«Ўзэкспомарказ»да еттинчи маротаба ўтказилаётган «Best Soft Uzbekistan – 2013» кўргазмаси ва форумида мамлакатимиз софтвер саноатининг бизнес-ҳамжамиятлар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, аҳоли кенг қатламлари учун мўлжалланган ютуқлари намойиш этилди.
Ўзбекистонда дастурий маҳсулотлар бозори жадал суръатда ривожланмоқда. Бунга Президентимиз Ислом Каримов томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор, ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шаклланган қонунчилик базаси ёрдам бермоқда.
«Best Soft Uzbekistan – 2013» кўргазмаси бунинг ёрқин исботидир. Унинг экспозицияси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, ўтган йили кўргазмада қарийб 40 миллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари иштирок этиб, ўзи нинг 80 дан ортиқ ишланмасини намойиш этган бўлса, бу йил 60 га яқин компания қарийб 120 дастурий маҳсулотни тақдим этмоқда. Улар орасида халқаро IT-компаниялар, ишлаб чиқарувчилар ва интеграторлар, контент-ишлаб чиқувчилар, хизмат кўрсатувчи провайдерлар бор.
Мазкур «Best Soft Uzbekistan – 2013» кўргазмаси доирасида давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг янги шакли – ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳисобидан ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти натижалари ҳақида ахборот олиш тезкорлиги ва қулайлигини таъминлайдиган «электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда «электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Буни мамлакатимизда давлат бошқарувининг барча жабҳасига ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақозо этмоқда. Айни пайтда давлат ҳокимияти органлари томонидан веб-сайтлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида (www.gov.uz) 400 дан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда.
Кўргазма доирасида Адлия ва Халқ таълими вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ва бошқалар ўзининг интерфаол хизматларини намойиш этаётир.
Давлат органлари томонидан аҳоли ва хусусий секторга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш истиқболлари билан дастурчилар форумида танишиш мумкин. Форумда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасининг етакчи мутахассислари қатнашмоқда.
Уни ўтказишдан кўзланган мақсад «электрон ҳукумат»ни шакллантириш ва такомиллаштириш, дастурий таъминот соҳасини, тармоқни ривожлантиришга оид меъёрий-ҳуқуқий базани, шунингдек IT-мутахассисларни тайёрлашни институционал қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама этишдан иборат.
ЎзА материали
асосида тайёрланди.