Корхона ходими компьютер/ташкилий техникани синдириб қўйди. Ундан етказилган зарарни ундириш учун иш берувчи қандай ҳаракатларни амалга ошириши мумкин?
– Иш берувчига (ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги) тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар етказилишида айбдор бўлган ходимлар фақат бир вақтнинг ўзида қуйидаги мажбурий шартлар мавжудлигида моддий жавобгар бўлишлари керак:
иш берувчига етказилган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар (зиён)нинг мавжудлиги;
ходимнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги);
унинг зарар етказилишдаги айби;
ходимнинг айбли хатти-ҳаракати билан иш берувчига етказилган зарар ўртасидаги сабабли алоқадорлик.
Унга етказилган моддий зарарни аниқлаган иш берувчи қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши керак.
l Унга зарар етказилганлиги далилини (масалан, қимматликлар камомади ёки уларни шикастлаш ва ҳоказо) аниқлаш ва ҳужжат билан тасдиқлаш. Зарурат бўлганда у тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда комиссия тузишга ҳақли. Зарар етказилганлиги далили бухгалтерия ҳисобининг турли ҳужжатлари, шу жумладан хўжалик оборотида фойдаланиладиган ҳужжатлар (инвентаризациялаш далолатномаси, нуқсонлар қайдномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва бошқалар) билан тасдиқланиши мумкин.
l Етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг пайдо бўлиш сабабларини аниқлаш. Агар унинг миқдори белгиланмаган ёки унинг пайдо бўлиш сабаблари аниқланмаган бўлса, иш берувчи ходим зиммасига зарар учун моддий жавобгарликни юклашга ҳақли эмас. Сабабларни белгилаш учун у ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилиб олиши керак. Айбдорнинг бирор-бир тушунтириш беришдан бўйин товлаши уни иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортиш учун тўсиқ бўла олмайди. Бироқ бундай ҳолда тегишли далолатномани тузиш тавсия қилинади.
l Зарар етказилишида айбдорларни белгилаш. Эҳтимол, бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам сўраб мурожаат қилишга тўғри келиб қолар.
l Айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш.
Меҳнат кодекси (МК)нинг 202-моддасига мувофиқ етказилган зарар учун қуйидаги ҳолларда ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади:
махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;
бир галлик ҳужжат асосида олинган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;
қасддан зарар етказилганда;
алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;
ходимнинг суд ҳукми билан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;
тижорат сирлари ошкор этилганда;
қонунларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.
Бошқа ҳолларда у ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгар бўлади (чекланган моддий жавобгарлик).
Иш берувчи зарар етказилган чоғдаги аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдор ходимдан зарарни ундиришдан қисман ёки тўлиқ воз кечишга ҳақли. Бундай ҳолда етказилган зарар корхона фойдаси ҳисобидан қопланади. Давлат мулки шаклидаги корхоналарда ана шундай қарор, агар у жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, қабул қилиниши мумкин (МКнинг 200-моддаси).
l Зарарни қоплаш усуллари масаласини ҳал қилиш. Қоплаш икки усул билан амалга оширилиши мумкин:
1) етказилган зарарнинг ходимнинг ўзи томонидан ихтиёрий равишда тўланиши (тегишли пул суммаларини корхона кассасига киритиш ёки уларни иш берувчининг банк ҳисобварағига, шу жумладан пластик карточка воситасида ўтказиш йўли билан). Иш берувчининг розилиги билан ходим етказилган зарарни қоплаш учун унга баҳоси тенг мол-мулк бериши ёки бузилган мол-мулкни тузатиб бериши мумкин. Зарарни ихтиёрий равишда тўлаш МКда назарда тутилган доирада амалга оширилади.
2) зарарни ходимнинг розилигисиз қоплаш. Агар тарафлар зарарни ихтиёрий равишда қоплаш тўғрисида келишувга эришмасалар, айбдор ходимдан ўртача ойлик иш ҳақидан ошмайдиган зарар суммасини ундириш иш берувчининг фармойиши бўйича амалга оширилади. У зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кўп бўлмаган санада амалга оширилиши мумкин, иш берувчига зарар етказилганлиги маълум бўлган кун зарар аниқланган кун бўлиб ҳисобланади.
Етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади.
Ходим иш берувчига зарар етказилган фаолиятининг якунлари бўйича текширишнинг барча материаллари билан танишишга ҳақлидир.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.