Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 39 / Солиқ солиш

Имтиёзлар қўшиб ҳисобланади

Корхонамиз ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг экспорт улушидан ЯСТ бўйича имтиёзга эга. Шунингдек бизда янги импорт ускуна бўлиб, солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш бўйича унга берилган имтиёздан фойдалана оламиз.

Бир вақтнинг ўзида иккита имтиёздан: техник ускуна ва экспорт бўйича имтиёзлардан фойдалана оламизми? Агар фойдалана олсак, буни қандай қилишни мисол ёрдамида кўрсатсангиз.

СКнинг 356-моддасига асосан имтиёзни қўллаш учун мазкур ускунанинг қийматига уни расмийлаштириш чоғида қилинган божхонага оид ва бошқа харажатларни киритиш мумкинми?

Асқар.

 

– Агар уларнинг ҳар бирини қўллаш шартларига риоя этилса, сиз кўрсатган имтиёзлардан бир вақтда фойдаланса бўлади.

 

ЯНГИЛАНИШНИНГ ФОЙДАСИ

Корхоналар ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтиришга ҳақлилар. Ҳар бир солиқ даврида солиқ солинадиган базани камайтириш унинг кўпи билан 25%и дои­расида, технологик асбоб-ускуна фойдаланишга топширилган солиқ давридан бошлаб 5 йил ичида амалга оширилади (Солиқ кодекси (СК) 356-моддасининг учинчи қисми). Агар ускунанинг қиймати жорий солиқ даврида солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошса, қолган сумма кейинги солиқ даврларида, бироқ чеклашларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган муддат доирасида чегирилиши мумкин. Агар сумма солиқ солинадиган базанинг 25%идан кам ёки унга тенг бўлса, фақат ускунанинг қиймати чегирилади.

Ушбу имтиёз қуйидаги ҳолларда қўлланади:

агар ускуна устав капиталига ҳисса сифатида, ҳадя шартномаси бўйича ёки ҳақ тўлаш шартисиз бошқача усул билан олинмай, балки ўзининг ёки қарз маблағлари ҳисобига олинган бўлса;

агар ишлаб чиқариш кунидан бошлаб (ишлаб чиқарувчи заводнинг техпаспорти ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат бўйича) 3 йилдан кўп вақт ўтмаган бўлса.

СКнинг 39-моддасидан келиб чиқишича, солиқ солиш билан боғлиқ объект сифатида ускунанинг қиймати бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобга олиниши керак. Олинган асосий маблағлар қийматини шакллантириш услубияти 5-сон БҲМС “Асосий воситалар”нинг1 11-бандида белгиланган. Агар асосий воситалар импорт қилинган бўлса, Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомнинг2 14-бандига ҳам амал қилиш лозим. Унда белгиланишича, импорт бўйича олинган объектнинг қийматига қуйидагилар киритилади:

● БЮДни тўлдириш санасида МБ курси бўйича қайта ҳисобланган контракт қиймати;

● сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан:

импорт режимида божхона расмийлаштируви чоғида тўланган божхона тўловлари;

асосий воситалар объектларини етказиб бериш хатарларини суғурталаш харажатлари;

сотиб олиш билан боғлиқ маслаҳат бериш, воситачилик хизматларига ҳақ тўлаш;

● асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва фойдаланишга тушириш харажатлари ва активдан мақсади бўйича фойдаланиш учун ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар.

Шу тариқа, ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш суммасини белгилаш учун технологик ускунанинг қийматида божхона тўловлари ва уни сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳисобга олинади.

 

ЧЕТГА ОЛИБ ЧИҚИШ УЛУШИ КЎПАЙГАНДА

Ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматларни эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилувчи корхоналар ЯСТ ставкасини пасайтириш тарзидаги имтиёзни қўллайдилар. Экспорт улуши реа­лизациянинг умумий ҳажмида 15%дан 30%гача миқдорда бўлганида ЯСТ ставкаси 30%га камайтирилади. Агар экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида ставка 50%га камайтирилади (Президентнинг 5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон Фармони 1-банди).

Реализациянинг умумий ҳажми деганда фаолиятнинг барча турларидан олинган тушум суммаси тушунилади. Экспорт­нинг улуши ошиб борувчи якун билан белгиланади. Уни ҳисоб-китоб қилиш чоғида ўзи ишлаб чиқарган қуйидаги хом ашё маҳсулотлари - пахта толаси, ип газлама калаваси, линт, хом нефть, нефть маҳсулотлари, газ конденсати, табиий газ, электр энергияси, қимматбаҳо, рангли ва қора металлар, қора ва рангли металлар прокати, синиқлари ва чиқитлари реализациясидан экспорт ҳажми ҳисобга олинмайди.

Башарти экспорт қилинадиган товарлар Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари3 билан белгиланган мезонлар бўйича ўзи ишлаб чиқарган товарлар деб эътироф этилса, имтиёз қўлланади. Имтиёзни қўллаш учун солиқ органларига тузилган экспорт контракти доирасида тайёр маҳсулотнинг ҳажми (миқдори) тўғрисида ахборот қайд этилган ариза-маълумотномани (2195-сон Қоидаларга иловада келтирилган шаклда) тақдим этиш лозим.

Агар тўлов ҳисобварағига АҚШ доллари, Англия фунт стерлинги, евро, Швейцария франки, япон иенаси келиб тушса, товарлар ЭАВга сотилган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш тартиби тўғрисида низом4 билан айни чет эл валюталарининг ушбу турларини тўлов сифатида қабул қилиш тавсия этилган.

 

МИСОЛДА ЎРГАНАМИЗ

Агар сизнинг ҳолатда кўрсатилган имтиёз­ларни қўллаш шартларига риоя этилган бўлса, корхонангиз уларнинг иккаласидан фойдаланишга ҳақли. Аввалига солиқ солинадиган база янги технологик ускунани олишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади, сўнгра ЯСТ ставкасига экспортнинг улушига боғлиқ ҳолда тузатиш киритилади.

 

МИСОЛ. ЯСТ тўловчиси ҳисобланган ишлаб чиқариш корхонаси апрель ойида ускунани импорт қилди ва май ойида уни фойдаланишга киритди. Тўланган божхона тўловларини ҳисобга олганда ускунанинг қиймати – 75 000 минг сўм.

2013 йил I ярмининг якунларига кўра корхонанинг ялпи тушуми 198 000 минг сўмни (87 300 минг сўм – II чорак учун), шу жумладан ўзининг маҳсулотини экспортга ЭАВда реализация қилганлик учун – 67 500 минг сўмни (МБ курси бўйича қайта ҳисоблаганда) ташкил қилди.

II чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (ер солиғининг 3 баравар суммаси) 4 380 минг сўмни ташкил қилди.

Мисол маълумотларига кўра I ярим йил учун ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани ускунани сотиб олишга йўналтирилган барча суммага (75 000 минг сўм) эмас, балки фақат 49 500 минг сўмга (198 000 х 25%) камайтириш мумкин. 9 ой ва йил якунлари бўйича камайтириш суммаси худди шунга ўхшаб ҳисобланади. Агар 2013 йил якунлари бўйича солиқ солинадиган база 300 000 сўмдан ошмаса (ушбу сумманинг 25%и ускунанинг қийматига тенг), уни харид қилиш харажатларининг қолган қисми 2014 йилда ҳам ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтиради.

I ярим йил учун ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база камайтиришни ҳисобга олганда 148 500 минг сўмни (198 000 –
49 500) ташкил
қилади.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот экспортининг улуши 34%га тенг (67 500 / 198 000 х 100). Шу сабабли корхона амалдагига қараганда 2 бараварга камайтирилган ЯСТ ставкасини, яъни 2,5%ни қўллашга ҳақли.

Шу тариқа, I ярим йил учун ЯСТ иккала имтиёзни ҳисобга олганда 3 712,5 минг сўмга (148 500 х 2,5%) тенг.

Бюджетга тўланадиган ЯСТни аниқлаш учун унинг энг кам миқдорини (шартга кўра у 4 380 минг сўмга тенг) ва ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини таққослаш лозим. Мазкур сумма қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзларни ҳисобга олмасдан, яъни мазкур ҳолда техник ускуна ва экспорт бўйича имтиёзларни ҳисобга олмасдан ҳисобот чораги учун солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб (ошиб бормайдиган якун билан) аниқланади. Шу тариқа, II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 4 365 минг сўмни (87 300 х 5%) ташкил қилади.

Энг кам миқдор ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан катта, тегишинча, корхона ЯСТни ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги фарққа, яъни 15 минг сўмга (4 380 – 4 365) қўшимча ҳисоблаши керак. Ушбу сумма икки имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича олинган солиқ суммасига қўшилади.

2013 йилнинг I ярми учун бюджетга тўланадиган ягона солиқ тўлови 3 727,5 минг сўмни (3 712,5 + 15) ташкил қилади.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давстатқўмнинг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Жавобни “Norma Ekspert”

мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 2358 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика