Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 39 / Солиқ тўловчига ёрдам

Ерга бўлган ҳуқуқни солиқ билан тасдиқланг

“СБХ”нинг 17.09.2013 йилдаги 37 (997)-сонида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича тушунтиришлар чоп этилган. Жисмоний шахслар тўлайдиган солиқлар мавзусини давом эттириб, “Norma Ekspert” мутахассислари ер солиғи бўйича тушунтиришларни тайёрладилар.

 

Солиқ даври учун ер солиғи тўлаш жисмоний шахслар томонидан ҳисобот йилининг 15 ­октябрига қадар амалга оширилади.

Солиқ кодекси, 294-модда.

 

КИМЛАР ТЎЛАЙДИ?

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари ер солиғини тўловчилардир. Яъни ер солиғини тўлаш мажбурияти ер участкасига бўлган ҳуқуқ туман ер ресурслари хизматларида ва туман (шаҳар) кўчмас мулк кадастри хизматларида унинг номига рўйхатдан ўтказилган шахс зиммасига юкланади.

Қуйидагилар ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайди:

давлат далолатномалари:

● доимий эгалик қилишга;

● доимий фойдаланишга;

● мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга

мулк ҳуқуқига бўлган давлат далолатномаси;

ижара шартномаси ёки муддатли фойдаланиш шартномаси;

ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома.

 

НИМА УЧУН ТЎЛАНАДИ?

Қуйидаги ер участкаларига ер солиғи солинади:

деҳқон хўжалигини юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари.

Деҳқон хўжалиги оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади. (30.04.1998 йилдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги 604-I-сон Қонуннинг 1-моддаси)

Оилали ва қишлоқ жойларда камида 3 йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси:

суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда;

чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади (Ер кодексининг 55-моддаси).

Янги суғориладиган ер массивлари учун қишлоқ жойларда камида 3 йил яшаш талаби қўлланмайди;

● якка тартибдаги уй-жой қурилиши (бундан кейин – ЯТУҚ) учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари.

2008 йил 1 январгача ЯТУҚ учун ер участкаси туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан белгиланган тартибда фақат Ўзбекистон фуқароларига бир оилага 0,06 гектаргача мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилган.

2008 йил 1 январдан бошлаб ЯТУҚ учун ер участкалари кимошди асосида фуқароларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилади.

“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси иштирокида қурилган уй-жой жойлашган ер участкаси туман ҳокимининг қарорига биноан, якка тартибда уй-жой қурувчига (Ўзбекистон фуқаросига) ҳар бир иморат солувчига 0,06 гектардан кимошди савдоси ўтказмасдан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилади (ВМнинг 30.12.2006 йилдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида низом);

● қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда мулк қилиб харид этилган ер участкалари;

уй-жой ва иморатлар билан бирга мерос қолдириш, ҳадя қилиш ёки сотиб олиш бўйича ўтган мулк, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда мулк ҳуқуқи юзага келади.

Мулк ҳуқуқи шуни англатадики, мулкдор ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш (мулк ҳуқуқининг мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳуқуқий ваколатлар учлиги), шунингдек унинг ер участкасига хўжалик юритиш бобида ҳукмронлик қилиш соҳасига учинчи шахсларнинг аралашишини бартараф этиш бўйича ҳуқуқий ваколатларга эга бўлиб, бунда амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳаракат қилмаган ҳамда учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмасдан, ўз хоҳиши бўйича, ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади.

Эгалик қилиш мулкдорнинг мазкур ер участкаси устидан хўжалик юритиш бобида тўлиқ ҳукмронлигини, унинг мулкдорга “биркитилганлигини” билдиради.

Фойдаланиш иқтисодий маънода олганда унинг ер участкасидан унумли ёки шахсан унумсиз фойдаланиши (қўллаши) йўли билан фойдали хоссаларни олишига қараб белгиланади.

Тасарруф қилиш – учинчи шахсларга ўтказиш ёки йўқ қилишга қадар ер участкасининг тақдирини белгилайдиган ҳаракатлар ва бошқа ишларни амалга ошириш.

Жисмоний шахсларга уй-жой, дала ҳовли иморатларига мулк ҳуқуқи ўтганда (сотиб олинган, ҳадя шартномаси ёки мерос қолдириш бўйича ўтган ҳолларда ва ҳоказо), ушбу иморатларга мулк ҳуқуқи билан бирга улар жойлашган бутун ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади;

● тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланиш ёки ижарага берилган ер участкалари.

Ижара – ер участкасидан ижара шартларида муддатли, ҳақ тўланадиган эгалик қилиш ва фойдаланиш. Ер участкаларини Ўзбекистон фуқароларига туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари, чет эл давлатлари фуқароларига – Вазирлар Маҳкамаси ижарага беради.

Ижарага берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган жисмоний шахсларга ер солиғи учун белгиланган имтиёзлар, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади (Солиқ кодексининг (СК) 287-моддаси).

Агар квартиралар ёки кўп квартирали уйнинг қисмлари тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланиш ёки ижарага берилса, ушбу майдонларга тўғри келадиган ер участкасига ер солиғи солинади (СКнинг 288-моддаси);

● жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун берилган ер участкалари.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини ташкил этиш учун фуқаролар боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкатларига бирлашадилар. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ёки фуқаролар гуруҳларининг илтимосномасига кўра туман ҳокими боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкатлари аъзоларига ер участкаларини қуйидаги тарзда беради:

мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга – жамоа боғдорчилигини ва узумчилигини юритиш учун;

вақтинчалик фойдаланишга – жамоа полизчилигини юритиш учун (Ер кодексининг 56-моддаси; ВМнинг 1.03.2011 йилдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисида низом).

Ер участкаларининг ўлчамлари боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳар бир аъзосига 0,06 гектаргача ва полизчилик ширкатида – 0,08 гектаргача ҳисобда белгиланиб, кўчалар, жамоат иморатлари ва иншоотларини қуришнинг зарурлиги ҳисобга олинади;

якка тартибдаги гаражлар банд этган ерлар;

хизматга оид чек ер тартибида берилган ер участкалари.

 

Диққат! Агар ушбу уйлардаги квартиралардан ўзининг тўғридан-тўғри мақсадида, яъни яшаш учун фойдаланилса, кўп квартирали уйлар банд этган участкаларга ер солиғи солинмайди.

 

МЕТРЛАРНИ СТАВКАЛАРГА КЎПАЙТИРАМИЗ

Ер солиғи кўчмас мулкка ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан шуғулланадиган органнинг (Ергеодезкадастрдавқўм ёки унинг ҳудудий бўлинмалари) маълумотлари ва белгиланган ставкалар бўйича ер участкаларининг майдонидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Фуқароларга жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун берилган, шунингдек якка тартибдаги гаражлар банд этган ер участкаларининг майдони ушбу ер участкаларини берган ташкилотларнинг бошқарув органлари маълумотлари бўйича белгиланади.

Хизматга оид чек ерларнинг майдони ўз ходимларига ер участкаларини берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотарнинг маълумотлари бўйича белгиланади.

2013 йил учун жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 19-иловада белгиланган.

 

1-МИСОЛ. Тошкент шаҳрида ер солиғи ставкалари Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 19-илованинг 5-жадвалида кўрсатилган. Улар зоналар бўйича табақалаштирилган (1–14-зоналар). Агар жисмоний шахсга майдони 600 кв.м бўлган ер участкаси Тошкент шаҳрининг 3-зонасида ажратилган бўлса, бир йил учун солиқ 1 кв.м учун 164,3 сўмдан келиб чиқиб белгиланади. Тегишинча, 600 кв.м учун унинг суммаси 98 580 сўмни (164,3 х 600) ташкил қилади.

 

2-МИСОЛ. Шаҳарлар (Тошкент шаҳридан ташқари) ва қўрғонларда жойлашган ер участкаларидан солиқ Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 19-илованинг 6-жадвалида келтирилган ставкалар бўйича ҳисобланади. Мазкур ҳолда ставка ҳам зоналар бўйича белгиланади. Агар жисмоний шахсга Самарқанд шаҳрининг 3-зонасида 600 кв.м ер участкаси ажратилган бўлса, солиқ ставкаси 1 кв.м учун 86,3 сўмга тенг ва бир йил учун унинг суммаси 51 780 сўмни (86,3 х 600) ташкил этади.

 

Қишлоқ жойда жойлашган ер участкаларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига (Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 19-илованинг 8-жадвалида келтирилган):

уларнинг жойлашиш жойига боғлиқ ҳолда қуйидаги коэффициентлар қўлланилади:

Тошкент шаҳри атрофида 20 км лик айланада - 1,30;

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти ва вилоят марказлари атрофида 15 км лик айланада - 1,20;

туман марказлари атрофида 10 км лик айланада - 1,15;

бошқа шаҳарлар атрофида 5 км лик айланада - 1,10.

Ер участкаларигача бўлган масофа автомобиль йўллари бўйича шаҳарлар ва туман марказларининг маъмурий чегараларидан бошлаб белгиланади. Агар ер участкаси икки шаҳар яқинида жойлашган бўлса, шаҳарнинг юқорироқ функционал вазифасига мувофиқ келадиган коэффициент қўлланилади;

агар солиқ деҳқон хўжаликлари учун ҳисобланса, ер сифатига боғлиқ ҳолда қуйидаги коэффициентлар қўлланилади:

тупроқ бонитети 40 баллгача бўлса - 0,75;

41 дан 70 баллгача бўлса - 1,0;

70 баллдан ортиқ бўлса - 1,25.

 

Жамоавий ва шахсий гаражлар банд этган ер участкалари учун ер солиғи якка тартибдаги уй-жой қуриладиган ерлар учун тасдиқланган ставкалар бўйича ҳисобланади (Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 19-илованинг 5 ва 6-жадваллари).

Жисмоний шахслар ер солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича икки ҳолда тўлайдилар:

ер участкаларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланганда;

уй-жойлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа қурилмалар, иншоотлар, жойлар (хоналар) юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилса.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китобини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органлари амалга оширадилар. Солиқ органлари ҳисоблаган, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи суммаси тўлов хабарномаларида кўрсатилади, улар тўловчиларга ҳисобот йилининг 1 майидан кечиктирмай топширилади. Солиқ ҳисобот йилининг 15 октябригача тўланади. Яъни 2013 йил учун жисмоний шасхлардан олинадиган ер солиғи, ер участкасининг мулкдори, ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачисининг яшаш жойидан қатъи назар, ҳудудида ер участкаси жойлашган туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига 2013 йил 15 октябргача тўланиши керак.

Йил давомида ер участкасининг майдони ўзгарган ва имтиёз ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) ҳолда солиқ инспекцияси у юзага келгандан сўнг бир ой ичида ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилиши ва солиқ тўловчига янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этиб, ер солиғининг янги суммаси ва уни тўлаш муддатларини кўрсатиши керак.

 

Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиш ер солиғининг суммасига эквивалент миқдорда жисмоний шахсларга бир ярим баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ кодекси, 121-модда.

 

ҲИСОБГА ОЛИШНИ УНУТМАНГ

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китобида қуйидагилар ҳисобга олинади:

йил мобайнида ажратилган ер участкалари учун ер солиғини жисмоний шахслар ер участкаси ажратилгандан кейинги ойдан бошлаб тўлайдилар;

 

МИСОЛ. Шаҳар ҳокимининг 2013 йил 18 мартдаги қарори билан жисмоний шахсга ер участкаси ажратилган. Ер солиғини тўлаш мажбурияти 1 апрелдан юзага келади. Яъни ушбу участка бўйича солиқ суммаси 9 ой учун (2013 йилнинг апрель–декабри) ҳисобланади, бундан кейин эса у тўлиқ йил учун тўланади.

 

● ер участкасининг майдони камайган тақдирда камайтириш юз берган ойдан бошлаб ер солиғини тўлаш тўхтатилади (қисқаради);

 

МИСОЛ. Агар жисмоний шахсдан ер участкасининг бир қисми ҳокимият органининг 2013 йил 25 августдаги қарори билан олиб қўйилса, ер солиғи 1 августдан бошлаб тўланмайди. Демак, ушбу участка бўйича солиқ суммаси январь–июль ойларидаги давр учун ҳисобланади.

 

уй-жой, яшаш учун мўлжалланмаган иморат ва иншоотлар мерос бўйича ўтиши билан биргаликда жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи ва фойдаланиш ҳуқуқи ўтган ер участкалари учун ер солиғини меросхўрлар тўлайдилар. Бундан ташқари, улар мерос қолдирувчининг солиқ бўйича қарзини (агар у мавжуд бўлса) сўндиришлари керак;

 

● кўп квартирали уй-жойларнинг квартиралари ёки қисмларидан кишиларнинг яшаши билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланилганда белгиланган тартибда ер солиғининг тегишли улуши тўланади.

Агар квартира тўлалигича нотурар жой фондига ўтказилган ва жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланилаётган бўлса, ер солиғининг ҳисоб-китоби мазкур квартирага тўғри келадиган ер участкаси майдонини юридик шахслар учун солиқ ставкасига кўпайтириш йўли билан амалга оширилади.

Агар кадастр ҳужжатларида ушбу квартира учун қаватлар сонига бўлинган ер участкаси майдони кўрсатилган бўлса, у ҳам ер солиғи ҳисоб-китобига қабул қилинади.

Агар фақат квартиранинг бир қисми ўтказилган бўлса, солиқ солинадиган база худди шундай тартибда, бироқ алоҳида ҳисоб юритиш натижалари бўйича белгиланади. Ана шунда нотурар жойга ўтказилган майдон бўйича юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда ер солиғи тўланади. Турар жой учун қолган квартира майдони бўйича ер солиғи тўланмайди.

 

СИЗ СОЛИҚ ТЎЛАМАЙСИЗ

Солиқ тўловчиларнинг қуйидаги тоифалари ер солиғидан озод қилинадилар:

1) яйлов чорвачилигининг чўпонлари, йилқибоқарлари, механизаторлари, ветеринария врачлари ва техниклари, бошқа мутахассислари ва ишчилари;

2) “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

3) 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланадиган доирадаги уларга тенглаштирилган шахслар1. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;

4) I ва II гуруҳ ногиронлари. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

5) ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

6) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада 16 ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Мазкур имтиёз Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

7) Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган фуқаролар). Мазкур имтиёз тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногироннинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;

8) шахсий пенсия тайинланган шахслар;

9) кўчириб келтирилган фуқаролар келиб жойлашган ер участкалари бўйича - ер участкалари берилган пайтдан эътиборан 5 йилгача;

10) шахслар - уларга якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва деҳқон хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида берилган ер участкалари бўйича - ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан 2 йил муддатга.

 

Юқорида саналган имтиёзлар, 6-бандда кўрсатилгани бундан мустасно, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкалари кадастр ҳужжатларида расмийлаштирилган жисмоний шахсларга берилади. Бунда имтиёз солиқ тўловчининг танловига кўра фақат битта ер участкасига нисбтан қўлланади.

СК 282-моддаси иккинчи қисмининг солиқ солинмайдиган ер участкаларига тааллуқли қисмида назарда тутилган имтиёзлар ер солиғи тўловчилар бўлган жисмоний шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, СК 282-моддасининг иккинчи қисмида ер солиғи солинмайдиган ер участкалари белгиланган2. Ушбу имтиёзлар жисмоний шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Ер солиғи бўйича имтиёзларга эга бўлган шахслар ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органига имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этишлари керак.

Ер солиғи бўйича имтиёзлар белгиланганда ушбу солиқ унга бўлган ҳуқуқ юзага келган ойдан бошлаб тўланмайди. Бундай имтиёзларга ҳуқуқ тугатилган тақдирда ушбу солиқ мазкур ҳуқуқ тугатилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлана бошлайди.

 

ТЎЛАМАГАНГА – ЖАРИМА

Солиқ ўз вақтида тўланмагани учун тўлаш муддати белгиланган кундан бошлаб тўлаш кунигача (тўлаш куни ҳам киради) муддати ўтказилган ҳар бир кун учун 0,05% миқдорида пеня ҳисобланади. Бунда, СКнинг 120-моддасига кўра:

бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўланган суммаларга тенг қарз суммасига пеня ҳисобланмайди;

пенянинг миқдори ер солиғи бўйича қарз суммасидан ошмаслиги керак.

 

11941–1945 йиллардаги уруш иштирокчилари ва ногиронларига тенглаштирилган шахслар Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган.

2Ер солиғи тўланмайдиган ер участкаларининг рўйхати “Имтиёзлар – тадбиркор учун мадад” қўлланмасининг 5-дафтарида (“СБХ”нинг 24.09.2013 йилдаги 38 (998)-сонида) келтирилган.

Прочитано: 4998 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-03-26 21:25:59, Гость_Севара:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика