Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 16 / Қонунбузарликлар фош этилди

Маданий меросни ўзимиз ҳам қадрлаймиз

Пойтахтимиз божхоначилари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда божхона расмийлаштируви ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.

 

Тезкор маълумотлар асосида Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган хонадонлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадоннинг кириш йўлаги ва хоналарида хорижда ишлаб чиқарилган 135 турдаги канцелярия товарлари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Дастлабки текширув чоғида юк эгаси Ж.Муродов қиймати 100 млн сўмлик ушбу товарларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатларни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Ноёб ва маданий бойликларнинг республикамиз ҳудудидан олиб чиқилиши ёки олиб кирилиши қоидалари миллий ва халқаро қонунчиликка асосан тартибга солинади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.1999 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида»ги 131-сон қарорига кўра эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилмайди. Агар маданий бойликларни мамлакатимиздан ташқарига олиб чиқиш ёки вақтинча олиб чиқишга зарурат бўлса, бу ҳаракат тегишли идора экспертларининг хулосаси ва рухсати билан амалга оширилади.

Шунга қарамай, айрим шахслар томонидан маданий бойликларимизни ҳеч қандай ҳужжатларсиз қинғир йўллар билан олиб чиқишга бўлган уринишлар учраб турибди. Яқинда ана шундай ҳолатлардан бири «Келес» темир йўл божхона пости ходимлари томонидан фош этилди.                       

«Тошкент-Москва» йўналишидаги поездда кетаётган янгийўллик Н.Долидзега тегишли қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, божхона баённомасида қайд этилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 99 дона ҳар хил ёзув ва ўлчамдаги, XVIII–XX асрларда Чор Россияси ва Англия қироллиги ҳудудида муомалада бўлган кумуш ва бошқа металлардан ишланган қадимий тангалар ҳамда етти дона XIX–XX асрларга дахлдор қадимий орден ва медаллар борлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг хулосасига кўра, юқорида айтиб ўтилган танга ва медаллар қадимий аҳамиятга эга бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикасининг «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуни 8-моддасига асосан республикамиз ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, 2012 йилда ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 131 та қонунбузарлик ҳолатида 2 445 дона турли ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 5 200 га яқин қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 60 млрд сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текшируви ва суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2403 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика