Norma.uz

Банкнинг интернет истиқболлари

Ўзбекистон Марказий банки яқинда Миллий матбуот марказида «Замонавий банк хизматларини ривожлантириш истиқболлари» мавзуида матбуот конференцияси ўтказди.

Марказий банкнинг Тўлов тизимлари ва ахборотлаштириш департаменти директорининг ўринбосари Улуғбек Маҳмудов ҳамда Пул муомаласи департаменти директорининг ўринбосари Фахриддин Бобоев банк соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёни ҳақида журналистларга ахборот бердилар.

 

Уларнинг тақдимотида электрон тўловларни ривожлантиришга алоҳида ўрин берилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда «Uzpaynet», «SMS-To’lov», «Интернет-банкинг», «СМС-банкинг», «Мобил банкинг», «Банк-Мижоз» тўлов тизимлари ишлаб турибди. Булар, энг аввало, тадбиркорликни, шу жумладан электрон тижоратни ривожлантиришга яқиндан ёрдам бермоқда.
Бугунги кунда «Банк-Мижоз» ва «Интернет-банкинг» хизматларидан 44 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланмоқда. «Мобил банкинг» (wap-банкинг) мамлакатимиз банкларининг 107 мингдан ортиқ мижозига хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бундай хизматлардан фойдаланувчилар сони 50 фоизга кўпайди.
Бир кеча-кундузда «Uzpaynet» тизими орқали 2,5-3 миллион транзакциялар ўтмоқда. «SMS-To’lov» бир қанча хизматлар ҳақини мобил телефон орқали пластик карточкалар билан тўлаш имкониятини таъминламоқда. Ҳар бир мижозга электрон рақамли имзо берилади. Бу имзо фойдаланувчининг аутентификациясини ҳамда уни маблағларидан рухсатсиз фойдаланилишидан ҳимоя этишни таъминлайди.
Матбуот конференцияси ташкилотчилари қайд этиб ўтганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда
1 466 та инфокиоск ва банкомат ўрнатилган. Истеъмолчилар уларнинг ёрдамида харажатларга карточкасидан қилинган маблағ сарфиёти ҳақида кўчирма олиши, коммунал хизматлар учун ва алоқа корхоналари хизматига ҳақ тўлаши, DUET ҳисобварағидан пластик карточкага маблағ тушириши, пластик карточкадаги балансни билиб олиши мумкин.
Яқин-яқинларгача «электрон ҳамёнлар»дан нолиб келган одамлар ҳам эндиликда уни қулай ва ишончли тўлов воситаси эканлигига ҳамма ерда ишонч ҳосил қилмоқдалар. Мамлакатимиз банк­лари томонидан 9,7 миллиондан ортиқ пластик карточкалар чиқарилди. Уларнинг ёрдамида ўтган йили қарийб 8,7 триллион сўмлик нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилинди. Улар «Uzkart» тизимига бирлаштирилган. Бу эса битта терминалнинг ўзида турли банклар чиқарган карточкалардан тўлов қабул қилиш имконини бермоқда.
«Uzkart» тизими 2015 йилга бориб DUET тизимларидан on-line тизимларига тўлиқ ўтишни амалга оширади деб режалаштирилмоқда. Бироқ DUET карточкаларидан фойдаланувчилар уларнинг техник амал қилиш муддати тугаллангунига қадар фойдалана оладилар. DUET карточкасида тўлов сизнинг пластик карточкангизга ўтказилган пул ҳисобидан амалга оширилса, on-line тизимида пул тўғридан-тўғри сизнинг банкдаги ҳисоб-китоб варағингиздан ўтказиб олинади. Ҳозирча улар параллель тарзда фаолият кўрсатмоқда, айни бир вақтда бир тизимдан иккинчисига босқичма-босқич ўтиш амалга оширилаётир.
Оn-line да тўлов DUETдагидан фарқли равишда Интернет орқали ва алоқа канали орқали амалга оширилади. Терминалга уланган модем банк сервери билан алоқани таъминлайди, серверда эса операциялар амалга оширилади.
Аҳолини харид учун ҳақни on-line йўли билан тўлаш имкониятини таъминлаш учун сотувчи «Uzkart» билан ишловчи терминалнинг дастурий таъминотини ўзгартириши кифоя. Бунинг учун банкка боришнинг, терминал топширишнинг ҳожати йўқ. Алоқа канали ва Интернет орқали банк серверига аппарат улангани ҳамони дастурий таъминот ўз-ўзидан ўзгаради ва терминал DUET тизими карточкалари билан ҳам, on-line тизими карточкалари билан ҳам бемалол иш олиб бораверади.
Ҳозирги пайтда on-line тизимининг ривожланишига бир қанча муаммо, хусусан алоқа канали имкониятлари билан боғлиқ равишда секин ишлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида тўловларни «Uzkart» пластик карточкаларидан қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш ҳоллари, янги пластик карточкалар билан ишлайдиган савдо нуқталари сони етарли эмаслиги сингари муаммолар тўғаноқ бўлмоқда.
Марказий банк on-line тизими алоқа тармоқларига бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, Давлат алоқа ва ахборотлаштириш қўмитаси билан биргаликда 24 000 та модем сотиб олди ва босқичма-босқич жорий этмоқда. Тошкентда шунингдек оптик-тола тармоқларини йўлга қўйиш ишлари ҳам олиб борилмоқда – бундай тармоқлар орқали маълумотлар узатиш тезлиги анчагина юқоридир.
Электрон тўлов тизимларини уларнинг фаолият соҳасини кенгайтириш ҳамда юртимиздаги банкларда янги хизматларни жорий этиш орқали янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.

Прочитано: 2493 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика