Суд жараёни давомида тарафлар бир нечта, шу жумладан даъвони таъминлаш, исбот-далилларни талаб қилиб олиш, экспертиза тайинлаш тўғрисида илтимосномалар беришди. Бироқ хўжалик суди судьяси фақат даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимоснома бўйича алоҳида ҳужжат тарзида ажрим чиқарди.
Суд тўғри қилдими? Унинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилса бўладими?
Б.Сатторов, раҳбар,
И.Линдт, бош бухгалтер.
«BN» фирмаси.
– Умумий қоидага кўра хўжалик суди иш кўришни кейинга қолдирганда, иш юритишни тўхтатиб турганда, тугатганда, даъвони кўрмасдан қолдирганда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқаради. Бироқ, Хўжалик процессуал кодекси (ХПК) 151-моддасининг биринчи қисмига кўра, хўжалик суди ХПКда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқаради. Хусусан, у даъвони таъминлаш ёки таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим ҳисобланади1. Бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Алоҳида ҳужжат тариқасида чиқариладиган ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, суд таркиби, суд мажлиси котиби, низо предмети;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) ажрим чиқарилаётган масала;
4) хўжалик суди ўз хулосаларини чиқаришга олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари;
5) кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса.
Янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ва экспертиза тайинлаш бўйича аризалар ва илтимосномаларни хўжалик суди ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрларини эшитиб бўлгач, ҳал қилади2. Суд аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради, унинг шакли илтимосноманинг моҳияти ва уни кўриш натижаларига боғлиқ. Агар тараф иш ҳужжатларига қўшимча далилларни қўшиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, у қаноатлантирилганда ёки рад этилганда оғзаки ажрим чиқарилади. Берилган илтимосномалар бўйича чиқариладиган ажримларни расмийлаштиришга қўйиладиган умумий талаб – маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилишининг мажбурийлиги3. Ажримда у қайси масала бўйича чиқарилаётгани, суд ўз хулосасини чиқаришига олиб келган сабаблар ҳамда кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса кўрсатилади4. Ариза, илтимосномаларни қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисидаги оғзаки шаклда чиқарилган ва эълон қилинган ажримлар устидан шикоят (протест) қилинмайди.
Шу тариқа, сиз келтирган ҳолатда суднинг ҳаракатлари тўғри ва ХПК талабларига мувофиқ келади.
1ХПК 76-моддасининг тўртинчи қисми.
2ХПКнинг 129-моддаси.
3ОХС Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида» қарори (15.06.2007 йилдаги 162-сон) 34-бандининг биринчи хатбошиси.
4ХПК 151-моддасининг учинчи қисми.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.