30.04.2013 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-352-сон Қонун билан Божхона кодексининг айрим меъёрлари такомиллаштирилди.
Кодексдан эркин божхона зонаси режими амал қиладиган ҳудудда бинолар, қурилмалар ва иншоотларни барпо этишни божхона органи билан келишиш тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди.
Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиб, бу имтиёзлар нима муносабат билан берилган бўлса, шартли чиқариб юборилган товарлар ва транспорт воситаларидан фақат шу мақсадларда фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга йўл қўйилади. Қонун билан БКнинг 15-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ бошқа мақсадда улардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга божхона тўловлари тўланган ҳамда Божхона кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда йўл қўйилади. (Илгари унда бунинг учун божхона органининг рухсатномасини олиш зарурати ҳам назарда тутилган эди.)
БКга киритилган қўшимчаларга мувофиқ товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқишда товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича мазкур рухсатномани беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
Божхона ташувчисининг божхона назорати остидаги ташишлар тўғрисида божхона органларига тегишли ҳисобот тақдим этиши талаби бекор қилинди.
Товарларни декларациялаш шаклларига аниқлик киритилди. У ёзма, оғзаки, электрон бўлиши мумкин.
Кодексга киритилган ўзгартишлар билан белгиланишича: халқаро ташишларда қўлланиладиган чет тиллардаги ҳужжатларни божхона органларига тақдим этиш учун божхона органларининг рухсатномаси керак эмас.
Декларантга божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни ўзгартириш ёки тўлдириш, топширилган божхона декларациясини эса божхона органининг рухсатисиз қайтариб олишга рухсат берилди.
Кодексга товарларни улар божхона ҳудудига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш тартибини белгиловчи 961-модда киритилди. У декларантнинг хоҳишига кўра қўлланади.
Ўзгартишларга мувофиқ гаровга қўювчи гаров нарсасини гаров шартномасига мувофиқ тасарруф этишга ҳақли (илгари у божхона органининг розилигисиз уни тасарруф эта олмас эди).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди. Ундан белгиланган тартибни бузган ҳолда эркин божхона зонаси режими амал қиладиган ҳудудда бинолар, қурилмалар ва иншоотларни барпо этганлик учун жавобгарлик чиқариб ташланди. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган, шартли равишда чиқарилган товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи меъёрга тузатиш киритилди. Эндиликда Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган бўлса, божхона имтиёзлари берилган, шартли равишда чиқарилган товарлардан имтиёзлар берилишига сабаб бўлганидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.