Фикримизча, ёнғинларнинг қанчалик хавфлилиги ва уларга йўл қўймаслик нақадар муҳимлигини тушунтиришга ҳожат йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (28.03.2013 йилдаги 89-сон) айни шунга хизмат қилади. У муҳандис-техник ходимларни, ишчи ва хизматчиларни ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўчиришда иштирок этишга кенг жалб этиш, ўсиб келаётган авлодни ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллашга ва ёнғин пайтида тўғри ҳаракат қилишга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари тўғрисидаги маълумотларнинг зарур тарзда ҳисобга олиниши ва тизимлаштирилишини таъминлашга йўналтирилган. Қарор билан 4 низом тасдиқланган:
ёнғин-техник комиссияларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида;
кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида;
ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида;
идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида.
Ёнғин-техник комиссияларини (ЁТК) ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида низомга кўра улар ўта муҳим давлат аҳамиятига молик объектларда, йирик ижтимоий-маданий объектлар ва коммуникацияларда, шунингдек хавфли ишлаб чиқариш объектлари жумласига киритилган, портлаш-ёнғинга хавфли муҳитни пайдо қилишга қодир бўлган моддалар ишлатиладиган, ишлаб чиқариладиган, қайта ишлов бериладиган, ҳосил қилинадиган, сақланадиган, ташиладиган, йўқ қилинадиган объектларда тузилади ва фаолият кўрсатади. ЁТКни тузишдан мақсад ташкилотнинг бошқарув ва муҳандис-техник ходимларини ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғинга қарши ҳимоя ишларида фаол иштирок этишга жалб қилишдан иборат.
ЁТК ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан тузилади. Унинг раиси этиб бош муҳандис, котиби этиб эса ташкилот меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассис тайинланади.
Комиссиялар таркибига ташкилотнинг фаолияти технологик жараёнларни ташкил этиш ва амалга ошириш, электр қурилмаларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, сув таъминоти тизими, алоқа, ишлаб чиқариш автоматикаси ва ёнғинга қарши автоматик ҳимоя билан боғлиқ бўлган бошқарув ходимлари ва муҳандис-техник ходимлари, шунингдек идоравий ёки кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати раҳбарлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларининг ёнғин хавфсизлиги мутахассислари, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари вакиллари киритилади. Ўзининг техник хизматларига эга бўлмаган ташкилотларда ЁТК таркибига ташкилотда шартнома бўйича ишлаётган бошқа ташкилотларнинг мутахассислари киритилиши мумкин.
Қуйидагилар ЁТКнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари, агрегатлар, қурилмалар, лабораториялар, устахоналар, омборлар, базалар ва бошқалардаги ёнғин, портлаш ёки аварияга олиб келиши мумкин бўлган қоида бузилишларини аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этишга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш;
ёнғин профилактикаси ишларини ташкил этиш ва амалга оширишга, ёнғин хавфсизлиги бўйича стандартлар, нормалар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини, шунингдек Давлат ёнғин назоратининг ёзма кўрсатмалари ва қарорлари бажарилишини назорат қилишда ёнғиндан сақлаш хизматларига кўмаклашиш;
ёнғин хавфсизлиги ва объектнинг ёнғинга қарши ҳимоясини яхшилаш масалалари бўйича рационализаторлик ва ихтирочилик ишларини фаоллаштириш;
жамоаларда ёнғин хавфсизлиги талабларига ва ёнғинга қарши режимга риоя қилиш масалалари бўйича оммавий-тушунтириш ишларини олиб бориш.
Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати (КЁСХ) бўлинмалари ёнғинларнинг олдини олиш ва ўчириш ишларида фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари тасдиқланган иккинчи Низомда белгиланган. Уларга қуйидагилар киради:
ташкилотларда, аҳоли пунктларида ва бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;
аҳолига, ташкилотларда ходимларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини, шунингдек ёнғин содир бўлганда уларнинг қандай ҳаракат қилишини ўргатиш;
ёнғинга қарши тарғиботни амалга ошириш;
ёнғинларни ўчириш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш.
КЁСХ кўнгилли ёнғиндан сақлаш дружиналари ва (ёки) кўнгилли ёнғиндан сақлаш командалари тарзида ихтиёрий асосда ташкил этилади. Улар тегишли маъмурий-ҳудудий бирликнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига киради. Аҳоли пунктларида КЁСХ уларнинг зарурлигига қараб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари асосида ташкил этилади. Корхона ва ташкилотларда (15 нафардан ортиқ ишловчи ходимлари мавжуд бўлганда) уларнинг раҳбарлари ташаббусига кўра ташкил этилади.
Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари – умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқувчиларнинг кўнгилли бирлашмалари. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида низомга мувофиқ болаларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш, уларни касбга йўналтириш, ёнғинга қарши тарғиботни ҳамда ёнғинларнинг олдини олишга ва ўқувчиларда ёнғин чоғида тўғри ҳаракат қила билиш кўникмалари ва маҳоратини мустаҳкамлашга йўналтирилган бошқа вазифаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.
Қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллашда катта ёшдагиларга амалий ёрдам кўрсатиш;
ёнғин ўчириш ишининг асосларини эгаллаш, ёнғинларнинг олдини олиш амалий билим ва кўникмаларини ҳамда ёнғин чоғида тўғри ҳаракат қилиш, шунингдек ёнғиндан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш маҳоратларини ошириш;
ёнғин ўчириш-амалий спорти бўйича спортчилар захирасини тайёрлаш.
Дружина таркибига умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари киради. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружинаси билан ишлаш учун таълим муассасаларининг маъмурияти жамоат бирлашмалари ва ИИВ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (ДЁХХ) ёрдамида жамоатчи ташкилотчини танлайди ва тасдиқлайди. У ўқитувчи, ДЁХХ ходими (хизматчиси) бўлиши мумкин.
Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг сони, жойлаштирилиши, жиҳозланганлиги, комплектланганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур ахборотларни ҳисобга олиш ва тизимлаштириш тартибини белгилайди. Бу тегишли маъмурий ҳудудларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича уларнинг ўзаро ҳамкорлигини амалга ошириш, уларнинг ёнғинларни ўчиришга тайёрлиги ҳолатини, шунингдек ёнғинларнинг олдини олиш ишлари амалга оширилишини назорат қилиш учун амалга оширилади.
Низомга кўра, ташкилотларда ва аҳоли пунктларида ташкил этилган идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ИИВ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати органларида ҳисоб рўйхатидан ўтишлари шарт. Шунингдек ҳисоб рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар рўйхати ва уни амалга ошириш тартиби назарда тутилган.
Елена ЕРМОХИНА, эксперт-юристимиз.