Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 27 / Ҳимоя чизиғи

«Яшил почтальонлар»

КИМДАН ХАВФСИРАШ КЕРАК

Корпоратив шантаж бу иш билан профессионал даражада шуғулланадиган, консалтинг ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар жамоаси томонидан ҳам, жамият акциядорлари (иштирокчилари)нинг ўзлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Бунинг устига иккала ҳолда ҳам сизга озор етказувчиларнинг хатти-ҳаракатларини товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги сизнинг тўғридан-тўғри рақобатчиларингиз маблағ билан таъминлашлари мумкин, бунинг натижасида корпоратив шантаж рақобат курашининг бир қисмига айланади-қолади.
Агар профессионал шантажчилар тўғрисида сўзлайдиган бўлсак, шубҳасиз, бу кишиларнинг эзгу ниятлари йўқ ва улар «Хайрли хизматлар идораси»га ҳеч қандай дахлдор эмаслар. Улар аниқ корхонанинг фаолиятини вақтинчалик барқарорсизлаштиришдан манфаатдор бўлган буюртмачига пул олиб хизмат кўрсатадилар. Агар буюртмачи ролида «майда» акциядор (жамият иштирокчиси) майдонга чиқса, у ўз акцияларини (улушини) уларнинг (унинг) қийматидан анча ошадиган нархда сотиш мақсадини кўзлайди.
Шубҳасиз, бирорта газетада сиз «хизматлар» бўлимида, мисол учун, «ГРИНМЕЙЛ ПРОФИ» МЧЖ деб номланган фирманинг эълонларини ёки юқорида кўрсатилган мазмундаги хизматларнинг рўйхати кўрсатилган эълонни топмайсиз. Бундай фирмалар, айтайлик, консалтинг компанияси кўринишида рўйхатдан ўтишлари ёки ўз фаолиятларини умуман рўйхатдан ўтмасдан ҳам амалга оширишлари мумкин.
Акциядорлар (жамият иштирокчиларига келсак, шантаж таҳдиди жамиятнинг устав фондида акциялари (улушлари) фои­зи оз бўлган шахслар – миноритарийлардан чиқади.

ШАНТАЖНИНГ МОҲИЯТИ НИМАДА

Акциядорлик жамияти (АЖ)да профессионал гринмейл кўпинча жамият акцияларини сотиб олишдан бошланади. Буни амалга ошириш кўп ҳолларда ғоятда осон кечади. Мисол келтирамиз.
Одатда собиқ давлат корхоналари ўрнида барпо этилган кўпгина акциядорлик жамиятлари ўз акцияларини меҳнат жамоаларининг аъзоларига сотганлар. Бундай АЖларда ишлаган кишилар вақти келиб пенсияга чиққанлар, ишдан бўшаганлар. Акциялар эса уларнинг қўлида қолган. Фақат уларга доир дивидендлар эса бутун давр ичида бор-йўғи икки-уч маротаба тўланган...
Бундай афсуски, кўп учрайдиган вазият, гринмейлер учун ғоятда маъқул келади: бир оз уларнинг манфаатларини кўзлаб югуриб-елиб юрган бўлиб, у бундай акциядорларни иккала тараф учун жуда жозибали нархда акцияларини унга сотишга кўндиради. Оқибатда пенсионерлар ҳам, гринмейлер ҳам хурсанд, улар жамият акцияларининг умумий миқдоридан зарур фоизни тўплаб олишлари ҳеч гап эмас.
Бундан кейин эса янги чиққан акциядор қонун томонидан унга берилган (акциядор сифатида) ҳуқуқлардан иштиёқ билан, жуда фаоллик билан фойдалана бошлайди ва бу билан жамиятнинг бир маромдаги ҳаётий фаолиятини издан чиқаради. Мисол учун, оддий (овоз берувчи) акция­ларнинг 1%и янги акциядорга жамиятга етказилган зарарнинг (акциядор гринмейлернинг фикрича, албатта) ўрнини қоплашни даъво қилиб кузатув кенгаши аъзоси (аъзолари), яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), колле­гиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзоси (аъзолари) устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун 88-моддасининг бешинчи қисми, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун). Бунда даъвогарни судга мурожаат қилишнинг якуни кўп ҳам қизиқтирмайди, шу боис ҳам даъво аризасидаги эътирозлар ғоятда куракда турмайдиган бўлиши мумкин. Зеро гринмейлерларнинг ўйлашича, асосийси – жамиятнинг манфаатдор шахсларни кўпдан-кўп суд муҳокамаларига тортишдир (судда ютқазиш эса шантажчилар учун фақат суд чиқимлари билан хавф солади, кўзланган режа бўйича акциялар сотилганда эса бу чиқимлар кўп маротаба қопланади).
Шу билан бир қаторда, ҳамма нарсани жамият фаолиятининг очиқ-ошкор ва қонуний бўлишидан ғоятда манфаатдорлик билан изоҳлаб, гринмейлер-акциядор турли назорат қилувчи органларга мурожаатларга шўнғиб кетиши мумкин, улар эса беихтиёр ҳужум иштирокчиларига айланишлари мумкин: «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) 12-моддасининг мазмунидан келиб чиқилса, қонун ҳужжатларини бузиш далиллари тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни улар режадан ташқари текширишлар доирасида текширишлари керак. Чунончи, масалан, акциядор корхонада ёнғин чиққанда эвакуация қилиш режасининг йўқлиги ёки эвакуация эшик­лари тўсиб қўйилганлиги ёхуд ходимлар носоз электр асбобларидан фойдаланаётганликларини билиб қолади ва ўт ўчирувчиларга: «келинглар, кўринглар, бунга йўл қўйиб бўладими ёки йўқми» қабилида расмий ариза билан мурожаат қилади. Ёнғин назорати идорасидан ке­йин эса худди шу чизма бўйича солиқ инспекциясини..., Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси..., меҳнат бўйича инспекторлар ва ҳоказоларга мурожаат этилади. Умуман олганда, ҳамма нарса гринмейлернинг топқирлиги ва ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ, саводхонлик бобида эса одатда уларда муаммолар бўлмайди ҳам.
Агар гринмейлер сотиб олган акцияларнинг миқдори жамият акциялари умумий миқдорининг камида 10%ини ташкил қилиб қолса, йирик акциядорлар ушбу акцияларни исталган нархда сотиб олишдан хурсанд бўладиган шароитларни яратиш профессио­нал шантажчига янада енгилроқдир. Зеро овоз берувчи акцияларнинг 10%и, юқорида баён этилган имкониятлардан ташқари, акциядорга қуйидаги ҳуқуқларни беради:
акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишини деярли ҳар ойда чақириш (АЖ тўғрисидаги Қонун 72-моддасининг иккинчи қисми). Албатта жамият томонидан у ёки бу қарор қабул қилинишига гринмейлер-акциядор ўзида мавжуд бўлган акциялар миқдори билан таъсир кўрсатиши мушкул, шу боис бу ерда унинг эътибори бутунлай жамият томонидан АЖ тўғрисидаги Қонунда акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишларини ўтказиш тартиби, муддатлари, шакли, бундай йиғилишларни ўтказишдан акциядорларни хабардор қилиш шакллари ва ҳоказоларга доир белгиланган таомил қоидаларига қаратилади. Ҳар қандай сабаб судга мурожаат қилиш учун асосга айланиши мумкин;
акциядорни қизиқтирадиган даврдаги жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни талаб қилиш (АЖ тўғрисидаги Қонун 110-моддасининг тўртинчи қисми).
Жамиятнинг йирик акциядорлари учун юқорида баён этилган воқеаларнинг бир вақтда юз бериши ғоятда катта бош оғриғини туғдиради1.
Йирик акциядорларга таъсир кўрсатишнинг ана шу дастакларини профессионал гринмейлерларга ҳеч қандай дахлдор бўлмаган, бироқ жамият томонидан қарорлар қабул қилинаётганда ўзининг ҳуқуқсизлиги ва кучсизлигини ҳис этишдан чарчаган ҳар қандай миноритарий ҳам қўллаши мумкин. Профессионал гринмейлерлар амалга оширадиган акцияларни сотиб олиш босқичини четлаб, бундай акция­дор суд муҳокамалари, назорат қилувчи органларга, мурожаатлар босқичига киришади, бундай муҳокама ва мурожаатлар, мисол учун, корхона учун лицензияни бекор қилиш ва бошқа фаол ҳаракатлар билан тугаши мумкин (унга тегишли бўлган акциялар ҳажмига боғлиқ ҳолда).
МЧЖга гринмейлерларнинг ҳужумларига келсак, улар улушни (унинг бир қисмини), масалан, айирбошлаш, ҳадя шартномалари бўйича учинчи шахсларга бериш, уни гаровга бериш, жамиятнинг вафот этган иштирокчи улушининг мерос бўйича ўтиши ва ҳоказо ҳоллар билан бошланиши мумкин.
МЧЖ иштирокчиси мақомини олиб, жамият иштирокчилари овозлари умумий миқдорининг камида 10% овозига эга бўлган профессионал гринмейлер (жамият­нинг «кўпни кўрган» иштирокчиси ҳам) жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишларини ҳар ойда ўтказишни (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 32-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун), молиявий-хўжалик фаолиятини чексиз текширишларни (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 45-моддасининг олтинчи қисми) расмий равишда талаб қила олади. Бундан ташқари, жамият иштирокчилари овозлари умумий миқдорининг 10%и улуш эгасига ўз вазифаларини қўпол равишда бузаётган ёки ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамият фаолиятини йўққа чиқараётган ёхуд жиддий равишда уни қийинлаштираётган иштирокчини суд тартибида жамиятдан чиқаришни талаб қилиш ҳуқуқини беради2 (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 8-моддасининг иккинчи қисми).

Умуман олганда, МЧЖда бундан кейинги ҳаракатлар режаси худди АЖда бўлганидек амалга оширилади.

ХАТАР ЗОНАСИДА КИМЛАР БОР

Юқорида айтилганлардан муваффақиятли корпоратив шантажга қуйидаги хўжалик жамиятлари дучор этилиши мумкин деган хулоса чиқариш мумкин, яъни уларда:
1) мулкдорлар ва менежмент бизнес юритишда доим ҳам қонунга итоаткор бўлавермайдилар. Айниқса, бизнес модели «таниш-билишчиликка» ёки қандайдир маъмурий ресурсга боғлиқликда қурилса. Шу сабабли бундай компанияларнинг раҳбарлари ҳимояга умид боғлаб, қонун бузишларга осонгина розилик берадилар;
2) жамият акциядорлари (иштирокчилари) ўртасида озчиликнинг манфаатлари бузилади;
3) сифатли ўз вақтида ташқи аудит ўтказишда ва юриспруденция соҳасида жалб этилган мутахассислар томонидан жамият фаолиятида қонун бузишнинг жиддий хатарларини аниқлаш бобида мониторинг ўтказишда тежамкорлик қиладилар;
4) миноритарийларнинг кўп бўлиши;
5) кўп миқдордаги кредиторлик қарзи мавжуд;
6) ходимларни бошқариш саводсизлик билан амалга оширилади. Гап шундаки, жамият, унинг молиявий ҳолати, миноритарийлар3, маъмурият қиладиган қонун бузишлар, контрагентлар ва ҳоказолар тўғрисида ахборотни корхонани корпоратив шантаж тузоғига илинтиришни режалаштираётган профессионал гринмейлер жамиятнинг штатдаги ходимларидан олиши мумкин, улар кўпинча ўз раҳбариятини ғийбат қилишдан ўзларини тийишмайди. Агар корхонада оқилона кадр сиёсати ўтказилаётган, тўғри кадр стратегияси амалга оширилаётган бўлса, корпоратив шантажчининг ўзини қизиқтираётган ахборотни зарур ҳажмда ходимлардан олиши бунчалик осон бўлмайди;
7) ички молиявий назорат чоралари ишлаб чиқилмаган ва (ёки) амалда рўёбга чиқарилмаган, бу эса корхонани корпоратив бошқариш бутун тизими вакилларида ўзини ўзи сақлаш инстинкти бутунлай йўқлигидан далолат беради;
8) жамиятнинг жорий фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан тортиб дивидендларни тўламаслик (тўловни кечиктириш) сабабларигача тўлиқ ва ишончли ахборотни тезкор олишда ахборот сиёсати жамият иштирокчилари (акциядорлари)нинг эҳтиёжларига жавоб бермайди.

ШАНТАЖЧИНИ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ МУМКИНМИ

Юқорида айтилганидек, кўпинча гринмейл жиноят тарзида жазоланадиган тамагирликнинг очиқдан-очиқ аломатларига эга эмас, зеро, биринчидан, шантажчи унга тегишли акциялар (улуш)ни сотиб олиш талабларини изҳор этмайди. Аксинча, кўпроқ бундай илтимос йирик акциядорлар (жамият иштирокчилари)дан чиқади, гринмейлер эса у ўзининг акциялари (улуши)ни сотишга тайёр бўлган нархни айтади4.
Иккинчидан, гринмейлер акциядорлар (жамият иштирокчилари)ни гринмейлернинг акциядорлари (улуши)ни сотиб олишга мажбур этадиган ҳеч қандай ғайриқонуний ҳаракатсизлик ва ҳеч қандай ғайриқонуний ҳаракатларни содир этмайди. Бундан ташқари, мол-мулкни ҳақ эвазига бериш яққол кўзга ташланади: пул маблағлари ўрнига – қимматли қоғозлар ёки жамият устав фондидаги улуш (гарчи ушбу ҳақ мутаносиб эмаслиги кўзга ташланиб туради).
Шу сабабли «тўғри» гринмейлерни жиноий жавобгарликка тортиш жуда мушкул. Агар, сизнингча, шантажчи, мисол учун, ҳужжатларни (шу жумладан муҳрлар, имзоларни) қалбакилаштиришда ёки майда акциядорлар (жамият иштирокчилари)нинг акциялари (улушлари)ни алдаш ёки уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ёхуд жамиятни бошқарувчи шахсларни жиноят содир этишда ёки жамият акциядорлари (иштирокчилари)-га таъсир кўрсатишнинг бошқа жиноий усулларида айблаш билан боғлиқ бошидан ёлғон уйдирмалар йўли билан эгаллаб олганликда фош этилган бўлса, малакали адвокатлик ва (ёки) аудиторлик ташкилоти билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларига (Бош прокуратура ёки ИИВ органларига) мурожаат қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида маслаҳатлашинг. Уларнинг ўз вақтида аралашуви бундай «нотўғри» гринмейлернинг фаолиятини «чиппакка» чиқариши мумкин. Ушбу маънода олганда адвокатлик ва (ёки) аудиторлик ташкилотларининг мутахассислари билан маслаҳатлашувлар қуйидаги ҳолларда мақсадга мувофиқдир:
биринчидан, профессионаллар сизни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аризаларнинг келиб тушиши билан боғлиқ хатарлар тўғрисида маълум қилади, чунки терговгача текшириш доирасида кўрсатилган органларнинг мансабдор шахслари корхонанинг ўзини тафтиш қилишни тайинлашга ҳақлилар (Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддаси);
Иккинчидан, улар аризани саводли тузишга ёрдам бериб, ҳужум қилувчи тарафга исботланадиган «эътирозлар»нинг яхлит рўйхатини изчил тарзда қарши қўйишга кўмаклашадилар. Бу ишлардаги аралаш-қуралашлик эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини чалкаштириши ва жиноят иши қўзғатишни рад этишларига олиб келиши мумкин. Ёки, бундан ҳам ёмони, сизга нисбатан ёлғон хабар бериш далили бўйича жиноят иши қўзғатишлари мумкин. Бунинг учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш тарзида жазо назарда тутилган (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 333-моддаси, Жиноят кодексининг 237-моддаси).

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ШАНТАЖНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ КЕРАК

Корпоратив шантаж эҳтимолини имкони борича камайтириш учун қуйидаги қоидани ўзлаштириш муҳим: ИЧКИ ВА ТАШҚИ АУДИТОРЛАР, ШУНИНГДЕК ИЧКИ ВА ТАШҚИ ЮРИСТЛАР ЁРДАМИДА ХАТАРЛАРНИНГ ДОИМИЙ МОНИТОРИНГИ – ПРЕВЕНТИВ ҲИМОЯНИНГ БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ ЗАРУР ЧОРАСИ. Афсуски, кўпчилик тадбиркорлар бунга етарлича эътибор бермайдилар ва бизнесни йўқотиш хавфи, шак-шубҳасиз, бўлиб қолганда ёрдам сўраб мутахассисларга мурожаат этадилар. Юридик ва молиявий механизмлардан фойдаланиш орқали «мудофаа чегаралари»ни барпо этиш эгаллаб олишга имкони борича самарали қаршилик кўрсатиш ва кейинги ҳимоя учун чиқимларни камайтириш имконини беради. Шу сабабли ушбу чора сизнинг профилактик қуролхонангизда биринчи бўлиши керак.
Бошқа муҳим тавсиялар доирасида қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишдан маъно бор: миноритарийларни хафа қилиш хавфли. Бир вақтлар акцияларни сотиб олиб, улар кейинчалик фойда олиш ниятида бўлганларидан келиб чиқилганда, бундай акциядорлар учун умумий йиғилишнинг жамият фойдасини дивидендлар тўлаш билан боғланмаган мақсадларга тақсимлаш тўғрисидаги қарорлари энг номақбул қарорлар ҳисобланади. Шу боис жамият манфаатларини кўзлаб бундай қарорларни суиистеъмол қилмаслик керак. Агар барибир вақти-вақти билан бундай қарорлар қабул қилишга тўғри келса ва бусиз ҳеч нарса қилиб бўлмаса, ушбу қарорлар тўғрилигига миноритарийларнинг ўзларини ишонтиринг. Уларнинг фикри ва овозлари жамият акциядорларининг умумий йиғилишида ишнинг якунига таъсир кўрсатмайди (айни шу боис ҳам улар миноритарийлардир). Бунинг устига, кўпинча бундай акциядорлар умуман йиғилишларга келишмайди, балки дивидендларни тўлаш муддатлари ва уларнинг миқдорларини кузатиш билан чекланадилар. Шундай бўлсада, агар ҳар бир акциядор (10 та акцияси ёки жамият акцияларининг 10%и бўлишидан қатъи назар) ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этса, у билан ҳисоблашишса, унинг фикрига қулоқ солишса корпоратив шантажга дучор бўлиш хатари жиддий равишда камаяди. Шу сабабли АЖнинг АХБОРОТ СИЁСАТИГА КЎПРОҚ ЭЪТИБОР ҚАРАТИНГ, ОЧИҚ-ОШКОРЛИК ВА ҚОНУНИЙЛИК НУҚТАИ НАЗАРИДАН БИЗНЕС ЮРИТИШ УСУЛЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИНГ.
Ана шу мақсадларда корпоратив веб-сайтлар барпо этиш ва жамият акциядорлари (иштирокчилари)нинг ахборотга доир эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа тадбирлар мажмуини ўтказишдан маъно бор. Улар доирасида миноритарийлар, жамиятнинг бошқа акциядорлари (иштирокчилари) билан бир қаторда, у ёки бу қарорлар қабул қилинишининг сабаблари тўғрисида батафсил тушунтиришлар, келгусида янада юқори дивидендлар олиш истиқболлари хусусида ахборот ва ҳоказоларни олар эдилар. Дарвоқе, ушбу масалада ваъдабозлик яхшиликка олиб келмайди: ўзини оқламаган прогнозлар сизнинг фойдангизга хизмат қилмайди.
Юқорида айтилганидек, миноритарийлар орасида пенсионерлар кўп учрайди. Бошқаларга қараганда, акциядорларнинг ушбу тоифасига байрам кунларида (14 январь, 8 март, 9 май ва ҳоказо) жамиятдан кичикроқ совғалар олиш5 ёқимли бўлади. Бундай эътибор уларга ўзларининг жамиятда аҳамиятли эканликларини ҳис этиш имконини беради, шу боис акциядорда жамиятни нимадир учун «жазолаш» ёки ўзининг акцияларини четга сотиш хоҳиши туғилиши даргумон.
Агар жамиятнинг акциялари фақат йирик акциядорларнинг қўлида жамланса, гринмейлерларнинг ҳужумларидан хавфсирамай, бундай қилмаслик мумкин бўларди. Шу боис акс ҳолларда миноритарий акциядорларга уларда ўзларига тегишли акцияларни сотиб олиш ҳуқуқи борлигини (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 44 ва 45-моддалари) эслатишни унутманг, алалхусус ушбу ҳаракатларни сиздан Қонуннинг ўзи талаб қилади.
Агар миноритарийлар билан муносабатлар аввал-бошдан изига тушмаган ва акцияларни йирик акциядорларга ҳам, жамиятнинг ўзига ҳам қарама-қаршилик туйғуси боис бундай акциядорлар сотишга рози бўлмасалар («Ана шу фирибгарларга сотганимдан кўра уйда чанг босиб ётгани яхши» қабилида) – кейинчалик акцияларни харид қилиш учун мунозараларга учинчи тараф – жамиятга ҳеч қандай алоқадор бўлмаган, бироқ, шубҳасиз, юз бераётган воқеадан манфаатдор «валломат»ни жалб этишга уриниб кўринг. Зарур олди-сотди битими амалга оширилганидан кейин сиз уларни (акцияларни) қайтадан сотиб олишга муваффақ бўласиз ёки янги, янада лоял акциядорларга эга бўласиз. Бироқ бундай тарафни танлаш чоғида сиз унга ўзингиздан кўпроқ ишонишингиз кераклигини унутманг6.
Жамиятнинг гринмейлернинг ҳужумлари олдиндан ночорлиги нуқтаи назаридан олганда унинг учун кредиторлик қарзи мавжудлиги ҳам катта хавф туғдиради, уни исталган вақтда шантажчилар сотиб олишлари ва ғаразли мақсадларда фойдаланишлари мумкин. Чунончи, масалан, менежмент ва мулкдорларни тезкор бошқарувдан четлаштириш доирасида гринмейлер жамиятнинг ЭКИҲнинг 500 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги 3 ойлик кредиторлик қарзини сотиб олиб, жамиятнинг банкротлиги тўғрисида ишни қўзғатиш имкониятига эга бўладилар (24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 5, 6-моддалари ҳамда ОХС Пленумининг 27.01.2006 йилдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 142-сон қарори 7-банди).
Гринмейлерларнинг бу йўлга қонуний тарзда кира олишларининг олдини олиш мумкин. ЎЗ КОНТРАГЕНТЛАРИНГИЗ БИЛАН ШАРТНОМАЛАРДА (кредит шартномаси, пудрат шартномаси ёки сиз ўз зиммангизга қандайдир товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш мажбуриятини оладиган исталган бошқа шартнома бўлишидан қатъи назар, УНГА МУВОФИҚ КОНТРАГЕНТИНГИЗ СИЗ БИЛАН ТУЗИЛАДИГАН ШАРТНОМА БЎЙИЧА ТАЛАБНИ БУНГА СИЗНИНГ ЁЗМА РОЗИЛИГИНГИЗ БИЛАН БОШҚА ШАХСГА БЕРИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА БЎЛМАЙДИГАН ШАРТНИ ҚАЙД ЭТИНГ (Фуқаролик кодекси 313-моддасининг иккинчи қисми ва 319-моддасининг биринчи қисми).
МЧЖ иштирокчилари бирининг улуши «шубҳали» қўлларга ўтишнинг олдини олиш учун жамият уставига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчаларни киритиш йўли билан олдиндан ЖАМИЯТ БОШҚА ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ РОЗИЛИГИСИЗ ЎЗ УЛУШИНИ УЧИНЧИ ШАХСГА БЕРИШ ЁКИ УНИ МЕРОС БЎЙИЧА БЕРИШ ҲУҚУҚИНИ ЧЕКЛАШ мақсадга мувофиқдир (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 20-моддасининг саккизинчи ва ўн олтинчи қисмлари). Жамият иштирокчисига ўз улушини гаровга қўйиш ҳуқуқини бериш масаласини ҳал этишга ҳам имкони борича эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддаси).
Ҳатто эҳтиёткор бўлиш чораларини, жумладан юқорида баён этилган чораларни кўриб, фирмани 100% хавфсиз қилиш мумкин эмас: ўз ичидан чиққан «балога», яъни хиёнаткор ходимлар доим топилади. Шу сабабли шантажчиларда ҳар доим ҳар бир аниқ корхонага гринмейлерлик ҳужумини амалга ошириш учун бошқа легал усулларни излаб топиш имконияти мавжуд. Бироқ шантаж қилишнинг ғоятда кенг учрайдиган чизмаларидан фойдаланадиган унчалик оригинал йўл тутмайдиган гринмейлерларнинг «ўлжасини тортиб олса» бўлади.

АГАР ҲУЖУМ БОШЛАНСА...

Бошланган шантажда ҳимояланиш чоралари индивидуал (аниқ ҳолат ҳисобга олинган) бўлиши керак, яъни муайян ҳужумга ва шантажчиларнинг аниқ шахсларига боғланиши керак. Хусусан, агар гринмейлерлар томонидан уларни сотиб олиш юз берган бўлса, акцияларнинг қўшимча эмиссиясини мустақил равишда ўтказишни тавсия қилиш мумкин. Ёки учинчи шахсдан пулни қарзни учинчи шахсга ўтказиш ҳуқуқисиз шартнома бўйича кредиторга олиш ва шу тариқа, агар сизнинг қарзингиз сотиб олинган бўлса, янги кредитордан халос бўлиш мумкин. Муқобил даъволар бериб, гринмейлерларнинг жамиятдаги фаолиятини блокировка қилиб қўйиш мумкин. Бироқ сиз содир этган ҳаракатлар узил-кесил бўлади ва гринмейлерлардан осонгина халос бўламан деб хомтама бўлмаслик
керак – ҳужум қилувчилар ҳужум қилиш режасини пухталик билан ишлаб чиқадилар ва бундай ҳоллар учун ўз қарши ҳаракатларини ишга солишлари мумкин.
Шу сабабли гринмейлга учраган бизнесни профессионалларнинг тезкор ёрдамисиз қутқариш жуда қийин. Юристлар ва аудиторлар корхонага бизнес тарихидаги заиф жойларни, шу жумладан улардан гринмейлерлар фойдаланишни албатта хоҳлаб қоладиган таъсис ҳужжатлари, битимлар, уни юритиш шакли ва усуллари, активлар ва капитал таркибидаги камчиликларни аниқлашда ёрдам берадилар. Ушбу маънода ташқи мутахассислар ички мутахассислардан афзалроқ. Баъзан ички аудиторлар, юристлар, бухгалтерлар, молиявий директорлар хатолар ва ҳуқуқбузарликларнинг ихтиёрий ёки ихтиёрсиз иштирокчилари ёки гувоҳлари бўладилар, бунинг натижасида «манфаатлар ихтилофи» шубҳасиз, ҳақиқатни яшириш мотиви эса бундай вазиятларда устун туради. Ички мутахассисларнинг «фойдасига қарши» гапирадиган асосий сабаб эса уларнинг корхона жорий ишларига шўнғиб кетиши ва кўрсаткичларни таъминлаш масалаларини реал вақт режимида ҳал этиш зарурати ҳисобланади. Ҳамма ҳам шу муносабат билан ўтмиш хатолари ва ҳуқуқбузарликларини, бунинг устига ҳақ олмасдан, тузатиш билан шуғулланишни хоҳлавермайди.
Шу сабабли гринмейлерлик ҳуқуқи аломатлари пайдо бўлганда дарҳол аудит ва ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассисларга мурожаат этишни маслаҳат берамиз. Акс ҳолда жуда кўп ҳолда бундай «компаниялар»ни юритиш даврида ҳал қилувчи омилга айланадиган вақт бой берилади.

P.S. Шуни ҳисобга олиш лозимки, мазкур масалани тадқиқ қилиш чоғида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар синчиклаб ўрганилганлигига қарамай чоп этилаётган материал профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. У баён этилган вазиятни тушунишдан келиб чиқиб масалани ўрганган шахсларнинг фикрини ифодалайди.
Мазкур материалда тақдим этилган фикр масалани қўшимча ўрганиш ва кейин муҳокама қилиш учун имконият қолдиради. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ тарзда қўллашдан олдин профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир, у муаммони мақбул ва қонуний тарзда ҳал этиш мақсадида айрим вазиятларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш имконини беради.

 


1Профессионал гринмейлерлар қуролхонасида шантажнинг бошқа усуллари ҳам бор. Чунончи, улар томонидан талаб қилиш ҳуқуқини учинчи шахсга бериш шартномаси бўйича жамият қарзлари сотиб олиниши мумкин, кейинчалик эса жамият ушбу қарзларни ўз маблағлари ҳисобига сўндира олмайдиган вазиятни юзага келтириши мумкин. Шунда банкротликнинг шубҳасиз таҳдиди юзага келади.
2Суд жараёнига бу ерда устав фондидаги энг кўп улушнинг эгаси тортилиши мумкинлигини фаҳмлаш қийин эмас.
3Акциядорлар реестрини шакллантириш 2008 йил 26 сентябрдан бошлаб АЖ тўғрисидаги Қонун билан Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ ваколатига киритилишига қарамай, жамият ходимлари (бўлимларнинг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, котиблар, бухгалтерлар, кассирлар ва ҳоказо) кўпинча жамият акциядорлари, масалан, дивиденд олиш учун жамиятга келувчилар тўғрисида баъзи бир ахборотга эгалар.
4Унинг миқдорларида қонун ижодкори ҳеч кимни чекламайди.
5Бироқ битта байрам, мисол учун, Жаҳон акциядорлар (ёки пенсионерлар) куни билан ҳам чек­ланиш мумкин.
6Юқорида айтилган қоидани (ташкилий-ҳуқуқий шаклнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда) жамиятни бошқариш масалаларида овозларнинг устун фоизига эга бўлган жамиятнинг йирик иштирокчилари билан уларга ҳеч нарса боғлиқ бўлмаган иштирокчилар ўртасида шаклланадиган МЧЖдаги корпоратив муносабатларга ҳам татбиқ этиш мумкин.


Олег ДАМИНОВ, «BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялари
аудиторлик-консалтинг гуруҳи бошқарувчи шериги,
Екатерина АДЕЕВА, юрисконсульти.


Прочитано: 2113 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика