Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 17 / Бизнинг маслаҳатлар

Электр ҳисоблагич солиқни ҳисобламайди

Масъулияти чекланган жамиятимиз аҳолига тўй тантаналарини ўтказишда нақд пул, пластик карточка ёки пул ўтказиш йўли билан ҳақ эвазига бинони (тўйхонамизни) ижарага бериб келади. Барча тушумларни банк орқали айлантириб, солиқларни ўз вақтида тўлаб келамиз.

Шу йил январь ойида корхонамизда солиқ текшируви ўтказилиб, унга асосан тузилган далолатномада биз томондан тақдим этилган ҳисоботлар, бухгалтерия маълумотлари, банк маълумотлари ва тўланган солиқлар ўртасида тафовут аниқланмаган бўлса-да, гўёки фаолиятимиз давомида электр энергиясини ортиқча ишлатишимиз натижасида 1,5 млрд дан ортиқ пул тушумини банкка топширмасдан яширганлигимиз билдирилган. Бунга асос сифатида Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан тўйхонамизда бир тўй маросимида 6 соат вақтда 415,4 кВт электр энергияси сарф бўлади деган маълумотномасини олишган. Шунга асосланиб, йиллар давомида ўтказилган тўй маросимларининг миқдорини ойлар ва йиллар кесимида тахминий аниқлаб, қўшимча даромадимизни ҳисоблаб чиққанлар.

Тўғри, бир тўй маросимига 6 соат вақт кетиши мумкин, лекин бу дегани сутканинг қолган 18 соатида биз электр энергиясидан фойдаланмаймиз дегани эмас-ку. Кондиционер, кир ювиш машиналари, музлатгич ва бошқа электр жиҳозлари тўлиқ сутка давомида ишлаб туради. Бундан ташқари, бир тўй маросимига тайёргарлик кўриш электр жиҳозларимизнинг барчаси камида 2 ёки 2,5 соат олдин ишга туширилиб, тўй тугаганидан кейин йиғиштириш-тозалаш ишлари тугагунча яна 1-2 соат иш ҳолатида туради.

Сизга ушбу текшириш далолатномасидан бир нусха юбориб, унга асосан қуйидаги саволларга ўзингизнинг мутахассис сифатидаги фикрингизни билдиришингизни илтимос қиламан.

Шундай усул билан қўшимча солиқ ҳисобланиши, даромад яширилган деб белгиланиши тўғрими?

Солиқ тўлашда ҳисобга олинадиган тушум сарфланган электр энергиясидан келиб чиқиб ҳисобланадими ёки ҳақиқатдаги пул тушумимизданми?

«QOBULU-MUKARRAMA» МЧЖ раҳбари Ф.Бозоров.

– Сиз томонингиздан тақдим этилган далолатномага кўра корхонангиз ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. Солиқ кодексига (СК) мувофиқ ялпи тушум солиқ солиш объекти бўлиб, товарларни (ишларни, хизматларни) қўшилган қиймат солиғини чегирган ҳолда (ҚҚС тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган ялпи тушум ягона солиқ тўловининг солиқ солиш базаси ҳисобланади.

Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олинган (олиниши лозим бўлган) маблағлар суммаси, шу жумладан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш ёки қарзни узиш ҳисобига тушадиган мол-мулк қиймати товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум деб эътироф этилади.

Ўз навбатида, солиқ солинадиган базадан СК 355-моддасининг иккинчи ва учинчи қисм­ларида назарда тутилган тушумлар чегирилади.

Сиз тақдим этган далолатномадан кўриш мумкинки, ягона солиқ тўловини ҳисоблашда жамият фаолияти давомида сарфланган жами электр энергиясини битта тўйни ўтказиш учун сарфланган электр энергиясига бўлиш орқали тўйлар сони чиқарилиб, шундан нечта тўй ўтказилганлиги асос қилиб олинган. Аммо Солиқ кодексида ЯСТ базаси юзасидан бундай ҳисоб-китоб назарда тутилмаган. Далолатномада «тақдим этилган ҳисобот билан солиштирилганда...» деб корхонанинг хизмат кўрсатишдан тушумида фарқ аниқланган. Лекин бу фарқ корхонанинг ҳисоботидаги маълумотлар билан банк маълумоти эмас, электр энергия­си сарфини электр таъминоти корхонаси томонидан берилган маълумотномадаги 415,4 кВт га бўлиш орқали тахминан ҳисоб-китоб қилинган тушум билан солиштирилган. Корхона фаолиятидаги тушумни аниқлаш учун банк маълумотлари ва ҳисоб регистрларидаги маълумотлар асос бўлади. Электр ҳисоблагич кўрсаткичи корхонанинг фаолиятидаги тушумини аниқлашга эмас, сарфланган электр энергияси миқдорини аниқлаш учун асос бўлади, холос.

Солиқ кодекси ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга кўра иккиёқлама ёзув қоидаларига мувофиқ юритиладиган журналлар, қайдномалар, дафтарлар, тасдиқланган бланкалар (шакллар) корхонанинг бухгалтерия ҳисоби регистрлари бўлиб ҳисобланади. СКнинг 114-моддасига кўра:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги ҳоллари ҳужжат билан тасдиқланганда уларни реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги ҳоллари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади.

Президентнинг 9.08.1996 йилдаги «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади.

Хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини банк муассасаларига топширмаганлиги фақатгина касса аппаратига кирим қилинган нақд пул тушумини ҳақиқатда банкка топширилган нақд пул билан солиштириш ёки касса инвентаризацияси, яъни корхона кассасидаги мавжуд нақд пулни таҳлил қилиш йўли билан аниқланади.

Фақатгина ушбу ҳолларгина хизматларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб ҳисобланади ва ушбу рўйхат тугал ҳисобланади, уни кенгайтирилган тарзда талқин қилишга йўл қўйилмайди.

Юқоридаги ҳолатларга тўғри келмайдиган ҳар қандай бошқа ҳолларда аниқланган маълумотларни яширилган тушум деб талқин қилиш қонуний эмас.

Бу борада кирим қилинмаган тушумлар қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолда, у манфаатдор тарафнинг илтимосномаси бўйича хўжалик суди томонидан тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига асосан белгиланади.

Юқорида баён этилганлардан хулоса чиқариш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ электр ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари солиқ тўловчининг ялпи тушумини ҳисоблаб чиқиш учун асос бўлмайди.

Жавобни экспертимиз

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 2451 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика