Бизнинг корхона кичик корхона ҳисобланади – ходимларининг сони 79 киши (ХХТУТ бўйича коди – 13141). Аввал бизга барча кичик корхоналар 1-МБ шакли бўйича чораклик статистик ҳисоботни топширишдан озод қилинган деб айтишди. Кейин эса озод қилинмаган дейишди. Биз кичик корхона сифатида чораклик статистик ҳисоботни топширишимиз керакми-йўқми?
– Кичик корхоналар статистик ҳисоботни (1-КВ шакли, илгари 1-МБ эди) ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этишлари керак.
2013 йил 1 январдан бошлаб, Президентнинг 16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон Фармонига кўра, микрофирмалар чораклик статистик ҳисоботни тақдим этишдан озод қилинганлар – улар фақат 1-КВ шаклида йиллик статистик ҳисоботни тақдим этадилар. Бунда республика статистика органлари микрофирмаларни статистик кузатиш мақсадида рўйхат бўйича анкета сўровига жалб этишлари мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг «Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясини тасдиқлаш тўғрисида» қарорига (11.10.2003 йилдаги 439-сон) кўра микрофирмаларга тармоққа (ХХТУТ) мансублигига боғлиқ ҳолда ходимларининг ўртача йиллик сони асосан 20, 10 ёки 5 киши бўлган корхоналар киритилади.
Корхоналар микрофирмалар деб тан олинадиган тармоқлар (ХХТУТ) ва ходимларнинг чегараланган сонлари келтириладиган жадвал norma.uz сайтида жойлаштирилган.