|
Осётр увилдириғи
|
0,5 кг
|
Увилдириқ ўрнини босувчилар
|
1 кг
|
Қандолат маҳсулотлари
|
5 кг
|
2 кг дан ортиқ плитка ва брикетлардаги шоколад
|
5 кг
|
Дон, бошоқли ғалла ўсимликларидан тайёрланган маҳсулотлар, крахмал ва ун, хамирдан тайёрланган қандолат маҳсулотлари
|
10 кг
|
Сабзавот, мева, ёнғоқ ёки бошқа ўсимликларнинг қайта ишланган маҳсулотлари
|
5 кг
|
Аралаш озиқ-овқат маҳсулотлари
|
2 кг
|
Пиво
|
2 л
|
Алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар (цитрус меваларидан тайёрланганлари бундан мустасно)
|
2 л
|
Барча турдаги алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари)
|
2 л
|
Этил спирти*
|
–
|
Барча турдаги тамаки маҳсулотлари
|
10 қути миқдорида сигареталар, сигаралар, папирослар
|
Бензин
|
автотранспортни ишлаб чиқарган завод ўрнатган бензобак ичидагидан ортиқча 40 л
|
Парфюмерия
|
ҳар бир номдагидан 2 бирликда
|
Автокосметика
|
ҳар бир номдагидан 2 бирликда
|
Ювувчи, тозаловчи воситалар
|
5 кг
|
Табиий ва сунъий теридан тайёрланган буюмлар, мактаб портфеллари ва ранецлари бундан мустасно
|
ҳар бир номдагидан 1 бирликда,
|
Табиий теридан тайёрланган кийимлар ва кийим анжомлари
|
ҳар бир номдагидан 1 бирликда,
|
Табиий мўйнадан тайёрланган устки кийим ва бош кийим
|
ҳар бир номдагидан 1 бирликда,
|
Гилам ва гилам буюмлари
|
15 кв.м
|
Машинада ва қўлда тўқилган трикотаж буюмлар
|
ҳар бир номдагидан 1 бирликда
|
Ўрин-кўрпа жилди
|
5 комплект
|
Керамик буюмлар
|
1 комплект, бироқ 24 бирликдан кўп эмас
|
Биллур идиш-товоқлар
|
1 комплект, бироқ 12 бирликдан кўп эмас
|
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари
|
умумий оғирлиги 30 граммдан кўп бўлмаган 5 та буюм
|
Бижутерия
|
0,5 кг дан кўп эмас
|
Ошхона анжомлари, пичоқлар, қошиқлар, санчқилар ва асл бўлмаган металлардан ясалган, шу жумладан қимматбаҳо металлар билан қопланган бошқа анжомлар
|
1 комплект, бироқ 24 бирликдан кўп эмас
|
Видео– ва аудиоаппаратура
|
ҳар бир номдагидан 1 бирликда,
|
Енгил автомобиллар (шу жумладан ишлатилганлари)*
|
–
|
Барча турдаги соатлар
|
2 бирлик
|
Мебель (тиббий мебель бундан мустасно)*
|
–
|
Қандиллар, ёритиш жиҳози
|
2 бирлик
|
Изоҳ. Товарнинг тури ёки номи деганда жисмоний шахс олиб кирадиган товар ёки предметнинг кўрсатилган миқдори тушунилади.
*Акциз солиғи тўламасдан олиб киришнинг чегараланган меъёрлари автомобиль, мебель ва этил спиртига белгиланмайди.
ЎЗИ ВА ЯҚИНЛАРИГА ТОВАР ОЛИБ КЕЛИНИШИДАН МАҚСАД
Товарлар божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартибини қўллаш имконияти товарларнинг мақсадига боғлиқ, у товарларнинг хусусияти ва миқдори, жисмоний шахс сафари ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда товарларни олиб ўтиш қайталанишидан келиб чиқиб белгиланади. Ушбу таомил Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида низом5 билан тартибга солинган.
Божхона органининг мансабдор шахси томонидан товарнинг олиб келиниши мақсадини аниқлашда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:
● товарларнинг истеъмол хоссалари. Уларни қўллаш ва фойдаланишнинг анъанавий амалиёти ҳисобга олинадиган товарларнинг хусусиятлари. Одатда рўзғорда ишлатилмайдиган товарларни олиб кириш, ушбу товарлар тижорат мақсадларида олиб кирилаяпти деб тахмин қилишга асос бўлади, агар товарларни олиб ўтувчи шахс аксини исбот қилмаса;
● товарларнинг сони. Товарларни олиб ўтувчи шахснинг ва унинг оила аъзоларининг эҳтиёжидан ошиб кетувчи миқдордаги бир хил товарлар (бир хил номли, ҳажмли, бичимли, рангли ва бошқалар), одатда тижорат мақсадларида фойдаланиш учун олиб кирилади;
● товарларни олиб ўтиш қайталаниши. Бир хил товарларнинг бир шахс томонидан бир неча марта олиб кирилиши у унчалик катта ҳажмда бўлмаса ҳам, товарлар тижорат мақсадида ишлатиш учун олиб кирилмоқда деб кўрилиши мумкин, агар шахс аксини исбот қилмаса;
● сафар билан боғлиқ ҳолатлар. Сафарнинг мақсади, унинг давомийлиги, сафарда бўлган давлат номи, қўлга киритилган валюта суммаси ва бошқалар ҳисобга олинади;
● товарлар божхона чегарасидан жисмоний шахснинг ёки унинг оила аъзоларининг шахсий эҳтиёжлари учун (яъни, шахсий истеъмол ва фойдаланиш) олиб ўтилмаётганлигини тахмин қилиш учун асосларнинг мавжудлиги.
Товарлар, чегара орқали олиб ўтиладиган барча ашёларни божхона шундай деб ҳисоблайди, агар уларни олиб ўтувчи шахс ёки унинг оила аъзолари томонидан фақат рўзғорда ишлатиш учун олиб кирилса ҳамда улардан фойдаланиш даромад олиш билан боғлиқ бўлмаса, ишлаб чиқаришга ёки бошқа тижорат фаолиятига мўлжалланган деб қаралмайди. Товарларнинг мақсади хусусида шубҳа пайдо бўлганда уларни олиб кирувчи (олиб чиқувчи) шахс товарлар шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётганлигини тасдиқлаши керак.
ДЕКЛАРАЦИЯНГИЗ ҚАНИ?
Жисмоний шахслар Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтадиган ҳар қандай товарлар декларацияланиши керак. Божхона кодексида божхона назоратининг оғзаки сўраб чиқиш сингари шакли назарда тутилган, у содда қилиб айтганда оғзаки декларациялаш деб номланади. Божхона постида сиздан албатта олиб кириш (олиб чиқиш) тақиқланган ашёларингиз борми деб сўрашади. Божхоначиларга мажбурий декларацияланадиган товарларингиз йўқлигини айтишингиз кифоя. Ёки, агар улар бўлса, айтиш лозим. Кам деганда сизга уларни олиб ўтишга рухсат беришмайди, сиз чиқарилмайдиган буюмни кузатувчиларга беришингиз ёки сақлаш камерасида қолдиришингиз мумкин.
Божхона ходимлари багажни кўздан кечириш ва ҳатто шахсан кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эгалар, хавфсизлик талаблари шуни тақозо этади. Агар бунда декларацияланадиган, бироқ декларацияланмаган буюмни топсалар, контрабанда буюмини сиздан олиб қўйишларидан ташқари жарима тўлашингизга ҳам тўғри келади.
Агар товарни вояга етмаган шахс (16 ёшгача бўлган) олиб ўтса, товарни уни кузатиб бораётган ота-онадан бири, фарзандликка олувчи, ҳомий ёки васий, болалар уюшган тарзда олиб чиқилганда (олиб кирилганда) эса – гуруҳ раҳбари декларациялаши мумкин.
Кузатиб борилувчи багажда олиб ўтиладиган товарлар ўтказиш пунктида декларацияланади. Ёзма тарзда декларациялаш чоғида Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага6 мувофиқ тўлдирилган божхона декларацияси берилади.
Т-6 шакли билан бир вақтда баён этилган маълумотларни тасдиқлаш учун вазиятга боғлиқ ҳолда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (паспорт, хорижга чиқиш паспорти, вояга етмаганлар учун туғилганлиги ҳақида гувоҳнома ва ҳ.к.);
вояга етмаган шахсни фарзандликка олиш, ҳомийлик қилиш, васийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (агар товарни ушбу шахс вояга етмаган шахс номидан декларацияласа);
декларацияланадиган товарларнинг харид қилиниши ва қийматини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (тўловномалар, чеклар ва ҳоказо);
транспорт (ташиш) ҳужжатлари (юкхатлар, багаж квитанциялари ва ҳоказо);
имтиёз ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (шу жумладан вақтинча олиб кириш учун, доимий яшаш жойига кўчаётганлар учун ва ҳоказо);
бошқа ҳужжатлар, шу жумладан товарларнинг шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланганлигини тасдиқловчи (бунга зарурат бўлганда) ҳужжатлар.
Маълумотнома. Ўзбекистонга келувчилар ёки ундан чиқиб кетувчилар хоҳишларига кўра олдинроқ ДБҚ сайтидан (http://customs.uz/ru/static_pages/declaration/307/) чиқариб олиб, Т-6 шаклидаги божхона декларацияси бланкаларини қоғозга чиқаришлари мумкин. Уларни олдиндан қўлда ёки компьютерда тўлдириш мумкин. Бланкалар 2 нусхада А5 (21 х 15 см) бичимидаги қоғозда икки тарафлама чиқарилади.
Декларацияда барча бандлар тўлдирилиши ва барча саволларга жавоб берилиши керак.
Т-6 шаклидаги декларациянинг 1-бандида шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатига мувофиқ маълумотлар: доимий истиқомат қилиш мамлакати, фуқаролиги, жўнаётган мамлакат ва бораётган мамлакат, паспортнинг серияси ва рақами кўрсатилади. 2-бандда – бориш тури (кириш, чиқиш, транзит). 3-бандда – сафардан мақсад (хизмат, хусусий, саёҳат, бошқалар). 4-бандда – юкнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар. 5-бандда – товарларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ва Ўзбекистон миллий валютаси ёки бошқа нақд валюта, валюта бойликларининг суммаси, ҳар қандай тур ва ҳолатда қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг миқдори. 6-бандда – товарлар тўғрисидаги маълумотлар.
Диққат! Т-6 шаклидаги декларациянинг 5 ва 6-бандлари «а» кичик бандларида товарлар ва предметларни батафсил тавсифлаб, уларнинг фарқловчи белги ва хусусиятларини иложи борича тўлиқ кўрсатишни тавсия қиламиз. Ушбу маълумотлар кейинчалик хорижда харид қилинмаганлигини тасдиқлаши мумкин.
Т-6 шаклидаги декларацияда махсус товарларнинг номлари қайд этилган махсус устунлар бўлиб, уларнинг бор-йўқлиги тўғрисида керакли «ҳа» ёки «йўқ» жавоби берилган квадратчалар устига белги чизиш йўли билан жавоб бериш зарур. Булар – қурол-яроғ, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив материаллар; наркотиклар, психотроп, заҳарли, кучли таъсир қиладиган моддалар ва дорилар; ҳайвонот ва ўсимликлар олами объектлари, уларни ташкил этувчи жисмлар ва улардан олинган маҳсулот; босма нашрлар ва маълумотларнинг бошқа ташувчилари; солиқ солинадиган товарлар; вақтинча олиб кириладиган (олиб чиқиладиган) товарлар; транспорт воситалари.
Уларнинг айримларига рухсат берувчи ҳужжатлар талаб қилинади, албатта. Бундай ҳужжатларни божхона органининг мансабдор шахсига тақдим этиш лозим.
Диққат! Икки нусхада декларация топшириб, божхоначи тегишли тарзда расмийлаштирилган бир нусхасини қайтаришини талаб қилинг. Ушбу ҳужжатни қайтишингизга қадар сақланг – бирор-бир маълумотларни тасдиқлаш учун керак бўлиб қолиши мумкин.
ВАЛЮТА БОРМИ?
Суммаси энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ошса, барча олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган хорижий валюта, шунингдек миллий сўм, башарти улар Т-6 шаклидаги божхона декларациясида мажбурий ёзма шаклда декларацияланган бўлса, Ўзбекистон божхона чегараси орқали ўтказилади.
Нақд миллий валюта – сўмни мамлакатга олиб кириш ва ундан ташқарига олиб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисида низом7 билан тартибга солинган. Унга кўра жисмоний шахслар томонидан нақд сўмни олиб кириш ва олиб чиқишга ЎзРда белгиланган ЭКИҲнинг 50 бараваридан ошмайдиган сумма доирасида рухсат берилади. Бундан кўп суммани фақат Марказий банк рухсати билан олиб чиқиш мумкин.
Нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш ва ундан олиб чиқиш тартиби Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома8 билан белгиланган.
Резидентлар 2 000 АҚШ долларига эквивалент суммани рухсатнома олмасдан олиб чиқишга ҳақлилар. Ундан ортиқ суммани Марказий банк ёки ваколатли банкларнинг 09006-сон шаклдаги рухсатномаси билан олиб чиқишга йўл қўйилади.
МИСОЛ. Сиз 4 900 АҚШ долларини олиб чиқишингиз керак. $2 000 ни ҳужжатларсиз олиб чиқишингиз мумкин, $2 900 га эса Марказий банк ёки ваколатли банкнинг рухсатномаси бўлиши керак.
Сизда $7 500 га тенг сумма бор. $5 500 ни олиб чиқишга Марказий банкнинг рухсатномасига эга бўлишингиз лозим.
Норезидентларга республикага олиб келинган ва божхона декларацияси билан тасдиқланган сумма доирасида хорижий валютани Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат берилади. Агар Ўзбекистонга киришда декларацияда белгиланмаган сумма тўғрисида сўз борса, уни олиб чиқишга Марказий банк ёки хорижий валютадаги операцияларни ўтказишга Марказий банкнинг лицензиясига эга бўлган ваколатли банкларнинг рухсатномаси билан йўл қўйилади.
Диққат! Бошқа шахсларга нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсатнома беришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистонга нақд хорижий валютани олиб кириш ҳеч ким учун чекланмаган. 5 000 АҚШ долларигача миқдордаги нақд хорижий валюта (ёки унинг бошқа хорижий валютадаги эквиваленти) божхона декларациясини мажбурий тўлдирган ҳолда ўтказилади. 5 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошадиган миқдордаги нақд хорижий валюта республикамизга божхона органлари томонидан ТС-28 шаклидаги гувоҳномани бериш билан киритилади.
ДОРИ-ДАРМОНЛАР
Мамлакатимизга шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган дориларнинг олиб кирилиши ДБҚнинг 9.10.1998 йилдаги 115-сон Кўрсатмаси билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжатга 3-иловада Айрим жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга бир марта олиб кириш учун рухсат берилган дори воситалари ва тиббий буюмлар меъёри қўллаш мақсадида келтирилган.
Маълумотнома. Жисмоний шахслар томонидан ўзлари қўллашлари учун Ўзбекистонга бир марта олиб киришга рухсат берилган дорилар ва тиббий буюмлар меъёри унга доир йўриқномада баён этилган аниқ восита билан даволаш курси билан белгиланади. Буни аниқлаш қийин ёки мумкин бўлмаган ҳолларда юқорида келтирилган, касалликнинг оғирлиги ва узоқ давом этишини ҳисобга олган ҳолда ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган асосий дори воситаларининг рўйхатига кўра белгиланган препаратлар сонига асосланиш керак.
Унга кўра багажингизда қуйидагиларни олиб юриш мумкин: 5 ўрамдан маҳаллий анестетиклар; наркотик бўлмаган анальгетиклар (оғриқни қолдирувчи, ҳароратни туширувчи ва яллиғланишга қарши воситалар); сульфаниламидлар; замбуруғга қарши воситалар; дезинфекцияловчи ва антисептик воситалар; диуретиклар; 5 та термометр; 6 ўрамдан вирусга қарши воситалар; 8 ўрамдан аллергияга қарши воситалар; 10 ўрамдан юрак-қон томир, ошқозон-ичак, тинчлантирувчи препаратлар ва нафас олиш органларига таъсир қилувчи воситалар; 12 ўрамдан антибиотиклар. Момиқ пахта, дока, бинт ва шу каби буюмларни кўпи билан 20 ўрамдан; боғлаш учун ёпишқоқ ва елимли қатламга (ёпишқоқ юзага) эга бўлган бошқа материаллар, дока ва ундан тайёрланган материалларни 10 ўрамгача; шприцлар, игналар, катетер, канюла ва шу каби асбобларни кўпи билан 50 дона олиб кириш мумкин.
Бир марта олиб кириш учун рухсат берилган препаратларнинг меъёрлари бир ўрамда кўпи билан 10 ампула ёки 30 таблетка (капсула, бошқа дозаланган дори шакллари) ҳисобидан тузилган. Бир ўрамда дори шакллари кўп миқдорда бўлган ҳолларда тақдим этилган рўйхатга мувофиқ ампула ёки таблеткаларнинг умумий сонига асосланиш керак.
Диққат! Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисида»ги Қарори (31.07.2000 йилдаги 293-сон) билан Ўзбекистон Республикасида назорат қилинадиган наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўйхатлари тасдиқланган. Жисмоний шахс шахсан қўллаши учун тиббий кўрсатмаларга кўра препаратдан фойдаланишни тасдиқлайдиган ҳужжат мавжуд бўлганда, таркибида наркотик ёки психотроп модда бўлган дорини чекланган миқдорларда олиб кириши мумкин. Улар жумласига кўп сонли юрак дорилари ва оғриқ қолдирувчи воситалар киради. Шу сабабли ёнингизда ушбу препарат сизга тайинланганлигини тасдиқлайдиган тиббий ҳужжат бўлишини тавсия қиламиз. Уни Т-6 шаклидаги божхона декларациясининг 5-банди «б» кичик бандида албатта кўрсатиш керак.
ТОВАРНИ БОЖХОНА БАҲОЛАЙДИ
Агар ўз эҳтиёжларингиз учун олиб кириладиган товарларнинг қиймати чегараланган меъёрлардан ошиб кетса, белгиланган тартибда меъёрдан ортиқча ҳажм учун тегишли божхона тўловларини тўлашингизга тўғри келади. Уларни ҳисоб-китоб қилиш учун товарларнинг божхона қийматини белгилаш лозим. У нарх лимитларини назорат қилиш учун ҳам талаб қилинади, улар доирасида божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этиш назарда тутилган.
Уни белгилашнинг умумий тартиби «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 470-I-cон) билан белгиланган. Жисмоний шахслар томонидан шахсан фойдаланиш учун олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона қийматини белгилашнинг қуйидаги таомиллари қўлланади:
биринчидан, у Т-6 шаклидаги декларацияни тўлдириш чоғида товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан баён этилади;
иккинчидан, тегишли божхона тўловлари бож олинмасдан олиб кириш меъёрларининг ошган суммасидан тўланади;
учинчидан, баён этилган қийматни тасдиқлаш учун чеклар, тўловномалар ҳамда декларацияланаётган товарлар харид қилинганлиги ва уларнинг қийматини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин. Улар бўлмаганда божхона товарларни сотаётган хорижий ташкилотларнинг каталогларида кўрсатиладиган маълумотлар асосида ёки ўз ихтиёрида бўлган бошқа нарх ахбороти асосида божхона қийматини мустақил белгилаш ҳуқуқига эгадир. Бунда божхона қийматига товарларнинг сифати, уларнинг бозордаги нуфузи, келиб чиқиш мамлакати, тайёрланган вақти ва нархга таъсир кўрсатувчи бошқа омилларга боғлиқ ҳолда тузатишлар киритилиши мумкин.
Олиб кирилаётган товарларнинг божхона қиймати шу ёки шунга ўхшаш товар чакана сотиладиган нарх асосида белгиланади. Унга товарларни аэропорт, вокзал ёки товарлар келадиган бошқа жойгача етказиб бериш харажатлари киритилмайди.
Олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қиймати божхона органи декларацияни қабул қилган кундаги бозор баҳосидан келиб чиқиб белгиланади.
КЎРИКДАН ЎТАСИЗ
Божхона органларининг ходимлари Божхона кодекси (БК) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК), шунингдек «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1997 йилдаги 472-I-сон) мувофиқ божхона назоратини ўтказишда, одатда, қонунчиликка риоя этишни таъминлаш учун етарли бўлган ва халқаро божхона амалиёти меъёрларига мувофиқ келадиган шаклларни қўллайдилар. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтадиган ёки божхона назорати зонасида ёхуд халқаро аэропортларнинг транзит зонасида бўлган шахсларни кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтаётган шахсларни кўздан кечириш тартиби тўғрисида йўриқнома9 билан тартибга солинади.
Қонун ҳужжатларини бузиш объектлари ҳисобланувчи товарларни ўз ёнида яшираётгани ва кўрсатмаётгани хусусида гумон қилишга етарли асослар бўлган тақдирда Ўзбекистон божхона чегараси орқали ўтаётган ҳар қандай жисмоний шахс шахсан кўздан кечирилиши мумкин. Айни шу сабабли божхона назоратининг ушбу шакли хусусиятлари тўғрисида ҳар бир киши билиши лозим.
Шахсни кўздан кечириш учун қуйидагилар асос бўлади: фуқароларнинг хабарлари ёки аризалари; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва республиканинг бошқа давлат органларидан тушган материаллар; хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа органлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг маълумотлари; Ўзбекистон божхона органларидан келган ахборотларда мавжуд бўлган тегишли маълумотлар; жисмоний шахс божхона чегараси орқали олиб ўтилиши тақиқланган ашёларни яшираётганлиги ва божхона назоратига тақдим этмаётганлиги тўғрисида гумон қилинишига тўғридан-тўғри ёки билвосита ишора қилувчи ҳар қандай аломатларнинг бевосита божхона органи мансабдор шахслари томонидан аниқланиши.
Бундай божхона назоратини ўтказиш тўғрисидаги қарорни ёзма равишда божхона постининг бошлиғи ёки бошлиқ ўринбосари қабул қилади, уни тезлаштириш мақсадида шахсни кўрикдан ўтказиш шакли эса муайян шароитлар – бориш йўналишининг вақти, куни, яқинлиги ёхуд олислигига боғлиқ ҳолда танланади. Қарорда шахсни шахсан кўрикдан ўтказиш топширилган божхона органининг аниқ мансабдор шахси кўрсатилиши керак.
Кўрикдан ўтказилаётган шахс шахсан кўрикдан ўтказилаётганда адвокатнинг иштирок этишини талаб қилишга ҳақли. Бунда ҳимоячининг келишига қадар шахсан кўрикдан ўтказиш тўхтатилади.
Агар кўрикдан ўтказилаётган шахс божхона органи ходимларининг қонуний талабларини бажармаса ёки уларни бажаришга қаршилик кўрсатса, ушбу ҳаракатлар кўрикдан ўтказилаётган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш учун асос ҳисобланади (МЖТКнинг 287-моддаси 6-банди).
Шахсни кўрикдан ўтказиш божхона органининг ушбу мақсадлар учун мўлжалланган ва махсус жиҳозланган хонасида амалга оширилади, у санитария қоидаларига мувофиқ бўлиши керак. Кўрикдан ўтказиш божхона органининг бошлиғи ёки бошлиқ ўринбосари тайинлаган божхона органининг мансабдор шахси томонидан, холис гувоҳлар иштирокида, зарурат бўлганда эса – мутахассислар, шу жумладан тиббиёт ходими ва таржимонни таклиф этган ҳолда амалга оширилади.
Шахсни кўрикдан ўтказишда унда иштирок этмайдиган ёки унга дахлдор бўлмаган шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Шахсни кўрикдан ўтказувчи мансабдор шахс ва унда иштирок этувчи бошқа шахслар кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлишлари керак.
Кўрик боришида кўздан кечирилаётган шахсдаги мавжуд барча предметлар – кўрикдан ўтказилаётган шахс ечган устки кийим, пойабзал ва бош кийим, ичкийимлар кўздан кечирилади. Шунингдек мутахассис иштирокида тана, соч, қўллар, оёқ товони, бармоқлар оралиғи текширилади.
Шахсни кўрикдан ўтказиш шахсий қадр-қимматни камситиш, кўрикдан ўтказилаётган шахснинг соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказишни истисно этадиган одоб-ахлоқ доирасида, у яшириши мумкин бўлган товарларни аниқлаш учун зарур чегараларда амалга оширилиши керак.
Маълумотнома. Кўрикдан ўтказилаётган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
божхона органининг мансабдор шахсидан унга шахсан кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарорни тақдим этишини талаб қилиш;
ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишиш;
ўзининг эътироз ва шикоятларини ёзма ёки оғзаки тарзда баён этиш;
тушунтиришлар бериш ва илтимосномалар баён этиш;
шахсни кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги баённома билан танишиш ва унинг мазмуни бўйича мулоҳазалар айтиш;
таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш;
кўрикдан ўтказишнинг боришида ҳимоячининг иштирок этишини талаб қилиш ва унинг хизматларидан фойдаланиш;
кўрикдан ўтказиш боришида қилинган ҳаракатлар, шунингдек шахсан кўрикдан ўтказган шахс ва бошқа иштирокчилар устидан шикоят бериш.
Шахсни кўрикдан ўтказиш тугаганидан кейин божхона органининг мансабдор шахси белгиланган тартибда 2 нусхада уни ўтказиш баённомасини тузади. Уларнинг бири албатта кўрикдан ўтказилган шахсга берилади. Кўрикдан ўтказилган шахс баённома нусхасини олишдан бош тортган тақдирда у ҳам божхона органининг йиғма журналида сақланади.
Божхона қонунчилигининг бузилишлари аниқланганда, ҳуқуқбузар шахс Ўзбекистон қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Маълумотнома. БКнинг 130-моддасига кўра божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган фуқаролар маъмурий жавобгар бўладилар, уларнинг қилмишларида жиноят аломатлари бўлган тақдирда эса жиноий жавобгар бўладилар.
БКнинг 132-моддаси билан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этиш қуроли ёки бевосита ашёси ҳисобланган товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш сингари жазо турлари қўлланади.
Бунда, Жиноят кодексининг «Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланган 182-моддасига кўра, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, товар ёки бошқа қимматликларни кўп миқдорда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1Ахборот халқаро почта жўнатмаларида (ХПЖ) юбориладиган товарларга, шунингдек жисмоний шахслар томонидан
ЎзР божхона чегараси орқали товарлар сифатида олиб ўтиладиган транспорт воситаларига татбиқ этилмайди.
2МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
4МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 18.05.1999 йилда 731-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
5ДБҚ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.06.2002 йилда 1147-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
6ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
7МБ бошқаруви ва ДБҚнинг АВ томонидан 16.03.2004 йилда 1326-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
8МБ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 7.05.1999 йилда 716-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
9ДБҚнинг АВ томонидан 2.02.2004 йилда 1307-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА тайёрлади.