Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 19 / Қонунчиликдаги янгиликлар

«ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ»НИНГ САМАРАЛИ ЖИҲАТЛАРИ

Пойтахтимизда АКТни баҳолашнинг халқаро мезонларини Ўзбекистонда татбиқ этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси томонидан ташкил этилди.

Президентимиз Ислом Каримов 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ахборот-коммуникация ва телекоммуникация технологиялари соҳасида истиқболдаги вазифаларни белгилар экан, «Электрон ҳукумат» тизимини, шу жумладан бошқарув жараёнлари, шунингдек бизнес соҳасига ва фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга, ахборот тизимларининг идоралараро ва идоравий комплексларни интеграция қиладиган миллий тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нафақат давлат тузилмаларини бошқариш, балки давлат ва аҳоли ўртасида ўзаро ҳамкорликка кўмаклашган ҳолда иш жараёнларини самарали ривожлантириш, фуқароларга интернет тармоғи орқали интерфаол давлат хизматларидан янада қулай фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари аҳоли ва юридик шахсларга интерфаол давлат хизматларини кўрсатиш учун мақсадли тарзда кенг татбиқ этилмоқда. «Электрон ҳукумат»нинг самарали жиҳатлари сифатида турли соҳаларда йигирмадан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Ҳозир давлат органларининг веб-саҳифалари ва Ўзбекистон Республикасининг www.gov.uz ҳукумат портали ёрдамида тўрт юздан зиёд интерфаол давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

«Электрон ҳукумат» тизимининг жорий этилиши натижасида турли идораларга бориш ва давлат хизматчилари билан бевосита мулоқот қилиш зарурлигини истисно этадиган транзакция хизматларига тўлиқ ўтиш кўзда тутилмоқда. Бу эса аҳолига қўшимча қулайликлар яратишни янада яхшилашга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, «электрон ҳукумат» ривожланиш даражасини баҳолашнинг БМТга оид рейтинги икки йилда бир марта дунё мамлакатларида маъмурий ва иқтисодий масалаларни ечишда АКТни қўллаш даражасини баҳолаш ва давлат хизматларини кўрсатишда замонавий технологияларни ўзлаштириш бўйича тадқиқот ўтказади.

БМТнинг «электрон ҳукумат» тараққиёти ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистонда «электрон ҳукумат» жиҳатларини татбиқ қилиш борасидаги ислоҳотлар юксак суръатлар билан амалга оширилаётгани, хусусан, бу борада ҳуқуқий асослар янада ривожлантирилаётгани ва ҳукумат портали такомиллаштирилаётгани алоҳида таъкидланган. Мазкур босқичда ижобий халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, «электрон ҳукумат» тизими тараққиётини баҳолаш мезонларини қўллаш долзарб масала ҳисобланади.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда АКТни баҳолашнинг халқаро мезонларини татбиқ этиш, хусусан, давлат органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш асослари, электрон рақамли имзо ва электрон ҳужжат айланиши тизимидан фойдаланишни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 3234 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2014-06-05 18:55:08, Гость_ха гость:
дахшат!

Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика