Солиқ қонунчилигида бир неча вазиятларда оила аъзолари ва яқин қариндошлар ўртасидаги мулкий муносабатларда солиқларни тўлашдан имтиёз берилган. Батафсилроқ ёритиб берсангиз, оила аъзоларига кимлар киради-ю, яқин қариндошлар кимлар? Қайнона ва қайноталар оила аъзоларига кирадими ёки яқин қариндошларгами?
– Солиқ кодексининг 22-моддасида қонун ҳужжатида қўлланиладиган баъзи тушунчаларга изоҳ берилган бўлиб, унга кўра:
эр (хотин), ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ва болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар - оила аъзолари;
эр, хотин, ота-она, болалар, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, боболар, бувилар, неваралар эса яқин қариндошлар ҳисобланади.
Оила кодексининг 57-моддасида бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланиши белгиланган. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.
Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан - учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса - тўртинчи даражасида турадилар.
Шунингдек, Оила кодексининг 59-моддасига кўра эр (хотин) ва унинг яқин қариндошлари билан хотин (эр) қариндошларининг бир-бирига нисбатан муносабатлари (қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.