Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 36 / Мен – истеъмолчиман

UZKART: DUETдан ON-LINEга

Бугунги кунда пластик карталар республикадаги деярли ҳар бир ишловчи одамда бор. Уларнинг қулайлиги шундаки, ҳамёнда кўп миқдорда нақд пул олиб юриш шарт эмас, картада етарлича маблағ бўлса, зарурат туғилганда қиммат турувчи товарлар, хизматларга терминал орқали ҳақ тўлаш мумкин.

 

Картани мамлакатнинг исталган банкидан олиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги ягона платформадан иборат бўлган, базасида ягона намунадаги пластик карталар чиқариладиган Uzkart умумий тизимига бирлашган. Қайси банкники бўлишидан қатъи назар, мазкур тизимга бирлашган карталар битта терминалдан тўловга қабул қилиниши мумкин, бу сотувчи учун ҳам (турли пластик карталарга хизмат кўрсатиши учун турли ускуналарга эга бўлиши талаб қилинмайди), истеъмолчи учун ҳам (бир хил намунадаги терминаллар кўп дўконларда бор) қулайдир.

2010 йилдан Ўзбекистонда DUET платформасидаги пластик карталар чиқарилган, 2015 йилга келиб эса on-line платформасига тўлиқ ўтиш режалаштириляпти. Жорий йилнинг май ойидаёқ матбуот анжуманида Марказий банк бир платформадан иккинчисига аста-секин ва босқичма-босқич ўтилишини маълум қилган эди. DUET карталари картада кўрсатилган амал қилишнинг физик муддати тугагунига қадар ишлайди.

Ягона умумреспублика процессинг маркази (бундан ке-йин – ЯУПМ) мутахассисларининг таъкидлашларича, онлайн-карталар анча қулай бўлиб, уларнинг имкониятлари кўпроқ.

Икки тизимнинг асосий фарқи шундаки, онлайн-карталар EMV платформасида реал вақт режимида ишлайди ва ҳисобрақам билан операциялар Интернет тармоғи ёки алоқа каналига уланиш ёрдамида амалга оширилади. Бундай технология бутун дунёда қўлланилади, MasterCard, Visa халқаро карталари унинг асосида фаолият юритади.

 

СОТУВЧИЛАРГА

DUET карталарининг ишлаш хусусияти 2 карта: мижоз ва савдо карталарининг мавжудлигига асосланади. Мижоз картасидаги маблағлар савдо картасига ўтказилади ва шундан кейингина банкда инкассацияланади. Савдо картаси транзакцияларнинг муайян сонига мўлжалланган бўлиб, лимит тугаганидан кейин сотувчи жамғарилган маблағларни инкассацияга топширмагунча пластик карта орқали тўловни қабул қила олмайди. Натижада савдо карталарининг «тўлиб кетиши» муаммоси юзага келди.

Бу ҳол, ҳатто Интернет орқали уланиш имкони мавжуд бўлганда пул тўловга қабул қилинган ускунада уни инкассациялаш мумкин бўлса-да, ишни қийинлаштиради. Аввалига баъзи сотувчилар бу жиҳатларни билмай, банкка бориб келганлар, бу эса, табиийки, вақтни олган, терминал орқали тўловни вақтинча қабул қилиш мумкин бўлмаган. Онлайн-карталар фойдаланишга топширилиши билан муаммо ҳал бўлди. Маблағлар автоматик равишда сотувчининг ҳисобрақамига ҳисобланади, энди банкка боришга зарурат қолмайди.

– Онлайн-карталар билан ишлаш қулай, – деб таъкидлайди сотувчи Ўткир Ҳамидов. – Бироқ операциялар секинлик билан бажарилади. DUET карталари билан улар тезроқ ўтган, бироқ яққол кўринадиган ижобий жиҳати бор – инкассацияни мунтазам ўтказиш зарурати йўқ. Дўконимда терминал телефон линияси орқали уланган, картадан тўловни қайта ишлаш учун бир дақиқа кетади, бу эса муайян ноқулайликлар туғдиради.

ЯУПМ мутахассисларининг таъкидлашларича, телефон линияси – энг суст ишлайдиган алоқа каналларидан биридир. Аслида картадан транзакциялар 3 сонияда амалга оширилади, алоқа эса 30 сония мобайнида ўрнатилади. ЯУПМни савдо шохобчаси билан боғлайдиган VPN канали энг ишончли каналдир. Шунингдек USB ёки CDMA модемлари нисбатан тезроқ ишлайди – телефон линияси йўқ жойларда уларга талаб бор.

Сотувчи онлайн-карталарга хизмат кўрсата олиши учун терминални ўзгартириш шарт эмас, илгари DUET карталари билан ишлаган терминалда дастурий таъминотни ўзгартиришнинг ўзи кифоя. Шуниси ибратлики, дастурий таъминотни жойнинг ўзида автоматик равишда алмаштириш мумкин, бунинг учун фақат ЯУПМ серверига уланиш керак, шунда терминал DUET ва онлайн карталарига ишлов бера олади.

Ҳозирги вақтга келиб 110 минг терминал тутувчилари дастурий таъминотни ўзгартириш таомилини амалга оширдилар, бу эса мамлакатдаги мавжуд ускуналарнинг деярли 100%идир. Алмаштириладиган ёки ҳисобдан чиқариладиган терминаллардагина дастурий таъминот модернизацияланмаган.

 

ХАРИДОРЛАРГА

Харидорнинг нуқтаи назаридан олганда ҳам онлайн-карталарни жорий этиш афзалроқдир. Илгари ноҳалол сотувчилар тўловни пластик карталар бўйича қабул қилишдан бош тортиб, бунга банкнинг ишламаётганлиги, сотувчининг картаси эса тўлиб кетганлигини важ қилардилар. Онлайн-карталар фойдаланишга киритилиши билан сотувчининг оралиқ картага эга бўлишига зарурат қолмади.

Дастурий таъминоти янгиланган терминалларнинг сонини ҳисобга олганда онлайн-картани тўловга қабул қилишдан бош тортишни фақат сотувчининг шахсан рўйхуш бермаслиги ёки алоқа каналининг ёмон ишлаши, унинг узилганлиги ва бошқа техник носозликлар билан асослаш мумкин.

Шунингдек онлайн-карта тутувчиси илгари DUET карталарининг эгаларига берилмаган бир қатор афзалликлардан фойдаланиши мумкин. Бунга ЯУПМ сайтида фойдаланиш мумкин бўлган интернет-банкинг (uzkart.uz) мисол бўла олади.

Онлайн-карталар тутувчилари доимо ўз балансларидан хабардор бўладилар. Телефон рақами рўйхатдан ўтказилганда карта эгасига ҳисобрақамдаги қолдиқни кўрсатган ҳолда ундан маблағлар олинганлиги тўғрисида СМС хабари келади. Шунингдек карта тутувчисини пин-код алмаштирилган ва карталар билан операциялар (блокировкалаш, блокировкадан чиқариш) ўтказилган тақдирда огоҳлантирадилар.

Жами 2,3 миллиондан ортиқ онлайн-карта муомалада бор, уларнинг сони DUET карталари амала қилишининг техник муддатлари тугашига қараб кўпайиб боради.

Истиқболда USSD*-сўровлар ёрдамида онлайн-карталарни бошқариш хизматини жорий этиш режалаштириляпти, улар ёрдамида балансни билиш, онлайн-картани блокировкалаш ва блокировкадан чиқариш мумкин бўлади.

Банкка келмасдан туриб онлайн-картани блокировкалаш – DUET карталари билан таққослаганда яна бир афзалликдир. DUET картаси йўқолган ёки ўғирланган тақдирда унинг эгаси банкка бориши, картани блокировкалашга ариза ёзиши керак эди, фақат муайян вақт ўтгандан кейингина карта блокировкаланарди. Бу вақт ичида, айниқса кўпгина карта тутувчиларнинг пароли стандарт бўлишлигини ҳисобга олсак, маблағларни биров ўзлаштириб олиши мумкин эди. Тўғри, нотўғри пароль бир неча марта терилганда карта блокировкаланади. Шунга қарамай, у блокировкалангунига қадар ўғрининг ҳисобрақамдан пул олиши эҳтимоли катта. Карталар олисдан блокировкаланганда ҳисобрақамдаги маблағларни сақлаб қолиш имконияти пайдо бўлади.

DUET карталарида 2 та: очиқ ва ёпиқ ҳисобрақам мавжудлиги ҳам яна бир фарқ ҳисобланади. Карта эгаси маблағларнинг бир қисмини ёпиқ ҳисобрақамдан очиқ ҳисобрақамга юклаши ва дўконларда харидлар ҳақини тўлаши мумкин. Бироқ бу ҳолда пуллар ҳисобрақамга келиб тушганда юклаш таомилидан ўтиш лозим (касса операторида, ахборот киоскалари ёрдамида ва бошқалар). Онлайн-карталар ҳисобига пул автоматик равишда келиб тушади, қўшалоқ ҳисоб юритишга зарурат йўқ.

– Йил бошида мен бошқа ишга ўтдим, янги карта очишимга тўғри келди, – дейди Екатерина Каримжонова. – Илгари менда DUET картаси бор эди, энди онлайн-карта беришди. Ярим йилча аввал онлайн-карталарга хизмат кўрсатувчи терминаллар кам эди, бироқ июнга келибоқ вазият тенглашди – энди мен илгари DUET картаси воситасида маҳсулотлар сотиб олган дўконларнинг ўзида карталаримдан бемалол фойдаланяпман. Бироқ негадир баъзи дўконларда тўлов тезроқ ўтса, бошқаларида секин ўтади, бунинг сабабини сўраб берган саволимга сотувчилар елка қисишади, Интернет ёмон ишлаяпти дейишади. Ҳар ой банкка мурожаат қилиб, маблағларни картага доимий тарзда юклаш ёки пластик карталар билан ишлайдиган инфокиоскаларни излаш керак эмаслиги жуда яхши. Карта олгач мен дарҳол ҳисобрақам тўғрисидаги информер хизматига уландим. Энди пуллар қачон картага қайд этилишини кўриб бораман, ҳар бир хариддан кейин қанча пул қайси дўконда олинганлиги, қанча маблағ қолганлиги кўрсатилган СМС хабари келади.

Онлайн-карта олиш учун DUET картаси сафдан чиқишини кутиш шарт эмас. Исталган вақтда банкка ариза билан мурожаат қилиб, онлайн-карта очиш мумкин. Ҳар бир банк ўз муддатини белгилайди, уларнинг шартлари билан яқин орадаги банк бўлинмасида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

*USSD (Unstructured Supplementary Service Data) – GSM тармоқларидаги стандарт сервис, у тармоқ абоненти билан сервис иловаси ўртасида қисқа хабарларни узатиш режимида интерфаол ҳамкорликни ташкил этиш имконини беради.

 

Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.

 

Мақолани тайёрлашда
uzkart.uz сайти материалларидан фойдаланилди.

Прочитано: 2452 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика