Кўп квартирали уйимизда яшовчи бир аёл ўз квартирасида бешта ит сақлайди. Аслини олганда мен ҳайвонларни ёқтираман, бироқ бу итларнинг кўриниши баҳайбат, биттаси эса жангари зотдан. Шу боис мен доим улар болаларимни тишлаб олиши мумкинлигидан хавфсираб юраман. Бундан ташқари, баъзан тунда итлар вовиллай ёки увиллай бошлашади. Марҳамат қилиб айтсангиз, қонунга кўра битта квартирада қанча ит сақлаш мумкин?
Е.А-ва.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани.
– Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари (ВМнинг 8.07.2011 йилдаги 202-сон қарорига 4-илова) Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни (хизмат итлари бундан мустасно) сақлаш тартибини белгилайди. Ушбу Қоидалар мазкур уй ҳайвонларининг барча эгалари, шу жумладан юридик шахслар учун мажбурийдир.
Санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш итлар ва мушукларни сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни сақлашга рухсат берилади.
Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда (арқон билан ва тумшуқбоғда) ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари - эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итлар вовиллашининг олдини олишлари керак.
Бундан ташқари, итларнинг эгалари итларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя майдончаларини, лифтларни, болалар майдончаларини, йўлкаларни, йўлакларни, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳоказоларни) ифлос қилишига йўл қўймасликлари, умумфойдаланишдаги жойларда итлар қолдирган экскрементларни олиб ташлашлари, итларнинг қўшнилар тинчлигини бузиб тинимсиз вовиллашига йўл қўймаслик чораларини кўришлари шарт.
Шаҳарларда ва бошқа аҳоли пунктларида итлар, мушукларни боқиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса – иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ленара ХИКМАТОВА,юрист.