Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 27 / Акс-садо

Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?

2013-06-28 _Naus деган меҳмон:
– Муаллиф Солиқ кодексининг 11-моддаси ишламаяпти деб ёзибди. Балки у бундан шунчаки бехабардир. Мазкур муҳим принципга давлат органлари ҳам, судлар ҳам етарлича эътибор бермаётганига ишонмайман. Эҳтимол, бундай низо ва келишмовчиликлар бўлгандир-у, биз улардан шунчаки бехабардирмиз. Негаки хўжалик судларининг қарорлари ҳозирча ҳамманинг эътибори учун эълон қилинмаётир. Эшитишимча, 1 июлдан эътиборан бундай материаллар хўжалик судларининг сайтларидан ўрин оладиган бўлибди.

2013-06-28 _Алексей Ниязметов деган меҳмон, юрист:
– Таҳририят бағоят долзарб масалани кўтарибди. Бироқ, назаримда, мазкур принциплардан фойдаланишдаги асосий муаммо норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларнинг аниқ шарҳи йўқлигида эмас, балки кўпроқ ҳуқуқни қўлланишнинг қарор топган амалиётида ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг декларатив нормаларини ўзига хос йўсинда тушунилишида бўлса керак. Ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги принцип тушунчаси, таъкидлаш тариқасида айтаманки, ҳар қандай принцип тушунчаси кўламдор бўлмоғи ва мазкур принципдан фойдаланишнинг бошланишини, йўналишини мужассам этмоғи лозим. Аниқ тушунтириш талаб этмаса-да, мазкур бошланиш, йўналиш тегишлича таърифланган, бинобарин бу принципни қўлланишга алоқадор субъектларнинг барча ҳаракатлари айни шу норма-принпипда тажассум топган бошланиш ва йўналишга мувофиқ равишда ва у билан уйғун тарзда бориши лозим.

2013-06-28 _Шароф Рўзметов деган меҳмон:
– Мақола муаллифи чин ҳақиқат борлигини билишни истайди. Кўпчиликнинг истаги ҳам аслида шу.
Муаллиф ўз мақоласида қонунлардаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар ҳақида мисоллар келтирса, янада яхши бўларди.
Шуниси ҳам борки, қонунлар Олий Мажлис депутатлари томонидан муҳокама этилади ва қабул қилинади, Сенатда маъқулланади. Қонунларнинг нормалари етарлича таърифланган бўлиши лозим.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўлланишга тааллуқли норматив ҳужжатларнинг белгиланган нормаларидаги қарама-қаршиликлар масаласига келганда, Солиқ кодексининг 2-моддасида бундай дейилган: «Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушбу Кодекс билан белгиланади, ўзгартирилади ёки бекор қилинади.
Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ бўлиши керак. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу Кодекс қоидалари қўлланилади».
Амалиётда шундай ҳоллар кўп учрайдики, бунда қонун нормасини қўлланишда тарафларнинг ҳар бири, яъни назорат қилувчи органларнинг ходими ва солиқ тўловчи ўз нуқтаи назарини ҳимоя эта бориб, норманинг «нишаби»ни ўз тарафига бурмоқчи бўлади. Бундай ҳолларда устуворлик кўпроқ назорат қилувчи органнинг ходимида бўлади. Солиқ тўловчининг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқни бузиш деб ҳисобланадими-йўқми, ҳаммаси далолатномада акс эттирилади, солиқ тўловчини масала охир-оқибат судда ечим топади деб тинчитган бўлишади.
НКМни қўлланиш билан боғлиқ ёки нимани туристик фирмалар учун ўз ишлаб чиқариши теграсидаги хизмат деб ҳисоблаш масалалари мавжуд. Эҳтимол, судьяларнинг уқувсизлиги оқибатида мазкур масала ДСҚ Эксперт кенгашида ҳал этилар. Бундай масалаларни ҳал этиш учун шунчаки расмий ҳужжат керак, холос. Айни шу ўринда, кўриб турганимиздек, инсон омили – жавобгарлик муҳим роль ўйнайди.
Муаммоларни ҳал этиш учун, башарти қонуннинг у ёки бу нормаси кимгадир ноаниқ бўлса, масалани текширув келишини кутмасданоқ ҳал этиш керак. Бордию, текширув бошланган бўлса, текширувчи органларнинг ходимларини жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш ҳамда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2005 йил 14 июнда чиқарилган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-3619-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим эканлиги хусусида хўжалик судларига кўрсатма берилмоғи лозим (Олий хўжалик суди Пленумининг 18.06.2010 йилдаги 210-сон қарорининг 11-банди).
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, тадбиркорлик субъектларига қонуний фаолиятни амалга оширишда, жумладан, солиқ, молия ва статистика органларига ҳисоботлар топширишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга оид қонуний имтиёзлар, преференциялар қўллашда, муҳандислик-коммуникация тармоқларига (энергия, газ, сув, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқалар) уланишга рухсат олинишида, пул маблағлари ёки моддий бойликлардан эркин фойдаланишида давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ноқонуний аралашувлар, чекловлар, сансалорликлар ва бошқа шу каби тўсқинликларга йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланса, суд уларга нисбатан таъсир чоралари қўллаши ёки уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши лозим (Олий суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумларининг 14.09.2012 йилдаги 12/239-сон қарорининг 15-банди).
Бинобарин, текширувчи органларнинг ходимларида текширув пайтида ва қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатини далолатномада акс эттиришда текширув юзасидан тузилган далолатнома ва чиқарилган қарор солиқ тўловчининг фаолиятида сансалорлик ва шунга ўхшаш ғов-тўсиқлар келтириб чиқармасмикан деган маънода жавобгарлик ҳиссиёти бўлмоғи лозим.
Қонун баайни ханжар. Уни муттасил чархлаб туриш, бошқача қилиб айтганда, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиб туриш даркор. Аммо бу мазкур ўзгартишлар ва қўшимчалар белгилаб қўйилган нормага ҳамиша ҳам аниқлик киритади деган гап эмас, албатта.

2013-06-28 _А.Кононенко деган меҳмон:
– А.Ниязметовнинг фикрларига тўла қўшиламан. Тадбиркорнинг ҳуқуқлари устуворлиги принципи мустаҳкамлаб қўйилган таърифлар устида иш олиб боравериш мумкин, албатта. Зотан мукаммалликнинг сарҳадлари йўқ. Лекин А.Ниязметов сингари мен ҳам таърифларни исталганча такомиллаштиришнинг ўзи етарли эмас деб ўйлайман, бинобарин холва деган билан оғиз чучимаслигига имоним комилдир.
Назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлар ўртасидаги низони судловга қадар (судловдан ташқари) кўриб чиқишга ваколатли судлар ва органларда мазкур принципни амалий жиҳатдан қай тартибда қўлланиш аниқ ва тушунарли бўлмас экан, айтайлик, судья қонун ҳужжатларидаги ноаниқликларга тааллуқли важ ва далилларга беэътибор бўлиб, бундай ноаниқлик мавжудлигини лозим даражада белгиламас, муаммони ҳал этишда уни эътиборга олмас экан, бошқача қилиб айтганда, унда бунга ишонч бўлмас экан, унга (судьяга) нималарга муқаррар равишда эътибор бериш жоизлигини кўрсатиб беришга тўғри келади. Акс ҳолда судья бусиз беташвиш иш кўравериши, ўзини бир кўрсатиб қўйиш мақсадида шошилинч ташаббусларга асосланган ҳужжатлар чиқариши ҳеч гап эмас.
Ҳозирги кунда ана шу йўналишда илдамликка эришиш учун нималарга таяниш мумкин? Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 14.09.2012 йилдаги «Тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 12/236-сон қарори қонунда мустаҳкамлаб қўйилган принципни эслатиб ўтиш билан чекланган бўлиб, мазкур принципни қўлланиш тартиби тўғрисида унда ҳеч қанақа аниқ амалий изоҳ ва тушунтиришлар йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 18.06.2010 йилдаги «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорида бирмунча кўпроқ нарса айтилган. Мазкур қарорда айтилишича, хўжалик судлари шуни назарда тутиши керакки, Солиқ кодексининг 11-моддасидаги қоида, биринчидан, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар фақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган тақдирда, иккинчидан, қонун ҳужжатларининг ўзаро нисбати «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида белгиланган қоидалар асосида бартараф этиб бўлмаган тақдирда қўлланилади. Иқтибос тариқасида келтирилган матндан аён бўлишича, гап кўриб чиқилаётган ҳолатларда судлар талқинни солиқ тўловчининг фойдасига қўлламасликлари лозим бўлган шароитлар ҳақида бормоқда. Қандай ҳолларда ва қайси тартибда қўллашлари мумкин деган савол эса очиқ қолмоқда. Қонун ҳужжатларида суднинг ҳал қилув қарорини асослаш учун етарли бўлган, бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар мавжудлигини аниқлаш ва расмийлаштириш тартибига тааллуқли масалалардан бирортасига ҳам жавоб кўринмайди.
Мабодо таҳририят мурожаатига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг маркази қонуннинг кўрсатиб ўтилган қоидаларини қўлланиш амалиётини (бу ўринда «қўллана олмаслик амалиёти»ни дейиш тўғрироқ бўлар эди) таҳлил этса ва ана шу таҳлил асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумлари юқорида номи зикр этилган қарорларига амалиётга анчагина яқин, аниқлаштирувчи қўшимчалар киритса, менинг назаримда, вазият яхшиланиш сари бирмунча силжиган бўлар эди.
Фикр-мулоҳазаларини электрон усулда тақдим этган муштарийларимизнинг бошқа шарҳлари билан norma.uz сайтида танишинг ва мунозарага қўшилинг.

Прочитано: 2147 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика