Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 38 / Бизнес кутубхогаси

Экспорт қилувчи учун йўлланмалар

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш, замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни хориж бозорларига олиб чиқишда уларга ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий кўмак бериш учун кўп иш қилиняпти.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурининг “Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш” қўшма лойиҳаси билан бошловчи экспортчилар учун экспорт фаолиятига доир қўлланмалар тайёрланди.

Махсус мухбиримизга улар тўғрисида лойиҳа раҳбари Жаҳонгир ИМОМНАЗАРОВ ҳикоя қилади.

 

– Ташқи иқ­тисодий фаолият биринчи навбатда унинг хусусиятлари, ҳуқуқий доиралари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлишни тақозо этади. Бу ҳақда тадбиркорлар турли тадбирларда сўзлаб, маслаҳат билан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжнинг катталигига эътиборни қаратдилар. Бу масала айниқса минтақаларда долзарб. Хусусан, ўзбек тилидаги махсус босма рисолалар зарурлиги таъкидланди. Зеро экспорт фаолиятини бошлашни хоҳловчиларнинг кўпчилиги амалда унинг асослари билан таниш эмаслар. Қўлланмалар нашр этилишига бошловчи экспортчиларнинг ташаббуси сабабчи бўлди дейиш мумкинми?

– Шубҳасиз. Уларни ишлаб чиқишда биз тегишли аудитория­нинг хоҳиш ва тавсияларига асосландик. “Маҳсулот қандай экспорт қилинади?”, “Маҳсулотларни совуқхонада сақлаш бўйича қўлланма” ва “Бизнес-режа тузиш бўйича қўлланма” рисолалари чиқарилди. Улар соҳа мутахассиси бўлмаганлар учун ҳам тушунарли тилда ёзилган, экспортчи учун энг муҳим бўлган маълумотларни батафсил акс эттиради. Мисол учун, биринчи қўлланмада экспорт фаолиятидаги ўн икки қадамдан иборат ҳаракатлар суратли тарзда ­баён этилади. Маълумотларнинг шу тариқа тақдим этилиши вақтни тежайди, қизиқиш уйғотади ва узоқ эсда қолади. Ҳар бир суратга шарҳлар берилган.

Бундан ташқари, “Маҳсулот қандай экспорт қилинади?” қўлланмасида экспортнинг давлат томонидан тартибга солиниши  ва рағбатлантирилиши тизими, муҳим таомиллар ва уларни ўтказиш учун зарур ҳужжатлар тўғрисида, уларни тўлдириш бўйича намуналар ва тушунтиришлар билан биргаликда, базавий маълумотлар берилган. Мисол учун, бўлимларнинг бири “бир дарча” тизими воситасида экспорт маҳсулотини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган шаклига бағишланган. “Ўзтадбиркорэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси кўмагида экспортни амалга ошириш тўғрисида ҳикоя қиладиган блок ҳам бор.

Рисолада экспорт фаолиятини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ТИФ иштирокчиларини қўллаб-қувватлайдиган ва уларга хизмат кўрсатадиган ташкилотлар ва муассасалар (манзил ва телефонлари билан) тўғрисида ахборот берилган. Унда Инкотермс бўйича маълумотлар, фойдали интернет-ресурслар, инглизча-ўзбекча асосий атамалар луғати ва бошқалар ҳам бор.

 – Экспорт фаолиятининг муваффақиятли бўлиши учун зарур “12 қадам” нима ўзи?

 – Ўз маҳсулотини ташқи бозорга олиб чиқишдан аввал тадбиркор баъзи саволларга жавобларни билиши керак. Харидорни қандай қилиб топиш керак? Қандай қилиб экспорт маҳсулотининг таннархини пасайтириш, рақобатбардош нарх ва товарга ҳақ тўлаш усулини аниқлаш лозим? Экспорт контрактини қандай тузиш керак? Қандай қилиб мол етказиб бериш шартларини мақбуллаштириш лозим? Тегишли таомилларни қайси органларда амалга ошириш зарур, бунинг учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Уларга жавоблар қўлланманинг мавзувий блоклар кўринишида шакл­лантирилган қадамма-қадам йўриқномаларда берилган. Экспортнинг асосий босқичлари  маҳсулот рекламаси ва маркетинг тадқиқотлари, чет эллик харидор билан музокаралар, контрактни имзолаш, уни банк ва божхона органида ҳисобга қўйиш, маҳсулотни сертификатлаштириш, божхона расмийлаштируви, тўлов таомиллари, юкларнинг логистик кузатувини ўз ичига олади.

– Ушбу рисола бошловчи экспортчилар учун самарали кўмакчи бўлиб қолади деб умид қиламиз. Ўзига хос шаклда тақдим этилган иккинчи қўлланма тўғрисида ҳам ҳикоя қилсангиз.

 – Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотлари қадимдан мамлакатимиздан ташқарида шуҳрат қозонган. Улар рақобатга тўлақонли равишда дош берувчи товарлардир. Агар у пировард истеъмолчига сифатли ва уринмаган ҳолида етказиб берилса, албатта. “Даладан истеъмолчига” занжирида бундай маҳсулот билан тўғри муносабатда бўлиш ва уни сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбек тилида чиқарилган “Маҳсулотларни совуқхонада сақлаш бўйича қўлланма” кейинчалик экспорт қилиш учун мева, сабзавот ва бошқа хил маҳсулотларни совуткичларда сақлашдан манфаатдор фермерлар ва тадбиркорлар учун мўлжалланган. Қўлланма ҳосилни йиғиб-териб олишни режалаштириш, совуткич камералар, уларни маҳсулотни сақлашга тайёрлаш, турли мевалар ва сабзавотларнинг хусусиятлари ҳамда уларнинг бир-бирига мувофиқлиги билан таништиради, ўзига хос товарни дастлабки совутиш ва сақлаш чизмаси хусусида тавсиялар беради.

–  Қўлланмалар тайёрлаш - ЎзР ТИАИСВ ва БМТ Тараққиёт дас­турининг “Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш” қўшма лойиҳаси вазифаларидан биригина холос. У экспорт қилувчиларга яна қандай ёрдам кўрсатади?

– Лойиҳанинг мақсади унинг номида аниқ ифодаланган – ташқи савдо фаолиятига ва мамлакатимизнинг инвестицион жиҳатдан жозибадор бўлишига кўмаклашиш.

Тадбиркорларга ўз товарлари ва хизматларини ташқи бозорларга омилкорлик билан олиб чиқишлари учун ахборот билан кўмаклашиш, шунингдек экспорт фаолияти билан боғлиқ таомилларни соддалаштириш лойиҳанинг экспортга доир вазифалари ҳисобланади.

Шунингдек лойиҳа экспорт ҳажмини ошириш ва корхоналаримизни глобал ишлаб чиқариш тизимларига интеграциялаш учун қўшимча дастакларни излаяпти. Истиқболда бизнесни лойиҳа фао­лиятига фаолроқ жалб этишни ва савдони ривожлантириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда унинг ролини кучайтиришни режалаштиряпмиз.

Чунончи, “Савдога кўмак­лашиш” лойиҳасининг Наманган вилоятида амалга оширилаётган компоненти доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишда ёрдам кўрсатиш режалаштириляпти. Бунинг учун мавзувий семинарлар ва амалий тренинглар ўтказиш, истиқболли технологияларни танлаш ва пилот бизнес лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам бериш мўлжалланган.

– Охирги савол: қўллан­маларингизни қаердан харид қилиш мумкин?

– Қўлланмаларни Ўз­бе­кистондаги БМТТДнинг “Ташқи савдога кўмак ва Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш” лойиҳаси офисига 267-18-40 телефони орқали мурожаат қилиб олишингиз мумкин. Дарвоқе, улар бепул берилади.

Прочитано: 2645 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика