Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 27 / Кўп билган кам бўлмайди

Асрий чанглар қаъридаги йиллик ҳисобот

ИБТИДО
Ҳисоб ва ҳисобот тарихининг ибтидоси қадим-қадим даврлардан бошланади. Рим шаҳрининг харобаларида изланиш олиб бораётган археологлар қўшқулоқ сопол кўзачалардан анча-мунчасини топишди. Бу идишларда сақланган маҳсулотнинг номи, миқдори ва тайёрланган (етиштирилган) жойи қайд этилган эди. Рим империясининг кўплаб вилоятларидан тужжорлар келтирган озиқ-овқатларнинг барчаси, маълум бўлишича, ҳисобга олиб борилган. Махсус тайёргарлик кўрган одамлар омборхоналарнинг эгалари ҳузурига бориб, мунтазам равишда ҳисоб ёзувларини солиштириб кўришган, моддий қимматликларнинг муайян қисмини давлат фойдасига деб олиб кетишган.
Шуни ҳам айтиш керакки, айни ўша кезлари ҳам уддабурон одамлар «солиқларни мақбуллаштириш»дан бехабар бўлмаган эканлар. Шу сабабли ҳам товарларнинг бир қисми маъмурларга тақдим этиладиган ҳисоботларга киритилмаган. Ҳисоб юритишдаги бу қалтис қадам қимматга тушиши, яъни ҳаётдан маҳрум бўлиш мумкин эканлигига қарамай, шундай қилаверишган. Ўша даврларда солиқ хизмати мутасаддилари яхшигина қуролланган бўлиб, солиқдан бўйин товлаганларни жазолашни чўзиб ўтиришмасди.
Бироқ ҳисоб юритишни айни маърифатли римликлар ўйлаб топишган дейиш тўғри бўлмайди. Уларга қадар ҳам бошқа кўпгина халқлар ўз хўжалик фаолияти юзасидан ўзига хос тарзда ҳисоботлар тайёрлашган ва буларнинг бир қисми бизгача етиб келган. Кўҳна тамаддунларга мансуб қаср ва саройлар харобалари ўзига ишонган ҳар қандай ҳукмдор ишларининг аҳволидан жамоатчиликни хабардор қилишга ҳаракат қилганлигидан далолат беради. Қад ростлаётган иншоотларнинг деворларида ҳарбий юришларнинг натижалари, бинобарин душманлардан қанчаси ўлдирилганлиги ва асир олинганлиги, ўлжа қилиб олинган қимматликлар, маъбудлар йўлида қурбон қилинган жониворларнинг, садоқатли навкарларга мукофот тарзида берилган нарсаларнинг миқдори қайд этилган. Бу оммавий ҳисобот дейишга арзимайдими?
Жумладан мисрликлар эҳромларни барпо этиш чоғида мазкур улкан иншоот бунёдкорлари истеъмолига сарфланган егулик­ларнинг рўйхатини тошларга ўйиб ёзишга ҳаракат қилишган. Кўҳна Мисрдаги ҳисоб иши билан шуғулланган ходимлар заҳмати туфайли қадимгилар дастурхонида пиёз, саримсоқ, редиска бўлганлигини биламиз.
Вавилон аҳли ҳам ўз мол-мулки ҳисобини ўлчами ва оғирлиги ғиштга тенг бўлган, оловда пишитиб олинган сопол лавҳаларда қайд этиб борганлар. Вавилонликлар ана шу салмоқдор ҳужжатларни махсус бунёд этилган биноларда сақлашган. Афина фуқаролари бунчалик омилкорликка бориб етмаганлар – оила бошлиғи эгалигидаги бойликларга оид маълумотларни мармар ва бронза плиталарга ўйиб ёзганлар. Афиналиклардан бойлиги миқдорини элга ошкор қилишни сўрашнинг ҳожати бўлмаган. Улар ҳар қандай йўловчини ўз мақомларидан хабардор этиш учун «ҳисоботлари»ни ибодатхоналар олдида ва йўл ёқаларида намойиш учун қўйишарди. Негаки ўша кезлари одамнинг ижтимоий мавқеи бойлиги қанчалигига боғлиқ эди.
Кўҳна ҳисоботларнинг мукаммаллик даражаси юқори бўлмаганлиги эҳтимолдан холи эмас, аммо уларни тайёрлаш ҳам осон бўлмаганлиги бор гап.

АСЛ АЙНАМАС
Ўрта асрларни рутубатли давр деб бежиз айтишмайди. Ўша кезлари ёзма ҳисобот бутунлай ишончдан чиқиб таназзулга юз тутди. Англия диёридаги заминдорлар ёзма матнларга нисбатан ўз гумашта ва бошқарувчиларининг оғзаки хабарларига кўпроқ ишонар эдилар. Ер эгаларининг фик­рича, бундай матнларни қалбакилаштириш осон бўлган. Ўз хизматидагилар «кўрсатмалари»ни ўзгартирмасликлари учун ҳам ҳисоботлар гувоҳлар ҳозирлигида эшитилган.
Ҳисоб ишини юритишда XIII аср охирлари кескин бурилиш даври бўлиб қолди. Изчил ривожланиб бораётган савдо-сотиқ ва ишлаб чиқаришнинг залвори остида ҳисобот ҳам ижобий тараққиёт йўлига ўтди. Қиймат ўлчови ҳисобот асосига айланди. Аввалига баланс, кейинроқ эса фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот амалиётга дадил кириб борди. Айни ўша даврлардан эътиборан баланс асосий ҳисобот шакли деб ҳисобланадиган бўлди.

РОССИЯЧА ЁНДАШУВ
Рус давлатида князлар, катта ер эгалари ва бошқа бадавлат кишилар асрлар мобайнида ўз мол-мулки ҳисоботини юритиб келдилар, аммо бу иш Пётр I даврига қадар бетартиб, пала-партиш қилиб келинди. Ислоҳотчи шоҳ Россия давлатида тартиб ўрната бориб, умуман олганда, мамлакат бухгалтериясининг ва хусусан йиллик ҳисоботнинг пойдеворини барпо этди. У 1740 йили чиқарган Банкротлик тўғрисида фармонга кўра ҳар бир тугалланган йил бўйича баланс чиқариш лозим эди. Мазкур ҳужжат тавсия хусусиятига эга бўлганлиги боис ҳамма ҳам уни амалиёт учун қўлланма сифатида қабул қилди деб бўлмайди. Шунга қарамай, мазкур ҳужжат йиллик бухгалтерия ҳисоботини тузишга асос солди.
Улгуржи савдо билан шуғулланувчи тужжорларнинг аксарияти қўлга киритилган мўмайгина даромадни ўзимиз билсак бўлди, бундай маълумотларни салтанат эгаси эътиборига етказиш шарт эмас деб ҳисобларди. Шу йўсин савдогарлар ўз фаолиятлари натижаларини маълум қилишмаган, давлат эса улардан бу ҳақда сўрамаган ҳам.
Россия XIX асрга қадар шу зайил тинч-осойишта ҳаёт кечириб келган. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Акциядорлик жамиятлари пайдо бўлди ва жадал ривожлана борди. Уларнинг сони 1836 йили бармоқ билан санарли даражада бўлган бўлса, шу асрнинг охирларига келиб, 2,5 мингтага етди. Ишни ташкил этишнинг янгича шакли тамомила бошқача қоидаларни тақозо этди. Эгалик қилиш ва бошқариш вазифалари ажратилди. Мулкдорлар ўз маблағларини ёлланма бошқарувчига ишониб топширар эканлар, табиийки, пуллари қандай ишлаёт­ганлигини билишни истардилар. Шундай қилиб, фаолият самарадорлиги ҳақида тасаввур берувчи йиллик бухгалтерия ҳисоботи зарурияти келиб чиқди.
Саноат солиғининг жорий этилиши ҳам йиллик ҳисобот кенг тарқалишига олиб келди. Тегишли Фармон бухгалтерия ҳисоботини тузиш тартиботини расамадга солди ҳамда бундай ҳисоботни барча манфаатдор тарафларга тақдим этиш мажбуриятини белгилаб қўйди. Чунончи, Фармоннинг 473-моддасига биноан «корхоналарнинг бошқарувлари, масъул агентликлари ва бош вакиллари ҳар йили «Вестник финансов» журналида якунловчи балансларни ва йиллик ҳисоботлардан кўчирмаларни эълон қилишлари лозим». Тўғри, бундай балансларнинг тузилиши, моддаларнинг таркиби, баҳолаш ва тақдим этиш усуллари ҳали белгиланган эмасди. Тасдиқланган йўриқномаларнинг бир неча умумий қоидалари ишламоқда эди, холос. Шу сабабли ҳам маълумотларни ҳар бир корхона ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда эълон қиларди. Мабодо корхона эгалари катта дивиденд тўланганлигини ёки қўшимча акциялар чиқарилганлигини оқламоқчи бўлсалар, баланс активини унга «текшириб кўрилмаган фойдали қазилма бойликлари», «сувнинг ҳаракатланувчи кучи» ва шу сингари моддаларни киритиш йўли билан ошириб кўрсатар эдилар. Молиявий кўрсаткичларни пасайтириб кўрсатиш кимга фойда берса, шу шахс қўчмас мулк, товар-моддий бойликлар қийматидан, дебиторлик қарзидан хоҳлаган миқдордаги суммани сарф-харажатга кетган деб ҳисобдан чиқарарди.
Фойда ва зарарлар ҳақидаги ҳисобот беришга ўтилгач, ишлар бирмунча яхшиланди. Эндиликда йўриқнома ялпи даромад таркибини, ундан ажратмаларни ва харажатларнинг турларини анчагина қатъий тарзда тартибга сола бошлади.
Мамлакатда ҳисобот юритиш 1917 йилги тўнтаришдан кейингина тўлиқ тартибга солинди. Ҳисобот шаклларининг мажбурий бланкалари пайдо бўлди ва йиллик ҳисобот ягона услубга солинди. Бироқ ўшандан буён ўтган йиллар мобайнида мазкур ҳужжат бир неча бор ўзгартирилди, такомиллаштирилди.
Халқаро миқёсдаги ягона қоида йиллик ҳисобот тайёрлаш қоидалари бўлиб қоладиган даврлар, бизнингча, узоқ эмас. Ана ўшанда барча мамлакатларнинг бухгалтерлари бу ҳужжатни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти бўйича тайёрлайдиган бўладилар.


Хорижий матбуот материалларидан.

Прочитано: 2079 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика