Мен директор ўринбосари бўлиб ишлайман, шу сабабли ҳар куни ишда бўлишим керак. Мен ҳар йили таътил олмай, балки бирйўла бир неча йилгисидан фойдаланишим мумкинми ёки фойдаланилмаган таътиллар «куйиб кетадими»?
Т.Авдеев,
саноат корхонаси директор ўринбосари.
Тошкент шаҳри.
– Меҳнат кодексининг (МК) VIII боби 2-параграфига кўра иш берувчи ҳар йили ходимга дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан асосий таътил бериши керак. Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.
Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.
Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.
Шу тариқа, иш берувчи ҳар йили ходимга таътил бериши керак, ходим эса ундан таътиллар жадвали ва иш берувчининг буйруғига кўра фойдаланиши даркор.
Ходимга ҳатто унинг розилиги билан йиллик таътилнинг берилмаслиги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади, бунинг учун иш берувчи жавобгар бўлади.
Ҳатто агар меҳнат шартномасини тузиш чоғида тарафлар ундан бош тортиш ҳақида келишувга эришган тақдирда ҳам, иш берувчи ходимга таътил бермаслиги мумкин эмас. Бундай шарт амалдаги қонун ҳужжатлари билан таққослаганда ходимнинг аҳволини ёмонлаштиради ва МКнинг 5-моддасига биноан шартноманинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланишига олиб келади.
Агар бирор-бир сабабларга кўра ходимга ўтган бир неча йил учун таътил берилмаган бўлса, улар «куйиб кетмайди», ходим улардан фойдаланишга ҳақли. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация олишга ҳақлидир.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.