Вилоятнинг кўплаб аҳоли пунктларида табиий газ таъминоти бир меъёрда бўлмаганлиги боис хонадонларга суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар тарқатиш йўлга қўйилган. Туман газ идораларининг ходимлари маҳаллалардан бириктирилган вакилларга газ тўлдирилган баллонларни бериб, бўшларини йиғиб олишади. Маҳалла вакиллари баллонли газ учун тўлов пулини ведомость асосида йиғиб олиб, банк муассасаси орқали туман газлаштириш идораларининг ҳисобрақамларига ўтказиб беради.
Газ идоралари билан маҳалла органларининг бу хатти-ҳаракатлари амалдаги қонунчилик талабларига зид эмасми? Маҳалла вакилларининг газ тарқатиш ва пулни йиғиб олиш ведомостлари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар, яъни билетлар, талонлар, чеклар ва квитанцияларга тенглаштирилганми?
К.Исмоилов,
бўлим бошлиғи.
– Луқмангиз ўринли, маҳалла оилаларга газ баллонларини тарқатиш ва унинг пулини ведомость орқали қабул қилиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки маҳалла вакили газ идораларининг ходими ҳисобланмайди.
Қолаверса, газ баллонларини аҳолига тарқатиш ва нақд пулни ведомость орқали йиғиб олиш Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 306-сон қарори талабларига зид ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдони амалга ошириш ва товарларни сотиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фискал хотирага эга бўлган НКМ мажбурий тартибда қўлланган ҳолда амалга оширилади. Ёки ўз фаолиятининг хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни НКМни қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган хўжалик юритувчи субъектлар аҳоли билан ўзаро ҳисоб-китобларни белгиланган шакл бўйича давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган квитанциялар, чипталар, талонлар ёки чекка тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни мажбурий тартибда ёзиши ва буюртмачига (харидорга) бериши шартлиги белгилаб қўйилган.
Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.