Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 27 / Фармон ва шарҳ

Мамлакатнинг таянчлари ёки фермер хўжаликлари фаолиятига бир назар

«Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун фермерлар – мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир».
Ислом Каримов.

Бугун дунё аҳолиси шиддат билан кўпайиб, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётган бир шароитда аграр соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барча давлатлар учун бирдек долзарб масалага айланди.
Маълумотларга қараганда, агар республикамизга 1990 йилда аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган ғалланинг 82 фоизи, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 50 фоиздан кўпроғи, сут ва сут маҳсулотларининг 60 фоизи, картошканинг эса 50 фоизи четдан келтирилган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон ана шу маҳсулотларни экспорт қилувчи давлатга айланди. Айни пайтда мамлакатимизда 70 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, юртимизда етиштирилаётган жами қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 98 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистонда истиқлол йиллари мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилди, уни изчил қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрда қабул қилган «Ўзбекистонда фермерлик фаолия­тини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4478-сон Фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичига олиб чиқди, десак муболаға бўлмас, ана шу Фармон асосида Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши ташкил этилди.

ЯНГИ ТУЗИЛМА
ЎЗИНИ ЎЗИ
БОШҚАРИБ БОРАДИ
Янги тузилманинг аввалгисидан фарқи шундаки, Фермер хўжаликлари уюшмаси юқоридан қуйига қараб (республика-вилоят) шаклланган бўлиб, ҳудудий ташкилотлар республика уюшмасининг филиаллари ҳисобланган ва фермерларнинг туман бўлимлари мавжуд бўлмаган. Фермерлар кенгаши эса қуйидан юқорига қараб (туман-вилоят-республика) шаклланади ва унинг ҳудудий ҳамда туман кенгашлари алоҳида юридик шахс мақомига эга нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бунда туманлар фермер кенгашларининг раислари ҳудудий кенгаш аъзолари ҳисобланади, ҳудудий кенгаш раислари эса Ўзбекистон Фермерлари кенгаши таркибига киради.
– Фермерлик ҳаракатида энг муҳими – ер эгасини топсин, яъни халқимиз айтганидек, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, – дейди респуб­лика Фермерлар кенгаши мутахассиси Соҳибжон Хотамов, – агар илгари Фермер хўжаликлари уюшмасининг 29 аъзосидан 10 нафари давлат бошқаруви органлари ходимлари бўлган бўлса, эндиликда ҳудудий кенгаш аъзолари (15-21 нафар) фақатгина фермер хўжаликлари раҳбарлари таркибидан иборат бўлади.
Айни пайтда тузилманинг асосий таркибий қисми бўлган кенгашларга жами 1 905 нафар етакчи фермер сайланиб, уларнинг 23 нафари республика Кенгаши, 251 нафари ҳудудий ва 1 631 нафари туман кенгашларида фаолият бошладилар. Уларга соҳа билимдонлари, фермерларнинг ҳаётий муаммоларидан хабардор кишиларнинг раҳбар этиб сайлангани соҳада бошқарув тизимини янада мукаммаллаштиришга хизмат қилади, дейиш мумкин.
Шу билан бирга, Кенгаш фермер хўжаликларини ташкил қилиш ва қайта тузишда, уларга ер майдонларини узоқ муддатга ижарага беришда ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик тамойилларини таъминлаш мақсадида жамоатчилик назоратини ҳам ўрнатади.
Президентимиз жорий йил 19 июнда жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Жиззах ва Сирдарё вилоятларига қилган ташрифида «Ҳозирги давр фермерлари нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, селекционер, бизнесмен ҳам бўлиши даркор», деб таъкидлади. Зеро, соҳада олиб борилаётган ишлардан яна бири, фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нафақат хом ашё сифатида сотиш, балки маҳсулотни ўзлари томонидан мустақил тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, истеъмолчиларга тайёр ҳолда етказиб бериш, хизмат кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятни ривожлантиришдан иборатдир.
Шу боис, Кенгаш аъзолари тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда барча ҳудудларда бўлиб, фермер хўжаликлари билан учрашувлар ўтказди ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича махсус Дастур ишлаб чиқишди. Дастурга биноан 2013 йилда 17 мингдан ортиқ фермер хўжаликларини (27 фоиз) кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш назарда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда 7 033 та кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Прогнозларга кўра 2013 йил давомида мамлакатмизда 8 минг гектарга яқин майдонда боғлар, 4 минг гектар майдонда янги токзорлар, 395 нафар фермер хўжаликларида гўшт, сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари, 2 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари қорамолчилик ва паррандачилик, 1 200 дан ортиқ фермер хўжаликларида балиқчилик ва асаларичилик соҳалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Дастурнинг ижросини таъминлаш учун 740 млрд сўмдан ортиқ маблағ жалб этилади ҳамда бу жорий йилда қишлоқ жойларда 90 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Маълумки, фермерлик осон касблардан эмас, соҳада яхши мутахассис бўлиш учун ўқиб-ўрганиш, малака ошириш заруратга айланмоқда. Шу мақсадда ҳар бир туманда қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари қошида фермерлар малакасини ошириш ўқув марказларининг очилиши мўлжалланаётир. Уларда намунавий тарзда паррандачилик, асаларичилик, интенсив усулда балиқ етиштириш, боғ барпо қилиш, томчилатиб суғориш ва бошқа илғор технологияларни ўзлаштириш имконияти вужудга келади.
Шунингдек, республиканинг 120 та туманида фермерлик ҳаракатининг «қанотлари» ҳисобланган соҳалар – ҳуқуқ, иқтисодиёт, молия, агротехника ҳамда бошқа масалалар бўйича консалтинг марказлари тармоғини, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқариш, харид қилиш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича фермер хўжаликлари кооперациясининг турли шаклларини ташкил этиш ва кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда.

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТАКОМИЛЛАШАДИ
Эътиборли жиҳати шундаки, Фармон билан эндиликда Фермерлар кенгашларига бир қанча ҳуқуқ ва ваколатлар берилган бўлиб, хусусан фермер хўжаликлари манфаатини кўзлаб судларга даъво аризаларини тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, маҳаллий ҳокимият идоралари қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари устидан судга давлат божи тўламасдан шикоят қилиши мумкин.
Қолаверса, ўрнатилган тартибга мувофиқ, фермер хўжаликларига ер майдонларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиялари таркибига Фермерлар кенгашларининг раислари ҳам киритилади. Шунингдек, мутасадди идоралар томонидан фермерларга алоқадор ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорлар ишлаб чиқилаётганида Кенгаш вакилларининг иштироки таъминланади.
Бундан ташқари, Кенгаш фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларга сувни тежайдиган самарали технологиялар, биринчи навбатда, томчилатиб суғориш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга кўмаклашади.
Фармон асосида аграр соҳага оид энг муҳим учта ҳужжат – «Фермер хўжалиги тўғрисида» ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиладиган бўлди.
Жумладан, парламентнинг қуйи палатасида муҳокама этилаётган «Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси билан «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йилдаги 602-I-сон) 18-моддаси иккинчи қисмига фермер хўжалигининг устав фондини шакллантириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги нормани киритиш таклиф этилмоқда. Унда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари фермер хўжалигининг устав фондига киритилиши назарда тутилган. Эксперт ва фермерларнинг фикрича, бу норманинг киритилиши фермер хўжаликларининг молиявий активларини ошириш, қўшимча асосий воситалар, айланма маблағлар, захира базасини яратиш, гаров капиталини кўпайтириш орқали ўз моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қолаверса, кредит ресурсларидан фойдаланишда қўлланилмаётган резервларни ишга солиш, маблағларни ўз хўжалигини капиталлаштириш учун йўналтириш ҳамда иқтисодий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.
Шунингдек, Қонуннинг 32-моддасида белгиланган фермер хўжалигини тугатиш асослари ҳам кенгайтирилмоқда. Ушбу қўшимча билан фермер хўжаликларининг устав фондини шакллантириш бўйича мажбуриятлар бажарилиши масалалари қатъий равишда белгилаб қўйилмоқда. Бунда фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш танловида фермер хўжалигининг бошлиғи томонидан кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари устав фондига киритилмаган тақдирда, фермер хўжалигини тугатиш асоси белгиланмоқда. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан товарларни ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажаришда риоя этилиши талаб этиладиган норматив ва стандартлар талаблари рўйхати кенгайтирилмоқда.
Амалиётга томчилатиб суғоришни жорий қилган юридик шахслар томчилатиб суғорилаётган ер майдонлари бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимчаларнинг киритилиши, авваламбор, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, қолаверса замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этган ҳолда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экинлар ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Пировард натижада эса фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлиги таъминланади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари қаторига пахта йиғим-терими учун мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг ушбу ишларни бажарганликдан олган даромадлари ҳам киритилмоқда, яъни пахта йиғим-теримига мавсумий жалб қилинган жисмоний шахсларнинг даромадлари даромад солиғидан озод қилинаётгани пахта йиғим-терими мавсумида қатнашганлар учун қўшимча даромад манбаи эканлиги эътироф этилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантириш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш имконини беради деб, бемалол айта оламиз.

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ
ЁКИ КИРОЙИ ФЕРМЕРИНГ ШУНДАЙ БЎЛСА...
Президентимиз фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмаслиги, балки фермерларнинг ваколатларини кенгайтириб, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозимлигини бот-бот такрорлайдилар. Бугун бу масала ҳам ҳаётда рўёбга чиқмоқда. Фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимларини янада бойитиш ва илғор чет эл тажрибалари билан ўртоқлашиш мақсадида Фермерлар кенгаши GТZ (Германия), JICA, JIRCAS (Япония), ЕХҲТ ташкилотларининг республикамиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар Япония, Малайзия, Германия, Польша ва Туркия каби давлатлардаги ўқув-семинарларга мунтазам жалб этиб келинмоқда.
Қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш асосида фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларнинг ўзида, ортиқча нобудгарчиликка йўл қўймаган ҳолда қайта ишлаш, рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни ички ва ташқи бозорга чиқариш ҳамда қишлоқларда янги иш жойлари яратиш ва бу орқали қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилашга ҳисса қўшишмоқда.
Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишдаги ижобий тажрибаларга назар соладиган бўлсак, бугун юртимизда замонавий хўжалик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз иқтисодий аҳволини йилдан-йилга мустаҳкамлаб келаётган юзлаб фермер хўжаликлари борлигининг гувоҳи бўламиз. Масалан, Сурхондарё вилоятидаги «Бахриддин» фермер хўжалиги бугун пахта, ғалла, сабзавот, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, маҳсулотларни қайта ишлаш, сотиш, макарон ишлаб чиқариш, тикувчилик корхонаси, кушхона, ошхона, ун тегирмони, зиғир мойи ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларини тумандаги савдо дўконлари орқали аҳолига етказиб бериш билан шуғулланади. Хўжаликнинг экин майдонлари, айни пайтда 250 гектарни ташкил этиб, шундан 120 гектарига пахта, 110 гектарига ғалла ва 20 гектарига беда экилган. Мазкур фермер хўжалигида сутни қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлиб, кейинги йилларда атрофдаги хўжаликлардан ҳам кооперация асосида сутни харид қилиш эвазига қайта ишлаш қуввати оширилмоқда. Натижада хўжаликда маҳсулотни қайта ишлаш соҳасида 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Сирдарё вилоятидаги «Орол неъматлари» фермер хўжалиги эса пахтачилик, чорвачилик, асаларичилик, пиллачилик билан бир қаторда, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, макарон, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Хўжаликда 67 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлса, шундан 28 нафари касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларидир. Хўжалик жорий 2013 йилда ҳам мевани қайта ишлаш, қуритиш, экспорт қилиш, минерал сув ишлаб чиқариш каби мақсадларни ўз олдига қўйган. Шунингдек, 1,2 млрд сўм инвестиция жалб этилиб, 48 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Андижон вилоятидаги «Жонобод чорваси», Жиззах вилоятидаги «Уста Сафар ота», Навоий вилоятидаги «Истиқлолнинг 10 йиллиги» ва Қорақалпоғистон Респуб­ликасидаги «Ергулобод» фермер хўжаликларида қўшимча тармоқ фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида ялпи даромаднинг 50 фоизга ортиши кузатилган.

Иш бор жойда камчилик ҳам учрайди, деганларидек, фермерлик соҳасида бухгалтерия ҳужжатларини юритишда ҳозирча ўз ечимини кутаётган масалалар бор. Турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларида ҳисоб-китоб ишлари баъзи жузъий сабабларга кўра талаб даражасида юритилмай қолмоқда. Бунинг оқибатида фермерларнинг фаолиятини таҳлил қилиш, ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар билан дебиторлик-кредиторлик қарзларини мониторинг қилиш, «бизнес-режа»лар тузишда бир қанча муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.


– Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини яратишдан кўзланган асосий мақсад – мавжуд ер-сув, меҳнат ресурслари, минерал ўғитлар, техника воситалари, бино ва иншоотлар каби воситалардан унумли фойдаланган ҳолда фермер хўжалигининг оладиган фойда миқдорини оширишдан иборатдир, – дейди Навоий вилоятидаги «ISTAM ASLON» фермер хўжалиги раҳбари Исроил Аслонов. – Бизнинг фермер хўжалигимиз ҳам кўп тармоқли бўлиб, фаолият тури бўйича деҳқончилик, чорвачилик, иссиқхона, турли хилдаги қурилиш моллари, ғишт, музлатгичлар, шунингдек қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган. Ўтган йилда жами маҳсулот сотишдан тушган соф тушум 222,4 млн сўмни, соф фойда эса 72 млн сўмни ташкил этди. Айни пайтда замонавий технологиялар асосида жиҳозланган эркаклар костюм-шимлари тикув цехи фаолиятини ишга тушириб, 100 та янги иш ўрнини яратиш арафасидамиз.
– Кўп тармоқли фермер хўжаликлари бугунги кунда ўйлаб топилган эмас, балки узоқ тарихга эга эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир, – дейди Сурхондарё вилоятидаги «ISKANDAR-ISROIL» фермер хўжалиги раҳбари Аман Ахатов. – Кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ташкил қилишдаги энг муҳим жиҳатлардан бири – ҳар қандай фермер хўжалиги ўз даромадини ошириш мақсадида ўз хоҳишига кўра ихтиёрий равишда қўшимча тармоқларни ташкил этган ҳолда кўп тармоқли фермер хўжалигига айланиши мумкин.

Гулбаҳор САТТОРОВА,
«СБХ» мухбири.
Суратлар Интернетдан олинди.


Прочитано: 6005 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика