Norma.uz
Норма маслахатчи / 2014 йил / № 22 / Иш берувчига ёрдам

Сиз бир ёндан, биз бир ёндан

Яқинда иш изловчи синов суҳбатидан қандай ўтиши муаммолари ҳақида ёзган эдингиз («Норма маслаҳатчи»нинг 6.05.2014 йилдаги 18 (459)-сонидаги «Ишга жойлашиш: синов суҳбатининг сирлари» мақоласи). Бўлғуси ходимни танлашда кадрлар билан иш олиб борувчи масъул ходимлар ва бошлиқлар қай тахлит иш тутиши жоиз эканлиги ҳақида яна бир бор сўз юритиш, назаримизда, иш изловчиларга ҳам қизиқарли бўлса керак.

 

Таассуфки, кўпгина раҳбарлар синов суҳ­батини ўтказиш ва ўзларига керакли номзодни танлаш масъуллигини тўлалигича зиммага оладилар, бу тўғри эканлигига ишонадилар ҳам. Ҳолбуки бундай вазиятларда бошлиқлар номзоднинг профессионал фазилат ва хислатларига эмас, кўпинча унинг ташқи кўринишига, сўзамоллигига эътибор қиладилар. Шу сабабли ҳам ишга талабгор билан бўла­диган асосий суҳбатни кадрлар билан ишлаш хизматининг тажрибали ходимига ишонган маъқул. Зотан, у бевосита ходимлар билан иш олиб боради, ишхонадаги барча одамлар билан доимий мулоқотда бўлади.

 

РЕЗЮМЕНИ ЎРГАНИБ

Иш берувчи резюмега қараб талабгор уларга тўғри келиш-келмаслигини тахминан аниқлаб олиши мумкин. Бу ҳужжатда талабгорлар одатда қайси олий ўқув юртида таълим олганлигини, касбини, асосий ва қўшимча маълумотига оид ахборотларни кўрсатиб ўтадилар. Резюмедаги хатолик бу одамнинг эътиборсизлигидан далолат берувчи дастлабки белгидир. Фотосурат илова этилмаганлиги эса унинг ўзига ишончи йўқлигидан далолатдир.

Резюмеда яшаш жойига, ёшига, чет тилларни ва компьютерни билишига, қандай маошни кўзлаётганлигига эътибор қилмоқ керак. Иш жойини тез-тез ўзгартирганлигига ҳам.

 

СУҲБАТ ОЛДИДАН

Суҳбатлашишга ҳозирланаётган ходим, энг аввало, саволлар рўйхатини тайёрлайди. Акс ҳолда сергап талабгор суҳбатни шундай ўзанга буриб юбориши мумкинки, оқибатда суҳбат учун ажратилган вақт мобайнида у ҳақда тайинлироқ бир нарсани аниқлаш мумкин бўлмайди. Саволлар рўйхати узун бўлмаслиги даркор, негаки жавоблар, ўз навбатида, яна бир қанча кутилмаган саволларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Бўш лавозим ҳақидаги ахборотни яна бир карра аниқлаштириб олиш фойдадан ҳоли эмас. Бу айниқса корхонада шу пайтга қадар бўлмаган бўш лавозимга мутахассисни қабул қилишда алоҳида аҳамият касб этади.

Талабгорлик қила бериб «пишиб кетган» номзодлар ҳам борки, улардан айниқса эҳтиёт бўлиш лозим. Бунақалар суҳбатга пухта тайёргарлик кўради, гап-сўзлари жойида, одамни ром қиларли даражада бўлади. Бироқ бу гап-сўзлар ҳамиша ҳам керакли натижа билан ўз тасдиғини топмайди. Бундай кимсаларни қуйидаги жиҳатларга эътибор қилиш орқали осонгина аниқлаш мумкин: улар жуда кўп ва чиройли гапиради, гап орасида ўз малакасига урғу бериб, кўпгина хизматлар қилиб қўйганлигини қистириб ўтади. Суҳбатдан улар қойилмақом қилиб ўтиши мумкин, лекин ишга жилла рағбати бўлмайди. Буни ёзма ва оғзаки тавсияномаларни ўрганиш асносида аниқласа бўлади.

СУҲБАТНИ БОШЛАЙМИЗ

Суҳбат вақтида бошланмоғи керак. Кеч келган талабгор ҳам, ушланиб қолган мусоҳиб ходим ҳам бир-бирига салбий муносабат келтириб чиқаради.

Суҳбатлашув ҳамиша икки тарафлама асосда кечадиган жараён. Бунда дўстона муҳитни юзага келтириш суҳбатга чорлаган ходим вазифалари сирасига киради. Суҳбатдош 100 фоиз бўлмаса ҳам ҳарқалай анча очилади. Номзоднинг резюмеси олдингизда турсин. Зотан, бу нарса унинг ҳужжатлари билан танишиб чиққанингизни сездириб туради.

Талабгор билан ўтказиладиган суҳбат янги ходимни излаш жараёнидаги энг муҳим жиҳатдир. Муносиб тарзда муносабатда бўлмоқ керак унга. Суҳбат асносида қўнғироқларга ёки бошқа ишларни ҳал этишга чалғимаслик керак. У ёки бу номзод ҳақида тўғри таассуротга эга бўлиш пировард натижада умуман компания муваффақиятига таъсир этиши мумкин.

 

ҲАММА СЎРАЙДИГАН САВОЛЛАР

Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Кадрлар бўлими ходимининг, таржимаи ҳол шунчаки қайта айтиб берилганида, албатта пешонаси тиришади. Унга бўш лавозимни эгаллаш истагидаги суҳбатдошининг хоҳиш, қобилият ҳамда лаёқатини кўр­сатувчи жиҳатлар муҳимроқдир. Шу сабабли у суҳбатдошининг малакаси, тажрибаси, ишга масъулияти, манфаатдорлиги, омилкорлиги, пухталиги хусусидаги муҳим маълумотларни эшитишни истайди. Ишга тааллуқлилиги бўлмаган фактлар одамни чалғитади. Суҳбатнинг шу босқичида гап-сўз аниқ, қисқа ва лўнда, ўзини тутиш ишонч­ли бўлишига, албатта, эътибор қилинади.

Кўпчилик дастлабки таассурот бағоят тўғри бўлади деб ўйлайди. Ҳолбуки, бундай баҳо субъективдир. Одамнинг ташқи кўринишида гап кўп, чунки ҳаммада чеҳраси хушрўй одам – яхши одам деган бир андоза бор. Кўзойнакли талабгор энг сўнгги модада кийинган зўр мутахассисга нисбатан ақлли ва билимдон деган таассурот уйғотади, одамда.

Қандай қийинчиликлар бор деб ўй­лай­сиз ва уларни қай тартибда бартараф этиш керак? – Ҳаёт деганлари сермашаққат нарса, муаммолари ҳам кўп. Чор атрофда сизни кўролмайдиган одамлар оз эмас. Ҳаммасини одамнинг ўзи эмас, тақдир ҳал қилади. Кадрлар бўлими ходими рўпарасида сусткаш, ўзига ишончсиз, омадсиз бир одам ўтирибди, дейлик. Ҳаёт муаммосиз бўлмайди, аммо қийинчиликларни енгиш мумкин, кўп нарса одамнинг ўз қўлида эканлигидан келиб чиқилса, бу талабгор ҳаётда фаол позицияга ўтиб, масъулликни зиммага олишга тайёр эканлиги суҳбат пировардида аён бўлади-қўяди.

Сизни бу иш нимаси билан қизиқ­тириб қолди? Иш қизиқарли, истиқболли, фирма баобрў эканлиги билан мени қизиқтирди деган жавоб эски қолипдаги гаплардир.

Талабгор муддаосини аниқ баён этиши, малакаси ҳамда тажрибасини кўпроқ самара берадиган, муносиб қадрланадиган жойда синаб кўриш истагида эканлигини айтиши, иш кучли профессионаллар жам бўлганлиги билан жалб этганлигини ҳам эслатиб ўтиши лозим. Суҳбат асносида энг кенг тарқалган хатолик бу саволни тайёр жавоб берадиган тарзда қўйилишидир. Биргина мисол: «Жамоа билан яхши муроса қиласизми, тил топиша оласизми?» деган саволга, табиийки, талабгор ҳеч қачон «йўқ» деган жавоб бермайди.

Ана шу лавозимни эгаллашга ўзин­гизни муносиб ҳисоблаётганлигингиз боиси нима? Бошқалардан устунлик жи­ҳатларингиз нимада? Бу саволларга номзод ўзининг устунлик жиҳатларини камтарлик қилмасдан айтиб бермоғи лозим. Агар унда одамни ишонтира билиш маҳорати ҳам бўлса, уни жамоангиз ходими деб ҳисоблайверишингиз мумкин.

Шу аснода унинг сўзлашига, кишилик олмошини ишлатишига эътибор қилмоқ лозим. Кимдир мен фалон-фалон нарсаларни қилдим, дейди. Бошқаси, гарчи сўз унинг ўзи ҳақида бораётган бўлса-да, биз шундай қилдик, биз ҳал қилдик, биз фалон нарсаларни амалга оширдик деб жавоб беради. Унисини ҳам, бунисини ҳам яхши ёки ёмон деб бўлмайди. Аммо бўлимга раҳбарлик қилиш вазифалари сирасига кирадиган менежерликка мўлжалланаётган бўлса, унинг сўзларида «биз» кўпроқ ишлатилиши одамни сергаклантирмоғи лозим. Зотан, бу ҳол ўз хатти-ҳаракати учун яккабошчилик тартибида жавобгарликни зиммага ола билмасликдан далолат беради. Кўпчилик қаторида ишланадиган ва шахснинг алоҳида фикри талаб этилмайдиган ҳолларда эса, «мен» деган олмошнинг кўпроқ ишлатилиши ҳушёрликка ундайди.

Ўзингиздаги қайси жиҳатларни кучли деб биласиз? Одамлар билан тил топишиб кетиш, эътиборли бўлиш сингари бир андозадаги жавобларга алданиб қолманг. Унинг ана шу айтган фазилатлари айни нималарда намоён бўлишини ва у бу фазилатларга ниманинг шарофати билан эришганлигини аниқлаштириб олишдан эринманг.

Суҳбат асносида талабгор суҳбатдошга аллақайси танишини эслатиши мумкин. Оқибатда ўша танишининг фазилатларини ҳам суҳбатдошда кўргандек бўлади. Ҳамкасаба билан ёки ходим талаб этилаётган бўлим раҳбари билан суҳбатлашиб олинса, нохолисликдан халос бўлинади.

Аввалги ишингиздан нима учун бўшаб кетгансиз? Мабодо, ишдан бў­шашга бирон низо ёки аввалги раҳбарият билан уришиб қолганлиги сабаб бўлса, буни қийинчиликлардан қочиш, ўз мағ­лубиятини тан олишга йўйиш мумкин. Одамларга салбий муносабатда бўлиш, ходимлар, айниқса раҳбарият билан низолашиш одати шахснинг барқарор хусусияти белгиси бўлиб, янги ишда ҳам албатта ўзини кўрсатади. Номзод дуруст бўлса, олдинги ишдаги ижобий жиҳатларни албатта тилга олади, қизиқарли ишга, маоши яхши, келгусида юқори кўтарилишга имконияти бор ишга интилганлиги ва ўзидаги бор имкониятларни тўлароқ намоён этиш иштиёқини сабаб қилиб кўрсатади.

Гап-сўз суҳбатдош ҳақида унинг ўзи айтмоқчи бўлганидан ҳам кўпроқ маълумотлар бериши мумкин. Талабгор охирги иш жо­йидан бўшаганлиги сабабини икки вариантда ифода этиш мумкин. Агар у касб-малака бобида ўсишга, вазифа ва мажбуриятлар доираси кенгайишига интилаётганлигини айтган бўлса, у бунга қан­чалик тайёр эканлигини билиш учун кейинги саволга ўтиш мумкин. Бордию, талабгор аввалги иш жойида унинг хизмат пиллапоясида юқори кўтарилиш истаги рағбатлантирилмаганлигини, ҳуқуқлари камситилганлигини ва шу сингариларни айтса, аслида у сизларнинг компаниянгизда ишлашдан ҳам кўра аввалги иш жойидан тезроқ қутулишни ўйлаётганлиги аён бўлади.

Тавсияномалар сўраб кимга мурожаат этиш мумкин? Бундай маълумотни яширишга уриниш ижобий тавсияномалар ёки профессионал тажриба йўқлигидан далолатдир.

Қанча маош олишни мўлжалламоқда­сиз? Ўз қадрини, ўз баҳосини билмаган ҳамиша ютқазади деган нақлдан келиб чиқилса, яхши мутахассис маош бобида ўз ўрнини ҳамиша билади. Бордию, номзод баланддан келаётган бўлса, таклиф этилаётган маош ёки имтиёзларни кескин пасайтириш билан уни ҳовуридан тушуриш мумкин.

Ана шу таомил давомида кадрлар бў­лими ходими суҳбатдошини диққат билан кузатмоғи, сўзларидаги ёлғонни, ҳақиқатни хаспўшланишини оддий белгиларга қараб аниқлаши мумкин. Талабгор қўли билан юзини пана қилса, бурни, кўзи, бўйни ёки қулоғини қашишга тушса, кўзини олиб қочса, билингки, ўзи билмаган ҳолда юқорида айтилган белгиларни намоён қилмоқда. Бундай ҳаракатлар тортинчоқ одамларга ҳам хос эканлигини унутмаган ҳолда билингки, булар талабгор ниманидир охиригача ошкор этмаётганлигини кўрсатади.

 

ТАЛАБГОРГА ЗАРДА ҚИЛМАНГ

Суҳбат кутилмаган синов билан хотима топиши мумкин. Номзодга ўшқириш, устига сув тўкиб юбориш мумкин: ўзини қандай тутиши шу йўл билан синалади. Яхшиямки, асаби мустаҳкам ходимлар талаб қилинадиган лавозимлар кўп эмас.

Юқорида айтилган йўсинда суҳбат ўт­казиш усулидан номзоднинг сабр-матонатини, ўзига ишончини, мижозлар, ҳам­корлар, раҳбарлар, ҳамкасабалар томонидан бўладиган босимга чидамини аниқ­лаш мақсадида фойдаланилади.

Бундай синовдан кейин номзодга нима сабабдан бу усул қўлланганлигини тушунтириш шарт. Акс ҳолда бундай иш тутиш ташкилотнинг ишчанлик обрўсига зарар етказиши мумкин.

Кутилмаган ҳолатларга сабр-бардошли ходим ҳар қандай компания учун зўр топилма. Аммо кўксида кек, адоват сақ­лайдиган ходим ишдан бўшаётганида «жавоб синови» йўсинида шунақа ҳунар кўрсатиши мумкинки, асти қўяверасиз.

 

Талабгорни, қолаверса ишни танлаётганда шуни унутмаслик керакки, яхши ёки ёмон ходим, яхши ёки ёмон компания йўқ. Бир-бирига тўғри келадиган ёки тўғри келмайдиган ходим ёки компания бор, холос.

 

Роман ВАФИН тайёрлади.

Прочитано: 2628 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика