Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори билан 2013 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъектлари божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиши назарда тутилган.
Унинг талабларини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 22.05.2013 йилдаги 139-сон қарори билан Тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисида низом (бундан кейин – 139-сон Низом) тасдиқланди. У экспорт божхона юк декларациясини ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудигача қилинган харажатларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда, олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун мажбурий тақдим этиш тартибини белгилайди.
Ҳужжат тили билан
Экспорт божхона юк декларацияси – экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган божхона декларацияси.
Олиб кирилаётган товарнинг тақдим этилган қиймати – унинг бўйича пул ҳисоб-китоби (тўлов) амалга ошириладиган шартномада (контрактда) ёки инвойсда кўрсатилган қиймат ёхуд уларда қиймат мавжуд бўлмаган тақдирда – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган қиймат.
Олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қиймати – товарнинг экспорт божхона юк декларациясида кўрсатилган божхона қиймати (у мавжуд бўлмаганда – фактурадаги қиймати) ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудигача қилинган, ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳамда «Бож тарифи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси иккинчи қисмидаги 1–5-бандларда назарда тутилган божхона қийматига қўшилган (агар улар унга киритилмаган бўлса) харажатлар, шунингдек дилер (дистрибьютор, агент) шартномаси асосида ишлаб чиқарувчи ташкилот дилерининг (дистрибьютор, агентнинг) воситачилик ҳақи.
Олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланмаган қиймати – олиб кирилаётган товар кўрсатилган қийматининг олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қийматидан ортиқча қиймати.
139-сон Низом, 2-банд.
Шу ўринда айтиш жоизки, таҳририятимизга экспорт БЮД тақдим этилишига доир кўплаб саволлар келиб тушган.Тадбиркорлар шу сабабли божхонадан ўтказишда юзага келадиган муаммолар ҳақида ёзганлар. Қуйида янги меъёрий ҳужжатга асосланган ҳолда уларга жавоб берамиз.
Экспорт декларациясини бажонидил тақдим этган бўлар эдим, бироқ, баъзи давлатларда қонунчилик билан назарда тутилмаганлиги боис у берилмайди. Бу ҳолда нима қилиш керак?
О.Ан, ХК директори.
– 139-сон Низомнинг 3-бандида қайд этилишича, агар экспорт божхона юк декларациясида товарнинг қиймати кўрсатилмаган бўлса ёки экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг қонун ҳужжатларида товарни олиб чиқишда божхона декларациясини расмийлаштириш назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда экспорт божхона юк декларацияси ўрнига товарни олиб чиқишда экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатда расмийлаштирилган ҳамда экспортёр ва импортёрнинг номи, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг қиймати, вазни ва миқдори тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилиши мумкин.
Маълумот учун! 139-сон Низомнинг амал қилиши инсонпарварлик ёрдами, техникавий кўмак сифатида ва грантлар ҳисобига олиб кирилаётган товарларга, шунингдек олиб кирилаётган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига, хорижий валютага ва қимматбаҳо қоғозларга татбиқ этилмайди.
«Тошкент-АЭРО» ИБМга Малайзиянинг экспорт декларациясини тақдим этдик, бироқ уни таржима қилиб, нотариал тасдиқлаш керак деган важ билан қабул қилмадилар. Шу тўғрими? Ушбу таомилни божхонанинг ўзида амалга оширишлари керак эмасми?
ҚК МЧЖ ТИФ мутахассиси.
– Ҳужжатларни таржима қилиш ва уларни нотариал тасдиқлаш божхона хизматининг вазифасига кирмайди. Шу сабабли божхоначиларнинг талаблари тўғри.
139-сон Низомнинг 7-бандига мувофиқ экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг давлат божхона хизмати органларига рус ёки инглиз тилларида тақдим этилади. Бошқа тилда тўлдирилган экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг давлат божхона хизмати органларига импортёр томонидан тасдиқланган ўзбек, рус ёки инглиз тилидаги таржимаси билан бирга тақдим этилиши керак.
Экспорт мамлакати жавоб берувчи органининг сайтидан экспорт декларацияси нусхасини кўчириб, уни божхона постига тақдим этиш мумкинми?
Т.М., «Чарос» МЧЖ.
– 139-сон Низомнинг 6-бандига мувофиқ экспорт божхона юк декларацияси қоғоздаги оригинали (асл нусхаси) ёки экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг божхона органлари ёки импортёр томонидан тасдиқланган нусхаси тарзида ёхуд қоғозли манбада босилган ва экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатнинг божхона органи ёки импортёр томонидан тасдиқланган электрон божхона юк декларацияси тарзида тақдим этилиши мумкин.
Маълумот учун! Импортёр божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда, олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат божхона хизмати органларига («эркин муомала учун чиқариш» режимига божхона расмийлаштируви пайтида экспорт божхона юк декларациясини ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудигача қилинган харажатларни (қиймат ва тўловларни) тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этади.
Маълум бўлишича, экспорт декларациямиз нотўғри расмийлаштирилган – унда Ўзбекистон чегарасигача етказиб бериш ҳисобга олинмаган ҳолда божхона қиймати кўрсатилган экан. Уни божхонадан ўтказгандан кейин божхонага тақдим этиш мумкинми? Имтиёзлар сақланиб қоладими?
К.Капинос.
– 139-сон Низомнинг 14-бандига кўра агар «эркин муомала учун чиқариш» режимига божхона расмийлаштируви пайтида экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босувчи ўзга ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилмаса ҳамда товарлар бўйича божхона тўловлари тўланган бўлса импортёр экспорт божхона юк декларациясини ёки унинг ўрнини босувчи ўзга ҳужжатни ва бошқа ҳужжатларни товар божхонада расмийлаштирилган кундан бошлаб йил мобайнида тақдим этиши мумкин.
Экспорт божхона юк декларациясини ёки унинг ўрнини босувчи ўзга ҳужжатни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишда божхона тўловлари қайта ҳисоблаб чиқарилади ва ортиқча тўланган божхона тўловлари қайтарилади ёхуд Божхона кодексининг 113-моддасига мувофиқ, Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисидаги йўриқномада1 белгиланган тартибда, импортёр талабига кўра келгусидаги божхона тўловлари ҳисобига ўтказилади.
БЮДда экспорт декларациясининг мавжудлиги қандай акс эттирилади?
С.С., божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис.
– БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг2 6-бўлимига мувофиқ, яъни «Эркин муомала учун чиқариш» божхона режимида расмийлаштиришда назарда тутилган тартибда тўлдирилади. Бунда қўшимча ахборот қайд этилиши назарда тутилган БЮДнинг 44-устунида экспорт БЮД ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатнинг берилган санаси ва рақами кўрсатилади.
Маълумот учун! Олиб кириладиган товарнинг тасдиқланган ва тасдиқланмаган қийматлари ҳисоб-китоби, тўланиши керак бўлган божхона тўловлари ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 139-сон Низомга иловага мувофиқ БЮДга илова қилиниб, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис имзоси ва декларант муҳри билан тасдиқланади.
БОЖХОНА Т¤ЛОВЛАРИНИНГ ҐИСОБЛАБ ЧИЈИЛИШИ ХУСУСИДА
Импортёрлар божхона тўловлари бўйича имтиёзлар олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қийматига берилишини, тасдиқланмаган қийматига эса божхона тўловлари тўлиқ миқдорда ҳисоблаб чиқилишини билишлари лозим. Божхона тўловларининг алоҳида ва аралаш ставкалари белгиланган товарларга алоҳида қисмни ҳисоблаб чиқиш учун асос олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган ва тасдиқланмаган қийматининг фоиздаги нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Маълумот учун! Экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилмайди.
139-сон Низомнинг 11-бандига мувофиқ ушбу талабларнинг амал қилиши:
юридик шахслар томонидан халқаро ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарз (кредит) маблағлари ҳисобига олиб кирилаётган товарларга;
Ўзбекистон Республикаси томонидан тузилган шартномалар (битимлар) доирасида олиб кирилаётган товарларга;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ТИАИСВда экспертизадан ўтган импорт контрактлари бўйича олиб кирилаётган товарларга;
Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомнинг3 9-бандига мувофиқ, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари билан келишилган ҳолда ташкил этилган идоралараро тендер комиссиялари қарорлари асосида тузилган контрактларга биноан олиб кирилаётган товарларга;
суюқ углеводородларни етказиб бериш юзасидан импорт контрактлар бўйича олиб кирилаётган товарларга татбиқ этилмайди.
Маълумот учун! Импортёр Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб кирилган товарларни божхонада расмийлаштиришда тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги учун жавоб беради. Божхона тўловлари бўйича имтиёзларнинг тўғри қўлланганлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.