Божхона расмийлаштируви ва сифатни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган товар-моддий бойликларнинг юртимизга ноқонуний олиб кирилиши олдини олиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш божхона органлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Тезкор маълумотлар асосида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган хонадонлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида хорижда ишлаб чиқарилган 227 хилдаги парфюмерия товарларининг ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Н.Ш.га тегишли бўлган ушбу товарларнинг умумий қиймати 20 млн сўмни ташкил қилар экан.
Яна бир ҳолатда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган хонадонлардан бири қонунчилик доирасида кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида 900 донадан ортиқ 125 хилдаги электр жиҳозлари ва анжомларининг ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди.
Дастлабки суриштирувлар чоғида юк эгаси У.М. хорижда ишлаб чиқарилган, дастлабки маълумотларга кўра умумий қиймати 50 млн сўм бўлган ушбу товарларга божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни тақдим қила олмади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 17 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 126 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.