Norma.uz

«Шахсий кабинет» менга нега керак?..**

Электр учун қанча ҳақ тўлашингиз кераклигини, бу борада қарзингиз бор-йўқлигини билмоқчимисиз? Сизни тўловларингиз касса орқали тегишли ҳисобварақларга бориб тушган-тушмаганлиги, ҳисоб-китоб чоғида ҳаммасини эътиборга олган-олмаганлигингиз қизиқтираяптими? Ана шундай саволларга вақтида жавоб олиш, энг муҳими электр энергияси истеъмолчиларининг хабардорлик даражасини ошириш ва тўловлар тизимини такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси «Электр ҳисоби» тизимини жорий этди. Мазкур тизим қандай ишлаётганлигини мухбиримиз ўз тажрибасида синаб кўрди. Унинг бу тажрибаси газетхонларимиз учун ҳам фойдали бўлса керак деб умид қиламиз.

Энг аввало, дастур ижодкорлари мазкур тизимдан фойдаланувчиларга қандай афзалликлар ваъда қилаётганликларига эътибор қилайлик. «Электр ҳисоби» тизимидан фойдаланиш орқали сиз:

l электр энергияси учун ҳақ тўлашда қулайликка эга бўласиз;

l тўлов ҳисоб-китоб варағига келиб тушганлигидан СМС-хабар орқали дарҳол воқиф бўласиз;

l тўлов ҳужжатларини (квитанцияларни) тўлдириш ташвишидан қутуласиз;

l абонент ҳисоб-китобидаги ҳолат ҳақида тезкор ахборотга эга бўласиз;

l маблағлар сарфиётини, шунингдек электр энергиясининг ҳар кунги ва ойлик сарфиётини назорат қилиб бориш имкониятига эга бўласиз;

l тармоқдаги носозлик ёки электр вақтинча ўчиб қолганда чақирувингизга кўра таъмирлаш гуруҳи етиб келишига эришасиз;

l энергия ўтказиш (сотиш) корхоналари билан ҳисоб-китоблар очиқ-ошкоралигидан баҳраманд бўласиз.

Дастурнинг сервис хизматларидан эмин-эркин фойдаланиш учун туман электр таъминоти корхонасида (ТЭТК) мобил телефонингизнинг рақамини қайд эттиришингиз лозим.

uzbekenergo.uz сайтида «Interaktiv xizmatlar», «Iste’molchilar uchun xizmatlar» (унда биз учун «Maishiy iste’molchilar», хўжалик юритувчи субъектлар учун эса «Yuridik iste’molchilar»га ҳавола бор) бўлимида Йўриқнома билан танишгач, Юнусобод туман электр таъминоти корхонасига бориб учрашдим. Технология ютуқларидан баҳраманд бўлиш истагидагиларни қабул қилиш учун бу ерда муайян вақт белгилаб қўйилмагани, гапнинг рости, мени қувонтирди. Мобил телефонингиз рақамини кассада қайд эттириш билан исталган вақтда бу йўналишдаги илғорлар сафига қўшилишингиз мумкин.

Юнусобод ТЭТК кассалари олдида бироз навбат кутишга тўғри келди. Электр ҳақини «Visa» карточкаси орқали тўлаш учун касса олдида турган мижозлар нисбатан кўпроқ. Тўловни нақд пул билан ёки «UZCART» тизими орқали тўлаш истагидагилар улардан икки баравар кам ҳисоб.

Иккита ёши улуғроқ аёл, афтидан бир неча йиллик квитанцияларни кўтариб келишган шекилли, ўроғлиқ қоғозларни қўлтиққа қисиб олганларича, ўзаро гапга тушиб кетишган. Сал нарида энг охирги квитанцияни ардоқлаб ушлаб олган бир аёл ишга  шошилаётганлигини айтиб, жиғибийрон бўлмоқда. Эллик ёшларни қоралаб қўйган эркак киши ҳозиргина квитанцияни тўлдириб, тўлайдиган пулини яна бир бор ҳисобламоқда... Хуллас, бу ерда мендан бўлак «Электр ҳисоби» тизимига уланиш учун телефон рақамини қайд эттириш ҳамда ўз ҳисоб-китобидаги аҳволга оид маълумотлар олиш нияти йўқ кўринади. Балки улар бундай имконият борлигини умуман билишмас. Кассалар жойлашган торроқ хонада бу ҳақда ҳеч қанақа ахборот йўқ. Ҳолбуки, ахборот айни шу жойга кўринарли қилиб осиб қўйилмоғи керак эди.

Навбатим келгач, кассир аёлдан мобил телефоним рақамини маълумотлар базасига қайд этиб қўйишини сўрадим. Оператор қиз шахсий ҳисобварағим рақамини суриштирди. Таассуфки, ТЭТКга борганда, охирги квитанцияни олиб бориш ёки ҳисобварақ рақамини ёзиб олиш зарурлиги ҳақида сайтда ҳеч нарса дейилмаган. Шу сабабли уйга қўнғироқ қилиб, квитанцияда кўрсатилган ҳисобварақ рақамини аниқлаб, операторга айтдим, у барча керакли маълумотларни киритгач, яшайдиган квартирам кимнинг номига расмийлаштирилганлиги ва нечта хона борлигини сўради.

Шундан кейин телефон одатдагидек, жиринглаб «Шахсий кабинет»га кириш учун логин ҳам кўрсатилган хабар келди.

12 рақамдан иборат логин муайян шахсий ҳисобвараққа бириктириб қўйилади. Энди «Электр истеъмолчисининг шахсий кабинети»га доир пароль олиш керак. Бу уйга борганда, бажарса бўладиган таомиллардан саналади. ТЭТКда рўйхатдан ўтиш нари борса 5 дақиқа вақтимни олди. Бунинг ҳам асосий қисми касса дарчаси олдида навбат кутиш билан ўтди.

Уйга келгач, компьютерни ёқдим, рўйхатдан ўтиш ишини тамомига етказиш учун олинган логинни киритиб, паролни мужассамлаштириш зарур. Пароль худди логин сингари СМС-хабар ёрдамида олинади.

Яна одатдаги хабар келди. Унда берилган пароль бирмунча ғалати эди: ХХХ.ХХ. Тажрибамдан шуни яхши биламанки, сайтларнинг аксариятида нуқта рамз сифатида ишлатилмайди. «Шахсий кабинет» сервисларига шу пароль билан кириш йўлидаги бир неча уринишим зое кетди. Шунда ХХХ ни кирита қолдим ва ... муродим ҳосил бўлди.

«Шахсий кабинет»да қуйидагилардан баҳраманд бўлинади:

l истеъмолчи тўғрисидаги ахборот (шахсий ҳисобварақ, телефон рақами, электр ҳисоблагич модели);

l электр ҳисоблагич кўрсаткичи («Шахсий кабинет» эндигина очилганлиги боис бу бўлимда ҳеч қанақа маълумот йўқ эди, ҳолбуки мантиқан олганда, бу ерда реал вақт режимидаги электрон ҳисоблагич кўрсаткичлари акс эттирилмоғи лозим);

l келиб тушган тўлов (бу ерда энг охирги тўловлар кўрсатилади. Шуниси қувонарлики, «Шахсий кабинет»да сизнинг 2011 йилдан буён амалга оширган тўловларингиз маълумотлари базаси мавжуд, хоҳласангиз уни қўлингиздаги квитанциялар билан солиштириб кўришингиз мумкин. Шундай қилиш зарур экан. Бир танишим фаромушлик туфайли бир ой учун ҳақ тўламаган, аммо кейинги ойлар учун мунтазам равишда тўлов тўлаб борган. «Шахсий кабинет»ни очгач, қарзи борлигини кўриб, ҳайрон бўлган-у қўлидаги ҳужжатлар билан солиштириб кўрганидан кейин қилган хатосига ишонч ҳосил қилган);

l шахсий ҳисобварақ ҳолати (тизимдан фойдаланувчи шахс электр энергияси учун тўлов ҳисоблаб ёзилганлиги, тўланганлиги ҳақида, қарзи бор-йўқлиги, олдиндан ҳақ тўлаган-тўламаганлиги тўғрисида ахборот олади);

l буюртмалар ва аризалар;

l тасдиқномалар.

Бу «Шахсий кабинет» шарофати билан эга бўлинадиган энг зўр имкониятлардир. Илгарилари электрни тармоқдан узиб қўйиш, ҳисоблагични пломбалаш, уни бекор қилиш ёки алмаштириш учун ёзилган аризани кўтариб, ТЭТКга бориш керак эди. Эндиликда «Электр ҳисоби» ёрдамида бу ишларни қилиш жуда осон. Ўзингизга тегишли «Шахсий кабинет»дан туриб, керакли сўровни жўнатасиз ва «Тасдиқномалар» бўлимида сўров қабул қилиб олингани ҳақида сизга хабар келади. Электр ҳисоблагичимни узиб қўйиш, ўзгартириш ёки пломбалатишга менда зарурат бўлмаганлиги боис сервиснинг бу йўналишдаги ишини текшириб ўтирмадим.

Дастур ижодкорлари «Шахсий кабинет»дан туриб, электр энергияси учун ҳақ тўлаш мумкин деб айтишмоқда. Афсуски, бундай ишнинг уддасидан чиқа олмадим. «Шахсий ҳисобварақ ҳолати» бўлимида «Квитанцияни териш» деган ҳавола бор, унга ўтилгач, тўлов ҳужжати шаклланмоғи керак. Бироқ менинг сўровимга жавобан мониторда «Хабарнома» деган сўз ёзилган бўш бланка пайдо бўлди, холос. Бу иш маромига етказилади деб умид қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда кирита олмайсиз, негаки тизим ҳисоб-китобда хатоликлардан ҳоли бўлиш мақсадида инспектор бориб кўриб қайд этган натижаларнигина қабул қилади. Энергия ҳисобининг замонавий тизимига ҳамма жойда ўтилиши билан электрон ҳисоблагич кўрсаткичлари энергия етказиб берувчининг маълумотлар базасида on-line режимида акс этадиган бўлади деб ишонамиз.

Бугунги кунда инспектор хонадонма-хонадон юриб, дастур серверига СМС-хабар юборади (унда абонентнинг шахсий ҳисобварағи, телефон рақами, ҳисоблагичнинг текширув асносидаги кўрсаткичлари кўрсатилган бўлади. Ана шу тартиб-таомил натижасида инспектор ҳисоблагич кўрсаткичини ёзиб олганлиги ва фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ тўлашингиз зарурлиги ҳақида хабар оласиз. Ҳақ тўлашни яна ўша эски, синалган усул билан, яъни банк кассасига бориб ёки бирмунча замонавийроқ усул – Paynet тизими орқали амалга оширасиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Шахсий кабинет» муайян мобил телефон рақамига бутунлай боғлаб қўйилмаган. Мабодо қўл телефонингизни ўзгартирадиган бўлсангиз, унинг рақамини хабар қилиш учун яна ТЭТКга бориб юришнинг ҳожати йўқ – бу ишни «Шахсий кабинет»нинг ўзи амалга оширади. Аммо, «Шахсий кабинет»га кириш учун оддийгина паролни ўзгартира олмайсиз. Дастур ижодкорлари келгусида буни албатта инобатга олишлари керак.

Умуман олганда, дастур чиндан ҳам қулай ва онлайн-сервисга бир неча бор иши тушган, Интернетда ишлаш қоидаларини биладиган ҳар қандай одамга тушунарлидир. Коммунал хизматлар учун тўловлар билан боғлиқ ҳисоб-китоблар билан шуғулланиб ўтиришга фурсати ёки чидами етмайдиганлар учун ҳам бу тизим жуда мақбулдир.

 

*Таҳририят ихтилофли вазиятларни таҳлил қилишда иштирок этмайди ва уларни ҳал қилишда кўмаклашишга ваколатли эмас.

**Ушбу материал дастлаб «Норма» газетасида «Зачем мне нужен персональный кабинет?..» сарлавҳаси остида 30.04.2013 йилнинг 17 (406)-сонида рус тилида эълон қилинган эди. Шу сонда унинг ўзбек тилига ўгирилган матнидан сўнг ушбу мавзу кўтарилган бошқа материаллар билан ҳам танишасиз.

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Прочитано: 5138 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика