Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 1 / Хусусий иш

Ховосдаги энергетика хўжаликнинг бобидаги мустақиллиги

Турли мамлакатларда энергиянинг муқобил манбалари самарали тарзда ишлаётганлигини эшитиб яқин-яқинларгача фуқароларимиз нега бу нарса бизда йўқ деб ажабланардилар. Бугунги кунда замонавий энергетика технологиялари бизнинг диёримизда ҳам секин-аста ўз ўрнини топа бошлади. Тошкентлик бир гуруҳ журналистлар Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги «Надежда» фермер хўжалигига ўтказилган махсус сафар асносида ана шундай манбалардан бири – биогаз қурилмаси билан танишишга муваффақ бўлдилар. Сафар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Глобал экологик фонднинг (ГЭФ) кичик грантлар дастури томонидан ташкил этилди.

Чорвачилик ишлаб чиқариши чиқиндилари асосида ишлайдиган биогаз қурилма ГЭФнинг кичик грантлар дастури (КГД) лойиҳаси доирасида барпо этилган. Унинг қимматли томони шундаки, мазкур қурилма фермерларга ўзини ўзи ташқи омиллардан мустақил бўлган барқарор энергия билан таъмин этиш имкониятини беради. Улар бу энергиядан иситиш ҳамда электр таъминоти учун фойдаланишлари мумкин.

Қурилманинг иши билан танишишдан аввал фермер хўжалиги раҳбари Надежда Дурдина меҳмонларни дастурхонга таклиф этди. Мўлжалланган объектга сайрнинг бундай муқаддимаси маърифий хусусиятга эга экан. Фермерлар ўзларини бир йилдан буён газ билан барқарор равишда таъмин этиб келаётган биогаз қурилмаси имкониятларини шу йўсин намойиш этдилар. Чой ҳам, қаҳва ҳам, пишириқлар ҳам... оддий гўнгдан ҳосил қилинган газда тайёрланган экан.

 

Келажакдан  кўнгил тўқ

«Надежда» фермер хўжалиги 2000 йили ташкил этилган бўлиб, собиқ «2-Фарҳод» фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган экан. Бу ерда чорвачилик билан шуғулланишади – 50 бош сигир ва 100 бош чўчқа боқилмоқда. Чорва молларни озуқа, ем-хашак билан таъминлаш учун ижарага олинган 12,5 гектарлик ерда беда етиштирилмоқда. Хўжаликдаги жами ишларни 5 киши уддаламоқда. Улар 1 йилда болалар боғчаларига 15 тонна сут етказиб берадилар, тошкентлик тадбиркорларга колбаса маҳсулотлари тайёрлаш учун 7 тонна гўшт сотадилар.

Фермер хўжалиги аъзоларида энергиянинг муқобил манфаатларига қизиқиш тасодифан туғилмади, албатта. Бу ерда газ ва электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турарди. Бу ҳол рўзғорни шинам қилиш, бизнес ишини ривожлантиришда муаммолар келтириб чиқарарди. Ана шундай кезлари одамлар одатий энергия ўрнини босадиган йўлларни қидирадилар, иситиш асбобларидан фойдаланадилар. Аммо иситиш асбобларидан фойдаланиш қимматга тушади, ўтин-кўмир ҳам ҳазилакам харажат талаб этмайди. Қолаверса дов-дарахтларни ноқонуний кесиш-арралаш ҳолларига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Биогаз ҳосил қилувчи қурилма «Надежда» фермер хўжалиги энергетика бобида мустақилликка эришиши масаласини ҳал этди. Хўжалик аъзолари энергиянинг муқобил манбаларига оид ахборот излаб ГЭФнинг кичик грантлар дастурига мурожаат қилдилар. Улар иситиш ва электр таъминоти учун биогаз қурилмадан фойдаланиш борасидаги лойиҳада иштирок этишлари мумкинлигини ҳам шу ерда билиб олишди. Бу имкониятдан фойдаланишни улар пайсалга солиб ўтирмадилар. Натижада 3 йил олдин қўшимча молиялаштириш шароитида биогаз қурилма барпо этиш учун КГД грантини олишга муваффақ бўлдилар. Режани амалга оширишга «Надежда» фермер хўжалиги қўшадиган ҳисса лойиҳа қийматининг 50 фоизини ташкил этди. Ҳозир лойиҳа бўйича ишлар якунига етказилган. Замонавий технология хўжаликни газ билан таъминламоқда, шундай газдан электр энергияси ҳосил қилиш учун фойдаланиш ишлари охирлаб қолди. Танишув сайли иштирокчиларига биогаз асосидаги электрон таъминоти тизими комплекснинг хоналаридан бирида қандай ишлаётганлигини намойиш қилиб кўрсатишди.

 

Назарга тушмайдиган нарсанинг ҳикмати

Биогаз ишлаб чиқариш жараёнида бағоят қимматли, экологик жиҳатдан соф органик ўғитлар ҳосил қилинади. Бу ўғитлар тупроқ таркибини яхшилаб, унумдорлигини уч баравар оширади, экологик ҳолатини яхшилайди, ўсимликларнинг номақбул муҳим шароитига чидамлилигини оширади. «Надежда» фермер хўжалиги ҳозир бундай ўғитлардан ем-хашак тайёрлашда фойдаланмоқда, келгусида уни сотишни ва шу йўл билан бизнес доирасини кенгайтиришни мўлжалламоқда.

Жаҳон амалиётида биогаз технологияларидан асосан айни шундай ўғитларни ишлаб чиқариш учун фойдаланмоқдалар (газ қўшимча, ҳосила маҳсулот ҳисобланади). Бу эса қурилма барпо этиш учун қилинган сарф-харажатларни тезда оқлаш имконини беради. Ўзбекистонда қишлоқ жойларда ундан энергия ҳосил қилишнинг барқарор манбаи сифатида фойдаланишдан ташқари уни ижтимоий масалаларни ҳал этиш, бизнес ишини ривожлантириш омили деб қарашмоқда. Зотан иссиқлик, электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб қолиши, бу эса фермер хўжаликлари ривожига таъсир этиши мумкин. Бундай вазиятларда биогаз қурилма жонга оро киради. Ҳар қандай фермер уни ўз хўжалигига ўрнатиши ва шу йўл билан иситиш, таом тайёрлаш, электр таъминоти учун энергиянинг автоном манбаси билан ўзини таъмин этиши мумкин.

Бундай технология қишлоқ аҳлига келгусида газ ва электр энергиясини тежаш, ўғитларга қиладиган сарф-харажатлардан қутулиш ва айни бир вақтда ўзида ўғит ишлаб чиқаришдан даромад олиш имконини беради деб мўлжал қилинмоқда. Ҳозирча деҳқончилик билан шуғулланувчи ҳамкасб фермерлар бу қимматли ўғитнинг қадрини тўла-тўкис тушуниб етганларича йўқ. «Надежда» фермер хўжалиги аъзолари ўғитни картошкага айирбошламоқдалар. Асосан эса ўзлари ҳосил қилаётган ўғит ем-хашак етиштиришни кўпайтиради ва келгусида ортиқча ем-хашакни сотиш мумкин, бу ҳам фаолиятимизнинг бир жабҳаси бўлиб қолади деб мўлжал қилмоқдалар. Янги ўғит яхшилаб реклама қилинмоғи зарур эканлиги шубҳасиздир.

Биогаз олиш технологияси нисбатан жўн. Чорвачилик ва паррандачиликда, бир сўз билан айтганда, гўнг тўпланадиган жойларда бу технология жуда самаралидир. Зотан гўнг биогаз ишлаб чиқариш учун хом ашё саналади. Бундай ўғитни гўнгни кислород кирмайдиган шароитда муайян ҳароратда бижғитиш орқали ҳосил қилинади. Ана шу аснода олинган метандан рўзғорда фойдаланадилар: унинг ёрдамида уй-жой иситилади, электр энергияси ҳосил қилинади.

– Қурилмамиз қандай ишлаётганини кўриш учун мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келаётган фермерларнинг аксарияти аввалига ҳар қандай фермада етарли миқдорда топиладиган гўнгдан фойдаланган ҳолда ўз хўжалигини газ ва электр энергияси билан таъмин этиш мумкинлигига сира ишонмайди, – дейди Надежда Дурдина. – Технологиянинг моҳиятини тушуниб етгач, ҳаммаси жуда оддий, осон экан, ўзимизда ҳам бундай қурилмани бир ойда бемалол қуриб оламиз дейишади. Юзаки қараганда, ҳаммаси чиндан ҳам жўн туюлади. Аммо ўша ўзимизда қурамиз деб керилганларнинг биронтаси ҳам газ ҳосил қилдим деб айтганини эшитмадим. Қурилманинг ўзи арзон эмас, бунинг устига доимий эътибор талаб этади. Техник жиҳатдан ҳамиша соз ҳолатда сақлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Аммо қайси ишнинг машаққати йўқ дейсиз?!

Танишув сафари иштирокчилари бундай қурилма қишлоқдаги, айтайлик, 10 та хонадонни газ билан таъминлаб бера оладими деб сўрашди. Мутахассислар бу йўсин ёндашувни жўяли деб билмайдилар. Негаки бу борада кўп жиҳатларни эътиборга олиш керак. Чунончи ҳар бир хонадонда газ таъминотига бўлган талаб-эҳтиёж ҳар хил. Битта хонадонда оила аъзолари кўп эмас, бошқаси серфарзанд – демак истеъмол ҳам кўпроқ. Ташқи ҳаво ҳароратининг ҳам аҳамияти оз эмас. Хусусан, қурилма +5 температурада ишлаши бир бошқа, -15 да ишлаши эса тамомила бошқадир. Ҳар бир уйнинг энергия самарадорлиги ҳам ҳар хил. Баъзи уйлар иссиқбоп қилиб қурилган, энергия истеъмоли ҳам уларда камроқ. Бошқа хонадонларга қарашли уйларнинг туйнук-тешиклари кўп, демак 10 баравар кўп газ талаб қилади. Органик ўғитнинг қайси туридан қанақа ҳароратда фойдаланилаётганлигини ҳам эътиборга олмоқ зарур. Чунки ҳосил қилинадиган газ ҳажми шунга боғлиқ. Қўшни Қирғизистонда биогаз қурилмасидан бир неча уй учун фойдаланишга жамоа йўсинида ёндашув натижа бермабди. Одамлар ўртасида газ истеъмоли билан, қурилма ишлаши учун чиқиндилар етказиб бериш билан боғлиқ зиддият ва ихтилофлар келиб чиқаверибди.

 

Кичик грантлар дастури шарофати билан

ГЭФ кичик грантлар дастурининг миллий мувофиқлаштирувчиси Алексей Волковнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳозирча биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмалар унча кўп эмас. КГДнинг молиявий кўмагида ҳар бир минтақада биттадан ана шундай технологияни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Фермерлар ўз минтақалари ҳудудидан четга чиқмай туриб қурилма иши билан, унинг имкониятлари билан танишсин дея шундай қилинмоқда. Негаки, биогаз қурилма энергетика муаммосини ҳал этишига кўпчилик ҳамон шубҳа билан қарамоқда. КГД ёрдамида барпо этилган дастлабки қурилмалар Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ишлаб турибди. Яна 2 та лойиҳа Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Бу моҳиятан янги иш. Янги ишда эса ҳамиша таҳдид ва таваккалчиликлар учрайди.

КГД янгиликка биринчилар қатори киришганларни қўллаб-қувватлайди, негаки уларга қийинроқ. Бошқалар эса уларга эргашадилар, бинобарин уларнинг тажрибасидан, малакасидан фойдаланадилар, қилган хатоларини такрорламаслик пайида бўладилар. Минтақадаги мавжуд амалиётни такрорламоқчи бўлаётганлар бу ишни ё ўз ҳисобларидан, ёки кредитлар, бошқа маблағлар жалб қилиш ҳисобига амалга оширишади.

Бугунги кунда «Надежда» фермер хўжалиги базасида биогаз технологиялари бўйича намойиш маркази ташкил этилган. Фермерлар шу ерда ўқитилмоқда ва ўргатилмоқда. Бу ерда кашшофларнинг тажрибасини ўрганиш, қурилма қандай тузилганлигини ўз кўзи билан кўриш, бу янгилик йўлида қандай муаммолар-у қанақа таҳдид-таваккалчиликлар учраши мумкинлигидан хабардор бўлиш мумкин.

Мамлакатимизда биогаз қурилмаларини ўз кучлари билан барпо этганлар ҳам бор. КГДнинг мақсади бу технология реал нарса эканлигини, ҳақиқатда иш беришини, энергетика талаб-эҳтиёжларини қоплашини, истак бўлса, ундан ҳар қандай фермер фойдалана олишини амалий жиҳатдан кўрсатиб беришдан иборатдир. Тўғри, аввалига инвестициялар керак бўлади, бинобарин биронта ҳам бизнес ишини маблағсиз, киритмаларсиз бошлаб бўлмайди, албатта. Киритган пуллари кейинчалик бизнес ишини юриштириб юборадиган, ижтимоий масалаларни ҳал қиладиган бўлса, пул тикишга тайёр одамлар, шак-шубҳасиз, топилади.

Биогаз қурилма иқтисодий самарадан ташқари глобал иқтисодий муаммоларни ҳал этиш имконини берадики, унча-мунча фермер бу ҳақда бош қотирмаса керак. Чорвачиликнинг органик чиқиндилари бир ерга жамланса, ундан метан ажралиб чиқади. Метан глобал иқлим ўзгаришига олиб келувчи ер шари учун «парник» ҳодисаси юзага келишига олиб келади. Келиб чиқиши биологик бўлган метанга мослаштирилган қурилмадан фойдаланиб, Надежда Дурдина ажойиб пишириқлар пиширмоқда, атмосферага эса унинг иккиламчи маҳсулотларини, яъни сув буғи ва метанга нисбатан парник фаоллиги 21 марта камроқ карбонад ангидрид чиқариб ташланмоқда. «Надежда» фермер хўжалигида ишлатилаётган биогаз қурилмасидан атмосферага чиқариб ташланаётган парник газларнинг қисқариши тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, карбонад ангидрид муодили билан чамалаганда йилига 155 тоннани ташкил этар экан.

Ҳажми 24 куб метрли биогаз қурилма кунига 25 куб метр биогаз ишлаб чиқариши мумкин. Қурилма ҳафтасига 5 тонна қимматли органик ўғит ишлаб чиқаради. Шу зайил қурилма 4 йил ичида қилинган харажатни тўлиқ қоплайди деб мўлжал қилинмоқда.

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 3892 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика