Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 16 / Устуворликлар

Мамлакатимиз буюк келажагининг мустаҳкам асоси

Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 17 апрель куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН), ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олтмишдан зиёд мамлакатдан 300 дан ортиқ олим, мутахассис ва эксперт иштирок этди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели»нинг ўзига хос жиҳатларидан бири қишлоқларимизни изчил ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга устувор аҳамият берилаётганидадир. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, барчамизнинг илдизимиз, томиримиз авваламбор қишлоқ заминига бориб тақалади. Она Ватан деган улуғ ва муқаддас тушунча одамзот учун қишлоқ тимсолидан бошланади. Шу боис ҳам қишлоқларимизни ривожлантирмасдан мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаб бўлмайди.

2009 йилнинг мамлакатимизда «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили», деб эълон қилиниши ва «Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади», деган эзгу ғояни ўзида ифода этган махсус Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ва изчиллик билан ҳаётга жорий қилинаётгани бу соҳада янги даврни бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 21 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» лойиҳа-тадқиқот институти ташкил этилди. Мазкур институт томонидан қишлоқ жойларида барпо этиладиган уй-жойлар, ижтимоий иншоотлар, маиший хизмат кўрсатиш объектларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Президентимизнинг 2010 йил 17 июндаги «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳаларига жиддий ўзгартириш ва тузатишлар киритилди. Жумладан, қишлоқ жойларида ҳар бир иморат қурувчига 4 сотих ўрнига 6 сотих ҳажмида ер участкаси ажратиш белгиланди.

Бугунги кунда юртимизнинг барча минтақасида танлаб олинган намунавий лойиҳалар асосида уч, тўрт ва беш хонали уй-жойлар шарқона усулда, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, ҳудудларнинг табиий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун ҳолда, баҳаво, ёруғ, кенг ва қулай қилиб бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 30 мартдаги қарори асосида тузилган «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки қишлоқларимиз қиёфасини замонавийлаштириш, уларнинг кўркига кўрк қўшиш, қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитини яхшилаш йўлидаги ишларни маблағ билан таъминлаш, бу соҳада узоқ муддатли имтиёзли кредитлашни амалга ошириш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан уй-жой шароитини яхшилаш ниятида бўлган фуқароларга катта имтиёз ва қулайликлар яратилди, тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида қурилиш ишларини тез ва сифатли амалга ошириш механизмлари шакллантирилди. Банкнинг «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шуъба инжиниринг компанияси ташкил этилди.

Бугунги кунда янги уйга эга бўлишни истаган қишлоқ аҳолиси уй нархининг 25 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлайди ва сўнг қурилиш жараёнини назорат қилиб боради. Қурилиш сарф-харажатларининг аксарият қисми аҳолига «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан бериладиган узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади.

Мана шундай тизим асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2009-2012 йилларда 23,6 минг замонавий уй-жой барпо этилди. 2013 йил – Обод турмуш йилида бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш белгиланган бўлиб, 10 мингта уй-жойни барпо этиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Шу мақсадда йил охиригача 1 трлн 400 млрд сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтирилади.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, замонавий уй-жойлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари асосида бунёд этилмоқда. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси, «Ўзметкомбинат» акциядорлик бирлашмаси, «Ўзмонтажмахсусқурилиш» уюшмаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган цемент, металлопрокат, пишиқ ғишт, иситиш жиҳозлари, ойна сингари қурилиш материаллари қурувчиларга имтиёзли нархларда ўз вақтида етказиб берилмоқда. Ҳозир мамлакатимизда йилига 3 миллиард дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга 800 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Янги лойиҳа бўйича қурилаётган уй-жойлар учун йилига 450 млн дона атрофида пишиқ ғишт ишлатилмоқда. Қурилиш ишларида материалларнинг экологик жиҳатдан тоза, узоқ муддатли, самарали, энергияни тежайдиган бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, боғловчи маҳсулотлар, яъни цемент, оҳак, гипс билан бир қаторда қурилиш қоришмаларидан ҳам самарали фойдаланилаётир. Бугун юртимизда ана шундай қоришмалар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 40 дан ошди.

Тармоқ корхоналари кейинги йилларда 30 дан ортиқ турдаги янги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Бугунги кунда атиги икки хил материал – тахта ва томлар черепицаси учун металл листларигина импорт қилинади. Айни пайтда корхоналарнинг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда. Агар 1995 йилда фақат цемент ва шиша буюмлар экспорт қилинган бўлса, ҳозир хорижга сотилаётган маҳсулотларнинг тури 30дан ошди. Янги қишлоқ массивларида уй-жойлар билан бир қаторда болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, маҳалла марказлари, савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш объектлари бош режа асосида комплекс тарзда қурилмоқда. Давлат маблағлари ҳисобидан ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, коммунал инфратузилма тармоқлари ва объектларини қуриш ишлари тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Қишлоқда уй-жой бинолари ва ижтимоий инфратузилмалар қурилишини жадал ривожлантириш дастури аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш билан боғлиқ долзарб масалани ҳал қилиш имконини ҳам бермоқда. Бугунги кунда якка тартибдаги уй-жойлар қурилишида ўн минглаб юртдошларимиз меҳнат қилмоқда. Янги аҳоли манзилларида замонавий ихчам корхоналар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхоналарда маҳаллий хом ашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қишлоқ ёшлари коллежларда билим ва малака эгаллаб, ана шундай корхоналарда ишламоқда. Бундай изчил чора-тадбирлар глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирининг олдини олиш имконини бераётир. Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида кўплаб давлатларда мавжуд иш ўринлари ёпилиб, ишсизлик даражаси ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда 2012 йилда очилган 1 млндан зиёд янги иш ўрнининг ярмидан ортиғи қишлоқ жойларида яратилганлиги дастурлар ижросининг муҳим натижаси бўлди.

Конференцияда Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Али, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шиао Жао Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳақли равишда фахрланса арзийдиган улкан тараққиёт ва ютуқларга эришаётганини таъкидлади.

 Анжуманда сўзга чиққан БМТ Тараққиёт дастури раҳбарининг ўринбосари Жиҳан Султоноглу, Халқаро валюта жамғармаси вакили Вероника Бокалу, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси – АСЕАН Бош котибининг ўринбосари Алисия Дела Роса Бала, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Юань Ли, АҚШнинг «California Coalition for Rural Housing» компанияси ижрочи директори Роберт Винер, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICAнинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўлими директори Тетцуя Ямада ва бошқалар Ўзбекистонда мазкур соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар. Мамлакатимизда бу борада улкан ютуқларга эришилгани таъкидланди.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилоятларида бўлиб, янги массивларда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар, улардаги ижтимоий соҳа ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик объектлари билан танишган конференция иштирокчилари Ўзбекистонда ушбу соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдилар.

Конференцияда Ўзбекистоннинг замонавий уй-жой қурилиши орқали қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш борасидаги тажрибаси ўз самарадорлиги ҳамда қўйилган мақсадларга эришиш бўйича кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари секция мажлисларида қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, уй-жой қурилиши бўйича аҳоли учун яратилган шароит ва кафолатлар, уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қурилишига сармояларни жалб қилиш борасидаги имтиёз ва преференциялар, қишлоқда замонавий уй-жойлар барпо этилишининг қурилиш ва саноат корхоналарини жадал ривожлантиришга таъсири, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий эттириш, янги иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли даромадларини оширишдаги аҳамиятига оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Анжуманда халқаро конференция якуний ҳужжати қабул қилинди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 2490 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика