Norma.uz
Норма маслахатчи / 2014 йил / № 22 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ДАЪВО БАҲОСИ

Давлат божи ставкаларини мақбуллаштириш, хў­жалик юритувчи субъектларга судларда ўз ҳуқуқ­ларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 16.05.2014 йилдаги 125-сон Қарори билан Давлат божи ставкаларига (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган) ўз­гартиришлар киритилди.

Мулкий тусдаги даъво аризаларидан ягона давлат божи даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда белгиланди.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари давлат божи миқдори даъво баҳосига боғлиқ бўлганди:

1 млн сўмгача – даъво баҳосининг 3%и, бироқ ЭКИҲдан кам бўлмаган;

1 млн сўмдан юқори ва 10 млн сўмгача – даъво баҳосининг 2%и;

10 млн сўмдан юқори – даъво баҳосининг 1%и.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг мулкий тусдаги даъво аризаларидан давлат божи илгаригидек, даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида сақланиб қолди.

 

ТЕХНОПАРК ИЖАРАГА БЕРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2014 йилдаги 126-сон Қарори билан Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қў­шимчалар киритилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ мазкур Низом давлат мулкини, шу жумладан технопарк ҳудудидаги давлат мулкини ижарага беришни тартибга солади.

Шу муносабат билан Низомга камида 10 000 кв.м туташ ҳудуддан, давлат мулки (бинолар ва иншоот­лар)дан ҳам­да маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ ташкил этилган (ўз фаолиятини ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили бўйича ва Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг тегишли ҳудудий органлари билан келишилган бизнес-режа асосида амалга оширадиган) юридик шахсга ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган зарур инфратузилмадан иборат бўлган мулкий комплекс сифатида технопарк тушунчаси киритилди.

Давлат мулкини ижарага беришнинг энг кўп муддати (5 йил)дан фарқли ўлароқ, технопарк ҳудудидаги давлат мулкини ижарага беришнинг энг кўп муддати 10 йилни ташкил қилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Давлат мулкини ижарага беришнинг илгари тузилган шартномалари бўйича мажбуриятлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилган тақдирда ушбу муддатни узайтириш назарда тутилган.

Технопарк ҳудудидаги давлат мулки тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида, улар томонидан ушбу шартномада кўрсатилган инвестиция мажбуриятлари қабул қилиниши шарти билан ижарага берилади.

Белгиланишича, давлат мулки тадбиркорлик субъектларига, тегишли коэффициентлар белгиланмасдан, ижара тўловининг энг кам ставкаси бўйича ижарага берилади.

 

ИШ КЎРИЛМОҚДА

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг буйруғи (АВ томонидан 22.05.2014 йилда 1131-7-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қо­нунчилигининг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Даставвал Низомдан 7.10.2013 йилдаги ЎРҚ-355-сон Қонунга мувофиқ ўз кучини йўқотган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг 55-моддасида назарда тутилган иқтисодий санкцияларнинг қўлланилишини белгиловчи меъёр чиқариб ташланди.

Энди иш юритиш учун қабул қилиб олиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси 3 кун муддат ичида топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилиши ёки жавобгарликка тортилаётган шахсга қўл қўйдириб топширилиши ёки электрон почта орқали (мавжуд бўлса) юборилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахсларга комиссия йиғилиши бўйича ёзма хабарнома нафақат буюртма хат орқали юборилади ёки ишда иштирок этувчи шахсга унинг имзосини олган ҳолда топширилади (илгари назарда тутилганидек), балки хабар қилинганлиги фактини қайд этадиган алоқа воситасидан фойдаланган ҳолда ҳам юборилади.

Низомга киритилган тузатишларга мувофиқ қиммат­ли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик бўйича иш қоидабузарликлар аломатлари аниқланган кундан бошлаб 2 ой мобайнида иш юритишга қабул қилинади (илгари 3 ой мобайнида иш юритишга қабул қилинар эди).

Бундан ташқари, белгиланишича, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қабул қилинган чораларга рози бўлмаган тақдирда, қарорлар устидан шикоят қилишлари мумкин. Бунда бўйсунув тартибидаги юқори турувчи органга шикоят тақдим этиш худди шундай шикоятни судга тақдим этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан судга шикоят тақдим этиш улар устидан шикоят қилаётган ҳаракатлар ёки қарорларнинг бажарилишини суд қарори қонуний кучга киргунга қадар тўхтатиб туради. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари судга шикоят тақдим этиш тўғрисида Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказини (Марказнинг ҳудудий органини) тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилишлари лозим.

Ҳужжатда бошқа қатор ўзгартиришлар келтирилган бўлиб, улар Президентнинг 28.08.2013 йилдаги ПФ-4561-сон Фармонига мувофиқлаштирилмоқда.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳуж­жатлари тўплами»нинг 26.05.2014 йилдаги 21 (625)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ОГОҲЛАНТИРИШ КЕРАК

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 23.05.2014 йилда 2565-1-сон билан рўйхатдан ўтка­зилган) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат­ларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Қоидаларга тадбиркорлик субъектлари фао­лиятига тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган нормалар мавжудлиги бўйича ўрганиладиган меъёр киритилди.

Мазкур масалалар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан шубҳа пайдо бўлган тақдирда, вазирлик ва идоралар тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига юбориши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинган пайтдан эътиборан камида 3 ой ўтгач кучга киритилади.

Тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган расмий веб-сайтларда эълон қилинмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чораларини қўллаш тақиқланади.

Буйруқ 2014 йил 1 июндан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2425 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика