Norma.uz

Неустойка суммасини суд белгилайди

Корхонамиз 100 млн сўм миқдорида қарз ва 50 млн сўм миқдорида неустойка ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди, чунки етказиб бериш шартномасида тўловнинг муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,4% миқдорида, бироқ тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня ундириш назарда тутилган. Бироқ хўжалик суди не-устойка суммасини 20 млн сўмга қадар камайтирди.
Тушунтириб берсангиз, қандай ҳолларда суд жавобгар томонидан тўлов бўйича ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун пеня миқдорини камайтиришга ҳақли?
А.Чиркова, корхона бош бухгалтери.
Тошкент вилояти.


– Фуқаролик кодекси (ФК)-нинг 261-моддасига мувофиқ қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.
Одатда пеня бундай талаб бевосита шартномада назарда тутилганда ундирилади. Баъзи шартномаларда пеняни тўлаш масаласи бўйича қонун ҳужжатларига  асосан «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) ҳавола қилинади. Шунингдек ФКнинг 263-моддасига кўра,
неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Қонуний неустойканинг миқдори, агар қонун тақиқламаса, тарафларнинг келишуви билан кўпайтирилиши мумкин.
Судлар неустойка (пеня, жарима) миқдорини аниқлашда шартноманинг қайси банди талаблари қанчалик даражада бузилганлиги, тарафлар тақдим этаётган ҳисоб-китобларда қайси давр учун ва қанча миқдорда жавобгарлик кўзда тутилаётганлигини, у қайси қонун ёки шартноманинг бандига асосан белгиланганлигини асослантиришлари, зарур ҳолларда неустойканинг ҳисоб-китобини қайта ҳисоблаб чиқишлари, тарафларнинг талаби билан мутахассисларни ҳисоб-китобларни аниқлаш учун жалб этишлари, экспертиза тайинлашлари лозим1.
Пеня миқдорини камайтириш ФКнинг 326-моддаси қоидалари бўйича амалга оширилади. Ушбу моддага кўра суд қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойкани камайтиришга ҳақли. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд неустойка миқдорини ФКнинг 326-моддаси қоидалари бўйича камайтиришга ҳақли, тўланадиган пенянинг якуний миқдори ҳар бир ҳолда даъво аризасини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланади.

1Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» қарори (4.03.2002 йилдаги 103-сон) 13-банди.

Жавобларни адвокат Павел СИЛЬНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2244 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика