Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 41 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

«Ё ҳаёт, ё машина?»

Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимиз йўлларида кўплаб ҳар хил машиналарни, шу жумладан хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни учратиш мумкин. Ҳолбуки, яқин-яқинларгача ҳам оддий “Жигули” машинаси танқис бўлганлигини катта ва ўрта авлодга мансуб кишилар яхши эслашади. Ўшанда одамлар машина олиш учун касаба уюшмалари қўмиталарида нав­батга ёзилиб, йиллаб кутар эдилар. Баъзилар ажратилган ҳар қандай машинани, ҳатто “Запорожец”ни жон-жон деб олса, бошқалар орзулаган моделдаги “Жигули”ни кутиб навбатни ўтказиб юборарди.

 

Баъзи жиноятлар автомобиль борасидаги бундай тақчиллик билан бевосита боғлиқ эди. Шундай жиноят орасида автомобилларни шунчаки сайр қилиш учун, яъни транспорт воситасини ўзлаштириш нияти бўлмаган ҳолда олиб қочиш ҳодисалари кўп учрарди. Бундай ҳолларда ёшлар, кўпинча вояга етмаган ўсмирлар обдан сайр қилгач, машинани дуч келган жойда ташлаб кетишарди. Машина бешикаст бўлса баҳарнав-а, баъзан уни уриб пачоқланган ҳолда топишарди. Негаки, машинани олиб қочганларнинг ҳайдовчилик бобидаги билими ҳамин қадар эди. Тўғри, ўз тажрибамда машина олиб қочувчи “профессионал”ни учратганман. У шундай қилмиши учун судланган бўлса-да, қушдек учадиган машинада сайр қилишдан ўзини тия олмас экан. Унинг автомобиль олиб қочишга суяги йўқ – машинани зўр ҳайдарди. Ўша йиллари машина сотиб олишга унинг қурби етмасди – оиласи қўл учида кун кўрарди. Очиғини айтганда, озми-кўпми таъминланган дейиш мумкин бўлган оилалар ҳам автомобиль сотиб олиш учун керакли маблағни йиллар мобайнида йиғишга мажбур эди.

Аммо ростмана жиноятлар ҳам учраб қоларди. Бунда автомобилларни кўпроқ бошқа ўлкаларда, одатда Кавказда қайта сотиш учун ўғирлашарди. Баъзан эса эҳтиёт қисм учун машинани олиб қочишлар ҳам учраб турарди. Зотан ўша кезлари эҳтиёт қисмлар ҳам тақчил эди.

Яхшиямки, машина олиб қочиш ва ўғирликлашлар, одатда, автомобиль эгалари ёки ҳайдовчилари ҳаётига суиқасд қилиш билан боғлиқ бўлмасди. Таассуфки, автомобиль ўғирлаш баъзан қотиллик билан хотима топарди. Ўтган аср
80-йилларининг бошларидаги бир жиноят иши ёдга тушди.

Учинчи моделдаги “Жигули”ли бўл­га­нидан бахтиёр ўрта ёшлардаги, миқтидан келган киши эрталаб зарур иш билан машинада чиққанича уйига қайтиб келмаган. Табиийки, қариндош-уруғлари милицияга мурожаат қилишган. Машинани ва унинг эгасини қидириш ишлари аввалига ҳеч қандай натижа бермаган. Хотини, ота-онаси, яқинлари бир неча ҳафта мобайнида қандай кунларни бошидан кечирганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу орада уларга бир нечта номаълум эркак мурдасини таниб олиш учун кўрсатишган ва ҳар сафар майит бегона одам бўлиб чиққанидан улар бироз енгил тин олишган.

Орадан уч ҳафта ўтгач, милиция машина тузатиш устахоналаридан бирида маркаси ва ранги йўқолган “Жигули”га ўхшаш машина турганлиги ҳақида тезкор хабар олди. Устахонада тинтув ўтказилди ва у ерда сарғиш ВАЗ-2103 машинаси топилди. Аммо давлат регистрация рақами (рақам белгилари), агрегатлар, яъни кузов ва двигатель рақами йўқолган автомобиль рақамларига мос эмасди. Шуниси ҳам борки, двигателни алмаштириш, кузов рақамини эса қайта уриб ёзиш мумкин. Бунинг устига ДАН бўлимида текширилганда устахонада топилган автомобилнинг рақам белгилари регистрация қилинмаганлиги маълум бўлди. Хуллас, бу машинани синчиклаб текшириш учун барча асослар бор эди.

Бизга агрегатларнинг рақамларини текшириш юзасидан экспертиза ўтказиш топширилди. Бундан ташқари, экспертлар мазкур автомобилнинг деталлари ўзгартирилмаганмикан деган саволга жавоб топишлари керак эди.

Текширишлар асносида шу нарса аниқландики, двигателнинг рақами ўзгартирилмаган, кузов маркировкаси эса қайта уриб туширилган рақамлардан иборат эди. Ундаги дастлабки рақамларни тиклашга муваффақ бўлдик, бу рақамлар йўқолган автомобиль кузови рақамлари билан бир хил эди. Кузов деталларини трассологик ва суд-кимё текшируви шуни кўрсатдики, деталларнинг бир қисми, шу жумладан двигатель ўзгартирилган. Машинанинг яқинда бўялганлиги ҳам аниқланди. Автомобиль сотишга тайёр қилиб қўйилган экан.

Шу зайил айни қидирилаётган автомобиль топилганлиги аниқланди. Аммо машина эгаси қани? Устахона ходимлари билан олиб борилган тергов ишлари асносида дарҳол бўлмаса-да, ҳар қалай машина эгаси ўлдирилганлиги эътирофига эришилди. Жиноий гуруҳ иштирокчиларидан бири машина эгасининг мурдаси дарёнинг қаерига ташлаб юборилганлигини кўрсатди. Табиий­ки, дарёнинг бу жойида мурдани топиб бўлмади. Оқим бўйлаб пастроқдан изланди ва бир неча кундан кейин автомобили учун ҳаётидан маҳрум этилган бебахт машина эгасининг мурдаси топилди. У бу машинани сотиб олгунча озмунча заҳмат чекмаган: корхонада ва ҳовлисидаги иссиқхонада тиним билмай ишлаб пул тўплаган эди. Иссиқхонада гул етиштириб, давлат хизматидагидан кўра кўпроқ пул ишлаб топганлиги ҳам рост. Аммо бу бутунлай бошқа йўналишдаги гап.

Жиноий гуруҳ аъзолари – автомобиль тузатиш устахонаси ходимлари аввалига ўзларининг ғайриқонуний “бизнес иши”ни автомобиль ўғирлашдан бошлашган, ке­йин эса қотилликка ҳам қўл уришган. Улар қилмишига яраша жазо олди.

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2261 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика