Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 27 / Бизнинг лойиҳалар

Электрон ҳисобот: Тез ва қулай

Давлат органлари томонидан интерфаол хизматларнинг бухгалтерлар учун ҳам жорий этилиши орқали иш жойида ёки уйдан туриб фойдаланса бўладиган бир қатор сервислар пайдо бўлди. Бунда интерфаоллик деганда давлат органлари билан янада жадал ахборот айирбошлаш ва ваколатли органларда навбатда туришга вақт сарфлаш заруратининг бўлмаслиги тушунилади. Чунончи, интерфаол режимда солиқ органлари, статистика органлари ва Халқ банкига ҳисоботлар топшириш мумкин.
ҚОНУНЧИЛИКНИ такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013–2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирлар дастурининг (Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармони билан тасдиқланган) 16-бандига кўра барча тадбиркорлик субъектларини 2014 йил охиригача солиқ ҳисоботини топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилганлигини қайд этиб ўтамиз. Тегишинча, ҳар бир амалиётчи бухгалтер 2015 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига (бундан кейин – ДСҚ) электрон ҳисобот топшириш дастури билан ишлай олиши керак.
Ўз навбатида, ДСҚ томонидан электрон ҳисобот топшириш тизимининг максимал ишлаш салоҳияти таъминланмоқда. Хусусан, юкланиш даражаси энг юқори бўлганда ҳам кўплаб фойдаланувчилар дастур билан бир вақтда ишлаганда алоқа сифатини таъминлаш учун ДСҚда ҳажми 20 Мбит бўлган алоқа канали (оптик толали) ажратилган. Канал юкланиши бир меъёрда бўлганда у фақат 30–40%, юкланиш даражаси энг юқори бўлганда эса 70% фойдаланилади. Асосий алоқа канали ишида узилишлар бўлган ҳоллари учун ҳажми 5 Мбит бўлган захира канал ажратилган. У электрон ҳисобот топшириш бўйича дастур маълумотларига ишлов беришда банд бўлган серверларнинг узлуксиз ишлаш имкониятини таъминлайди. Шу сабабли ҳисоботларни қабул қилишда техник муаммолар бўлмаслиги керак, фақат дастур билан ишлай билмаслик ва тажрибасизлик сабабли муаммолар юз бериши мумкин.

БУХГАЛТЕРЛАРГА ҳисоботни электрон шаклда топшириш кўникмаларини ўзлаштиришда ёрдам бериш мақсадида «Norma» профессионал ривожланиш маркази улар учун тренинг-маслаҳатлар туркумини ташкил этди.
Тренинглар доирасида солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимлари билан ишлайдиган бухгалтерлар ўқитилди. Машғулотлар давомида солиқ, молиявий, статистик ҳисоботлар ва ШЖБПҲ бўйича ҳисобот топширишнинг хусусиятлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг директор ўринбосари Шарифжон ҚАЮМОВ тренинг иштирокчиларига ДСҚга электрон ҳисобот топшириш дастурининг онлайн версиясида ишлаш кўникмаларини ўргатди.
Хусусан, у МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан қабул қилинган солиқ ҳисоботининг янги шаклларини онлайн режимида e-hisobot.uz ва otchet.uz сайтларида тўлдириш қоидаларини тушунтирди.
Солиқ органларига ҳисобот топшириш сервиси бир неча йилдан бери мавжудлиги ва республика корхоналарининг бухгалтерлари у билан ишлаганликларини ҳисобга олган ҳолда семинар иштирокчиларида дастурнинг иши хусусида саволлар юзага келди.
Тренингда дастурнинг ҳисоботларни қабул қилишни рад этишининг асосий сабаблари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Олиб борувчи йиғилганлар эътиборини шаклларни тўлдиришда ҳисоблаб ёзишлар ва тўловларнинг аниқ саналарига риоя этиш кераклиги далилига қаратди, акс ҳолда ҳисобот қабул қилинмайди ва нотўғри деб белгилаб қўйилади.
Семинар иштирокчиларини бир марта киритилган маълумотларнинг сақланмаслиги ва ҳар гал уларни янгидан киритиш зарурлиги масаласи ҳам қизиқтирди.
– Иш онлайн режимида юритилиши ва бевосита алоқа (Интернет) сифатига боғлиқлиги туфайли маълумотлар сақланмайди, – деб жавоб берди Ш.Қаюмов. – Агар сиз барқарор тарзда уланмай, бизнинг серверимиз билан алоқада бўлмасангиз, илгари киритилган ахборотни қайд этиб бўлмайди. Шу боис киритилган маълумотларни ДСҚ серверида нафақат шакл билан ишлашни тугатгандан кейин, балки ахборот киритиш босқичида ҳам сақлаш керак. Ҳисоботнинг у ёки бу шакли юқори бурчагида «Сақлаш» тугмачаси мавжуд, уни активлаштирсангиз ҳисобот Марказ серверида сақланади, бироқ уни жўнатмайди. Агар сизда электр ёки алоқа билан боғлиқ
муаммолар бўлиши мумкинлигини билсангиз, киритилган маълумотларни тез-тез сақлаб туринг. Зарурат бўлганда доимо шаклга қайтиш ва уни ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда тўлдириш ёки, қайта текшириб, ДСҚга юбориш мумкин.
Марказимиз мутахассислари ҳисобот топширилишини кузатадилар. Мониторингга кўра сўнгги 3 кунда фойдаланувчиларнинг фаоллиги ошгани кузатилмоқда. Одатда бухгалтерлар ҳисоботларни бир маромда топширмайдилар, муддат тугашига бир неча кун қолганда эса серверга тушадиган юк кўпаяди ва дастур секинроқ ишлайди – ҳисоботни «охирги дақиқада» топширишда шуни ҳам ҳисобга олиш керак.
Тренинглар иштирокчилари эътибор қаратган яна бир муаммо – дастурда баъзи имтиёзларнинг мавжуд эмаслиги.
– Агар бизга бу хил ахборотни ҳисобот топшириш дастурига қўшишни сўраб қўнғироқ қилишса ёки ариза беришса, уларни ДСҚнинг юридик бўлимига жўнатамиз, масала айни ўша ерда ҳал этилади, – деб тушунтирди маърузачи. – Бундан ташқари, имтиёзлар кўрсатилган шаклларга эътибор беринг. Уларни тўлдиришда дастур бевосита мазкур корхонага нисбатан қўллаш мумкин бўлган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда созланган. Фойдаланувчи қолган имтиёзларни қўллай олмайди. Бунда имтиёзларни қўллаш бўйича шакл тўлдирилганидан кейин ахборот умумий шаклнинг тегишли ячейкаларига автоматик тарзда кўчирилади, бу эса ҳисобот билан ишлаш вақтини қисқартиради.
– Бизнинг ташкилотимиз ҳисоботни электрон шаклда топширди, – дейди тренинг иштирокчиларидан бири. – Уни жўнатиш санаси – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 22-куни, инспектор эса унга ишлов беришимиз учун 26-кунда, яъни ҳисобот даври тугаганидан кейин бир кун ўтказиб уни қайтарди. Дастуримизда ҳисобот кечикиб топширилганлиги қайд этилди. Ташкилотимиз учун қандай оқибатлар юзага келади?
– Ҳақиқатан ҳам дастур бундай ҳисоботларни ўз вақтида топширилмаган деб қайд этади, – дея тушунтириш берди Шарифжон Қаюмов. – Бироқ ташкилотингиз жазоланмайди. Солиқ кодексининг 45-моддасига мувофиқ солиқ ҳисоботини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш санаси бўлиб солиқ ҳисоботи электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда ушбу орган томонидан электрон ҳужжат олинган сана ҳисобланади.
Бундан ташқари, маърузачи дастурда «Контрагент маълумотлари» деб номланган янги функция назарда тутилганлиги тўғрисида ҳикоя қилди. Бу ерда электрон шаклда ҳисобот топшириладиган «Персонал кабинет» эгаси контрагентни қўшиши мумкин ва у ўзининг логини ва паролини киритганда таҳрир қилиш ҳуқуқисиз корхонанинг маълумот берувчи ахборотидан фойдалана олади.
Тренингда иштирокчилар маърузачи билан бевосита мулоқот қиладилар. Ўз хоҳишларини изҳор қилиш имкониятидан фойдаланиб, улар хусусан, рақамларни даражалаш (минг, млн га ажратиб ёзиш)ни дастурга киритиш кераклигини таклиф қилдилар.
Бухгалтерлар ўз илтимосларини нолларни киритиш чоғида чалкашиб кетишлари мумкинлиги ва сонларни даражалаш ушбу муаммони ҳал қилиши мумкинлиги билан изоҳладилар.
ДСҚга электрон ҳисоботни топширишдан ташқари, тренинг давомида Халқ банкига ҳисоботни e-registr дастурий маҳсулоти ёрдамида топшириш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур дастур билан ишлаш, дастур ва унинг функционали ишининг хусусиятлари тўғрисида Халқ банкининг Ахборот технологиялари департаменти рес­публика бошқармаси ходими Фаррух РАСУЛОВ ҳикоя қилди.
Унинг асосий ишлаш қоидалари иштирокчиларга таниш. Улар дастурдан бир неча йиллардан бери фойдаланадилар, бироқ ҳали ҳам бир қатор саволлар юзага келяпти. Чунончи, турли компьютерларда дастур билан ишлашда маълумотларни қандай қилиб синхронлаштириш назарда тутилмаган. Маърузачи маълумотларни турли компьютерларда қандай қилиб синхронлаштириш кераклиги хусусида тавсиялар берди.
Синхронлаштиришдан фойдаланиш жуда қулай, чунки маълумотларни сақлашда зарур ахборот ҳар гал қўлда киритилмайди, бу эса айниқса ШЖБПҲ тўловчиларнинг катта штати билан ишлашда қулайлик туғдиради. Бу ерда ходимлар сонига тузатиш киритиш, ихтиёрий ажратмаларни ҳам ҳисобга олган ҳолда уларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимига ажратмалари тўғрисида ахборотни киритиш мумкин.

СТАТИСТИКА органларининг ҳам электрон ҳисоботни жўнатувчи ўз дастури – eStat 2.0 бор. Тренинг иштирокчиларини унинг хусусиятлари билан BePro дастурчилар марказининг (илгари Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази сифатида маълум эди) мутахассиси Камилла Аҳмаджонова таништирди. Марказ мутахассислари унинг ёрдамида Давлат статистик қўмитасига электрон ҳисобот топшириладиган дастурий маҳсулот ишлаб чиққанликларини эътиборга олиб, тренинг иштирокчилари бевосита дастурни ишлаб чиққанларга саволлар беришга, унинг функционал имкониятларидан хабардор бўлишга муваффақ бўлдилар. К.Аҳмаджонова дастурий маҳсулотнинг асосий модулларини намойиш этди, унинг афзалликлари тўғрисида ҳикоя қилди ва иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.
Бухгалтерлар тренингда олинган ахборот кундалик фаолиятлари учун ғоятда фойдали эканлиги, амалий кўникмалар эса ваколатли органларга электрон ҳисобот топшириш чоғида муаммоларга дуч келмаслик имконини беришини таъкидладилар.


Ольга КИРЬЯКОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 5624 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика