Таъсисчи фаолиятни ривожлантириш мақсадида қарз шартномасига асосан корхонага товар-моддий бойликларни берди. Корхона ушбу товарлар реализациясидан оборот маблағларини шакллантириб олгач, тўлов қобилиятига эга бўлди ва энди қарзни қайтармоқчи. Қарзни пул маблағлари ёки корхона ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан қайтариш мумкинми? Бунинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
– Фуқаролик кодексининг 108-моддасига кўра юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилади. Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак (ФКнинг 102-моддаси).
Битим шартларида келишилган бўлса ёки тарафларнинг қаршилиги бўлмаган тақдирда, тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича қарзга олган нарсасини қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.
Агар қарз олувчи қарзни шартномада белгиланган муддатда қайтармаса, суд уни ундиришни қарз олувчининг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Солиқ кодексининг 22-моддасига кўра, пул маблағлари ҳам мол-мулк ҳисобланади. Демакки, томонлар ўртасида тузилган қарз шартномаси уларнинг келишувига кўра пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк кўринишида ҳам қайтарилиши мумкин.
Бунда шунга эътибор қаратиш керакки, олинган хом ашё ва материаллар корхона томонидан ишлаб чиқарилган бошқа товар билан тўланиши қарздор корхона учун маҳсулотларни реализация қилиш ҳисобланади. Ўз навбатида, реализация қилинган маҳсулотлар учун белгиланган тартибда солиқлар ҳисобланиши зарур бўлади.