Корхонамиз экспорт операцияларини амалга оширишда имтиёзларни қўллашга тааллуқли масалаларни тушунтириб беришингизни сўрайди.
Курслари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланадиган барча чет эл валюталари эркин алмаштириладими? Курслари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланадиган чет эл валюталарининг исталганида экспорт операцияларини амалга ошириш солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида Президентнинг «Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон) амал қилиш доирасига кирадими?
Агар курслари Марказий банк томонидан белгиланадиган валюталарнинг ҳаммаси эркин алмаштириладиган валюта ҳисобланмаса, Ўзбекистонда айни қайси чет эл валюталари эркин алмаштириладиган валюта бўлиб ҳисобланади?
Корхона бухгалтери.
– Президентнинг «Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон) 1-банди билан белгиланишича, экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаш тартиби умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товарлар, ишлар, хизматлар экспортидаги (ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган жойдан қатъи назар) улушига боғлиқ ҳолда қуйидагича белгиланган:
экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлганида – белгиланган фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 30 фоизга камайтирилади;
экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида – белгиланган фойда солиғи ва мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Мазкур солиқ имтиёзи ягона солиқ тўловини ҳисоблаш чоғида микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилади.
Имтиёзни қўллаш учун муҳим шарт бўлиб эркин алмаштириладиган валютага ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар ва хизматлар экспорт тўғрисидаги талабга мувофиқлик ҳисобланади. Бироқ ўрганилган, уни қўллашни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида биз у ёки бу чет эл валютасини «эркин алмаштириладиган валюта» тушунчасига тўғридан-тўғри киритадиган қоидаларни аниқламадик.
Бунда Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг1 6-«Битим тавсифи классификатори» иловасига мувофиқ эркин алмаштириладиган валюта деганда бошқа чет эл валюталарига эркин ва чекланмаган миқдорда алмаштириладиган валюта тушунилади. Конверсия (алмаштириш) тўлиқ, бўлиши мумкин бунда у исталган чет эл валютасига алмаштирилади ва қисман бунда мазкур мамлакат валютаси фақат баъзи бир валюталарга ва халқаро тўлов оборотининг баъзи операцияларигагина алмаштирилади.
Қўшимча равишда шуни таъкидлаш лозимки, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг2 15-«Миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курси» моддасига кўра, Ўзбекистон Марказий банки валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини мунтазам равишда белгилаб боради.
Битим тавсифи классификатори мазмунидан келиб чиқиб, ушбу валюталарни эркин алмаштириладиган валюталар таърифига киритиш мумкин, чунки уларнинг конверсияси (алмаштирилиши) исталган чет эл валютасига ёки баъзи бир валюталарга ва халқаро тўлов оборотининг баъзи операциялари бўйича амалга оширилади.
Бироқ, Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш чоғида нақд чет эл валютасини қабул қилиш тартибини белгилайдиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг3 3-бандига кўра, сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўлови учун қуйидаги чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин: АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, ЕВРО, Швейцария франки, япон иенаси.
Нақд тўлов маблағларига келганда чет эл валюталарининг баъзиларигина тўловга қабул қилинишини кўрамиз.
У ёки бу валютани эркин алмаштириладиган валютага киритиш ҳақидаги саволимизга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ёзма жавобида бизга Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига мурожаат қилишни тавсия қилдилар. Тегишли сўровга жавобда Марказий банк қуйидаги фикрни баён этди: «Эркин алмаштириладиган валюта» шартли тушунчасига халқаро операциялар бўйича тўловлар учун кенг фойдаланиладиган ва асосий валюта бозорларида фаол савдо предмети ҳисобланадиган валюталарни киритиш мумкин».
Аниқ чет эл валютасини эркин алмаштириладиган валютага киритишни тартибга соладиган махсус низомларнинг мавжуд эмаслиги сабабли ташқи иқтисодий муносабатларнинг иштирокчилари ҳар бир аниқ ҳолда расмий тушунтириш олиш учун тегишли органларга, шу жумладан солиқ органларига мурожаат қилишга мажбур бўладилар. Аввало бундай сўровларга аниқ чет эл валютаси учун экспорт чоғида, мисол учун, Россия рубллари ёки Жанубий Корея вонларига экспорт қилганда имтиёзларни қўллаш сабаб бўлади. Қонун ҳужжатларининг айрим қоидаларини тушунишни тасдиқлаш ёки рад этиш учун амалдаги қонун ҳужжатларини, шу жумладан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузишга йўл қўймаслик мақсадида бундай валютани эркин алмаштириладиган валютага киритиш имкониятини аниқлаш учун зарур.
Шу сабабли ушбу муҳим масалани қонунчилик даражасида тартибга солиш учун Ўзбекистон Республикасида имтиёзларни қўллаш мақсадида эркин алмаштириладиган валюта ҳисобланадиган чет эл валюталарининг ёпиқ рўйхатини белгилаш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу эса қонун ҳужжатларидаги ноаниқликларни бартараф этиш имконини беради, бизнесни бошқаришни соддалаштиради ва хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш учун имкониятларни қисқартиради.
Хусусан, қуйидаги чет эл валюталари бўйича курслар белгиланади:
Австралия доллари
Англия (инглиз) фунт стерлинги
Дания кронаси
БАА дирхами
АҚШ доллари
Миср фунти
Исландия кронаси
Канада доллари
Хитой юани
Қувайт динори
Ливан фунти
Малайзия ринггити
Норвегия кронаси
Польша злотийси
Сингапур доллари
Туркия лираси
Швеция кронаси
Швейцария франки
Евро
Жанубий Корея
вони
Япония (япон)
иенаси
Россия рубли
Украина гривнаси
P.S. Шунга эътибор қаратиш лозимки, берилган саволни кўриб чиқиш чоғида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар пухта ўрганилганлигига қарамай, ушбу жавоб профессионал маслаҳат бўлиб ҳисобланмайди. У масалани жавобда баён этилган вазиятни ўз тушунишларидан келиб чиқиб ўрганган шахсларнинг фикрини ифодалайди. Мазкур материалда баён этилган фикр масалани қўшимча ўрганиш ва кейинчалик муҳокама қилиш имкониятини истисно қилмайди.
1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
27.05.1993 йилдаги 841-XII-сон.
3МБ бошқаруви, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 12.08.2002 йилда
1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Гўзал ИСЛОМОВА,
«BAKER TILLY Tashkent» МЧЖ аудитори.