Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 22 / Долзарб мавзу

Олисни кўзлаган – инвестиция киритар

Куни кеча Тошкентда «Кадрлар муваффақияти – бизнес муваффақияти» мавзуида халқаро HR-Форуми бўлиб ўтди. Тадбир «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази ҳузуридаги Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш маркази, «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси ҳамда «SAIPRO» ахборот-рейтинг агентлиги томонидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмиталари, ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад бизнес юритишнинг ҳозирги шароитида кадрларни бошқариш ва уларни тайёрлашнинг самарали стратегияси билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама этиш учун мунозара майдони ҳосил этишдан иборат эди. Бундай Форум Тошкентда биринчи бор ўтказилиши. Иштирокчилар ва ташкилотчилар бу йўсин учрашувларни ҳар йили ўтказиб туриш истагини изҳор этишди.


Тадбирда Ўзбекис­тон­нинг замонавий меҳнат бозорини ривожлантириш, давлатнинг янги иш жойларини барпо этиш ва аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган сиёсати, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари, кадрларни танлашнинг замонавий воситалари, бу ишни рағбатлантириш, баҳолаш, ўқитиш ва уни янги босқичга кўтариш усуллари муҳокама қилинди.
Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев йиғилганларга қутлов сўзлари билан мурожаат этар экан, Ўзбекистонда хусусий бизнесни ривожлантиришнинг қулай ва мақбул асоси яратилганлигини, керакли қонунчилик базаси ишлаб чиқилганлигини, имтиёзлар ва преференциялар назарда тутилганлигини алоҳида таъкидлади. Янги иш жойлари барпо этилиб, замонавий технологиялар жорий этилаётганлигини айтиб ўтди.
«Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази ҳузуридаги Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолияти ҳақида унинг бош директори Бобур Бекмуродов гапириб берди. Марказ истеъдодли ёшларни аниқлаш билан шуғулланмоқда. Бундай йигит-қизлар грантлар, стипендиялар ва бошқа рағбатлантирувчи омиллар билан тақдирланмоқда, бепул асосда чет тил ва тадбиркорликни ўрганмоқда, IT-мутахассислар учун мўлжалланган ва бошқа курсларда таълим олмоқда. Ёшларнинг ишга жойлашувига кўмаклашиш асносида уларнинг касб ва мансаб борасида ўсиши, камол топиши рағбатлантирилмоқда, мамлакатимиз навқирон авлодининг камолот йўлида дадил олға боришига эришилмоқда.

Форумда янги иш жойлари, хусусан, ёшлар учун мўлжалланган шундай жойлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада иш самарадорлиги, жумладан кичик ва хусусий бизнесни рағбатлантириш йўли билан таъминланмоқда. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг бош мутахассиси Юсуфжон Хўжаназаров ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи Ойбек Эгамбердиевлар шу ҳақда гапириб ўтдилар. Чунончи мамлакат Президентининг «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида (28.07.2010 йилдаги ПФ-4232-сон) белгиланишича, микрофирмалар ва кичик корхоналар мамлакатимиз касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, агар уларнинг ўқув юртларини тамомлаганларига уч йилдан ошмаган бўлса, қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган ходимларнинг ўртача йиллик сони нормативи чегарасини 20 фоизга қадар оширишга ҳақли, бунда уларнинг барча имтиёзлари, кафолатлари ва ҳуқуқлари сақланиб қолади.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз корхоналарида ёшлар учун квоталар бўйича 116 мингдан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 250 мингдан ортиқ янги иш жойлари, шу жумладан ёшлар учун шундай жойлар барпо этилди. Буларнинг 150 мингдан ортиқроғи қишлоқларда барпо этилди.
Оилавий бизнесни ривожлантириш бу йўналишда катта истиқболлар очиб бермоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ бу жабҳада 200 минг киши банд.

Форум мобайнида «HR-брендингнинг самарали воситалари ва афзалликлари» деган мавзуда Бретт Минчингтон томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилди.
У HR-брендингнинг асослари ҳақида сўз юритиб, ҳар бир ходим компаниянинг қиёфаси эканлигига алоҳида урғу берди. Бугунги кунда одамларнинг онгига салмоқли таъсир кўрсатиб келаётган замонавий коммуникация воситаларига ҳам у алоҳида тўхталиб ўтди. Ижтимоий тармоқлар имкон қадар кўпроқ миқдордаги одамлар билан мулоқотда бўлиш, виртуал маконда истеъдодли мутахассисларни топиш ва ҳатто компаниялар тузиш имконини бермоқда. Бир қанча ташкилотлар учун бу таҳлит мулоқот талабларга жавоб берадиган ходимларни жаҳоннинг турли мамлакатларидан топишга ёрдам берди.
Бретт Минчингтон истеъдодли ходимларни излашнинг ўзига хос жиҳатларини гапириб ўтди. Тажриба борлиги, маълумотга эга бўлиш муҳим. Аммо одамда у ёки бу компания учун зарур маҳорат ва кўникма бўлиши эса ўта муҳимдир. Айни ана шундай мутахассисларни излаш юзасидан катта иш олиб борилмоқда, турли мамлакатларда бўлишга, суҳбатлашувлар ўтказишга тўғри келмоқда.
Компаниянинг нуфузи қанча баланд бўлса, унда ишлашни истайдиган истеъдодли кишиларни топиш эҳтимоли шу даражада кўпроқдир. Шу сабабли ҳам HR ташкилотнинг брендинги, умуман олганда эса, унинг нуфузи билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Интерфаол йўсинда ўтган маҳорат сабоқлари асносида Бретт Минчингтон ходимларни компанияга жалб этиш юзасидан бир қанча амалий маслаҳатлар берди.

Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси ҳам жуда жонли ўтди. «NORMA» компаниясининг етакчи эксперти Абдусалом Рисқуллаев ўз сўзида Меҳнат кодекси нормаларини қўлланиш амалиётидаги низоли масалаларга тўхталиб ўтди. Бундай низоли масалалар, хусусан, ходимлар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузишда учраб туради. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган) 12-бандига мувофиқ бундай фуқаро мамлакат пойтахтида 6 ойгача бўлган муддатга ҳисобга олиниши мумкин. Бу қоида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти компанияларига бошқа шаҳарлик фуқароларни уларнинг Тошкентда бўлишига ижозат берилган муддатга, яъни 6 ойдан ортиқ бўлмаган вақтга муддатли шартномалар асосида (Меҳнат кодексининг 76-моддаси) ишга қабул қилиш имконини беради. Ходим мазкур ташкилотда ишни давом эттирган тақдирда, ҳар ярим йилга у билан муддатли шартнома тузилади. Буни ҳамиша ҳам қулай ва мақбул усул деб бўлмайди. Негаки, биринчидан, ходимлар, шу жумладан бошқа шаҳарлик ходимлар иш олиб бораётган лойиҳалар узоқроқ муддат давом этиши мумкин. Иккинчидан, ҳисобга қўйиш муддатини узайтиришга доир ҳужжатлар аввалги муддат тугалланганидан кейингина қабул қилинади. Расмийлаштириш тартиб-таомиллари эса баъзан анча вақтга чўзилади. Ана шу пайтда ташкилот мутахассиссиз қолади, ходимнинг эса иш стажи узилиб қолади. Эҳтимол, иш берувчиларга у ёки бу ходим билан шартнома муддатини мустақил белгилаш имконини бериш мақсадга мувофиқроқдир.

Тошкент давлат юридик институтининг Меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий ҳимоя ҳуқуқи кафедраси доценти Михаил Гасанов Ўзбекистон Меҳнат кодекси нормаларини ҳуқуқий қўлланишнинг баъзи масалаларига тўхталди. Унинг айтишича, айрим тоифадаги ходимларнинг (касаначилар, ўриндошлик асосида ишлайдиган ва шу сингари бошқа ходимларнинг) меҳнатга оид муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари амалдаги Кодекс билан тартибга солинмайди ҳисоб. Бундай ходимларнинг меҳнати, демак, Меҳнат кодекси билан эмас, балки бир қанча қонуности норматив ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Кодексда жисмоний шахслар ўртасидаги меҳнат оид муносабатлар (масалан, болани парваришлайдиган энагаларни, шунингдек боғбон ва ҳайдовчиларни ишга ёллаш) мустаҳкамлаб қўйилмаган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Форумнинг барча иштирокчиларига «NORMA» компанияси «Кадрлар бўйича маслаҳатчи» электрон маълумотнома тизимининг махсус сонини ҳадя этди. Ундаги тушунтирув материаллари ва кадрлар билан олиб бориладиган ишда қўлланиладиган ҳужжатларнинг намуналари кадрлар билан иш олиб борувчи хизмат ходимларига тез-тез учраб турадиган масалаларни қонуний асосда ҳал этишга ёрдам беради.

Тадбир доирасида Миллий кўргазма марказида олий ўқув юртлариаро карьера куни ва бўш иш жойлари ярмаркаси ўтказилди. «SAIPRO» ахборот-рейтинг агентлиги, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази, Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш маркази ва UzJobs рекрутинг лойиҳаси томонидан ташкил этилган бу тадбирларда иш берувчилар билан коллежлар ҳамда олий ўқув юртлари битирувчилари бир-бирларини яхшироқ ўрганиб, меҳнатга жойлашиш имкониятларини муҳокама қилиш ҳақида фикрлашиб олдилар. Ёш йигит-қизлар меҳнат бозоридаги бўш иш жойларини билиб олдилар, мамлакатимизнинг етакчи компанияларига ўз хизматларини тавсия этдилар.
Тадбирнинг иккинчи куни «Замонавий меҳнат бозорида талаб бўлган малакали кадр­ларни тайёрлаш учун олий ўқув юртлари ва бизнес соҳаси саъй-ҳаракатларини интеграциялаш» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мунозара иштирокчилари Халқаро Вестминстер университетининг Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга оид тажрибасини, «Unitel» МЧЖ («Beeline» СМ) томонидан тақдим этилган «Учинчи авлод» лойиҳасини, шунингдек ёш мутахассисларни камол топтириш масалаларини муҳокама этдилар. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Халқаро форумнинг барча тадбирлари унинг ёш авлод учун йўналтирилган инвестициялар – истиқбол учун, шу жумладан тегишли компания истиқболи учун йўналтирилган инвестициядир деган шиорини тамомила тасдиқлади.


Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.

Прочитано: 2478 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика