Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 1 / Амалиёт

Ўзбекистон енгил саноати: маҳсулотларимиз жаҳон бозорида барқарор мавқега эга

Ўзбекистон енгил саноати республика саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмида муҳим ўринни эгаллайди. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 2 800 га яқин корхона енгил саноат тизимига мансуб бўлиб, бунда маҳсулот ишлаб чиқаришдаги қарийб 80 фоиз улуш асосан «Ўзбекенгилсаноат» ДАК ҳиссасига тўғри келади. 2012 йилнинг ўн бир ойи мобайнида тизим корхоналари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 546,2 млрд сўмни ташкил этиб, 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 120,3 фоизни ташкил этди.

Компания таркибида 290 та йирик тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 156 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардир. Айни пайтда компания корхоналари дунёнинг 40 дан ортиқ ривожланган давлатларига ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

«Ўзбекенгилсаноат» ДАК бошқаруви раиси Илҳом Ўткурович ҲАЙДАРОВ билан суҳбатимиз ҳам соҳада амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.

– Илҳом Ўткурович, дастлаб якунланган 2012 йилда компаниянгиз томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталсангиз...

– Бугунги кунга қадар республикамиз енгил саноати мукаммаллашиш ва ривожланишнинг узоқ йўлини босиб ўтди. Эндиликда бемалол айтишимиз мумкинки, халқаро бозорда Ўзбекистон Республикаси енгил саноати маҳсулотлари иштирокини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижасини берди. Республикамизга хорижий инвестицияларнинг барқарор кириб келаётгани ҳам қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани ва енгил саноатнинг жадал ривожланаётганлигини кўрсатади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда дунёнинг етакчи давлатлари инвестицияси иштирокида 150 дан зиёд корхона ташкил этилгани, тармоққа 1,9 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар, шу жумладан 1,3 млрд долларлик хорижий, 0,6 млрд долларлик маҳаллий инвестициялар ва банк кредитлари жалб этилганининг ўзиёқ буни яққол тасдиқлайди.

«Ўзбекенгилсаноат» ДАК томонидан биргина 2012 йилнинг ўзида 28 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиб, унга 194,8 млн доллар миқдорида сармоялар жалб этилди. Натижада 3 700 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Экспорт миқёсини кенгайтириш ва янги салоҳиятли таш­қи бозорларни топиш борасида олиб борилган ишлар натижасида маҳсулотларни Бразилия, Бангладеш, Венесуэла, Индонезия, Перу, Чили, Колумбия, Франция ва Марокаш каби давлатларга экспорт қилишга эришилди.

Компания корхоналарининг енгил саноат маҳсулотлари халқаро ярмаркаларида иштироки натижасида кўплаб шартномалар тузилди. Ҳозирда йирик экспортчи корхоналар томонидан 42 тадан зиёд дилерлик тузилмалари Европа Иттифоқи, МДҲ ва Осиё давлатларида ташкил этилган.

2012 йилнинг 11 ойида 622,7 млн АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди, бу умумий экспорт ҳажмида 35 фоизни ташкил этди ёки 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўпайди. Ўтган йилда 100 дан ортиқ янги турдаги ва 160 хилдан ортиқ 530,2 млрд сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 145,3 фоизга етди.

– Енгил саноат деганда ўз-ўзидан кўз олдимизга тўқимачилик маҳсулотлари келади. Ўзбекистоннинг жаҳон тўқимачилиги соҳасидаги мавқеи қай даражада?

– Жаҳон иқтисодиётида вужудга келган глобаллашув жараёнларида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркази Европа ва АҚШдан ривожланаётган Жанубий-Шарқий, Марказий Осиё ва Жанубий Америкага кўчди.

Ўзбекистон ҳам мустақиллик йилларида дунё тўқимачилик ҳамжамиятига қатъий ишонч билан кириб борди. Бундай муваффақиятларга эришишнинг асосий омили маҳаллий ва чет эл инвестиция­ларининг мунтазам жалб этилиши, улар асосида замонавий ускуналар билан жиҳозланган, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарувчи янги корхоналарнинг ташкил этилганлигидадир.

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг 75 фоизи жаҳонга машҳур компанияларнинг замонавий дастгоҳлари билан жиҳозланган қўшма ва хорижий корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Тўқимачилик саноати маҳсулотлари юқори қўшилган қиймат даражасига эга, валюта тушуми учун қулай, давлат бюджетининг даромад қисмини шакллантирадиган, шу билан бирга ижтимоий дастурларни амалга оширадиган манбалардан бири ҳисобланади. Тармоқ аҳоли бандлигини ва даромадини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, соҳа нисбатан кам капитал маблағ сарфловчи бўлганлиги боис унга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг киришига тўсқинлик йўқ. Бу эса тармоқнинг ривожланишини жадаллаштириш, рақобат бозорини шакллантиришга омил бўлмоқда.

Президентимизнинг 15.12.2010 йилдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1442-сон ҳамда 30.03.2011 йилдаги «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1512 -сон қарорлари мамлакатимиз енгил саноати тармоғи учун жуда кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Шу асосда ҳудудларда умумий қиймати 1,7 млрд долларга тенг бўлган 55 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, якуний ишлаб чиқариш қувватига эга интеграциялашган тўқимачилик комплексларини ташкил этиш кўзда тутилган. 2012 йилда Қорақалпоғистон Республикасида «Элит стар текстиль» (лойиҳа қиймати 4,9 млн доллар), Хоразм вилоятида «Узтекс Шовот» (32,4 млн долларлик), Фарғона вилоятида «Фар­ғона-Турон текстиль» (10 млн долларлик), Бухоро вилоятида «Бухоро Энерго текстиль» (2,8 млн долларлик) каби йирик корхоналар ишга туширилди.

Бундан ташқари, республика тўқимачилик корхоналарини юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Кореянинг «ТМС» ва Туркиянинг «ТТМ Макина» компаниялари билан пайпоқ тўқийдиган автоматлар, пилталаш ва тараш машиналари ҳамда тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида соҳага 10 млн АҚШ долларидан зиёд инвестиция йўналтирилади.

– Тўқимачилик корхоналари учун асбоб-ускуналарни нафақат хорижий давлатлардан келтириш, балки ўзимизда ишлаб чиқариш ҳам долзарб масалалардан бўлса керак?

– Албатта! Шу ўринда таъкидлашни истардимки, енгил саноатда бозор талаблари жуда тез ўзгарувчан хусусиятга эга бўлганлиги сабабли, республикамиз енгил саноати корхоналарида Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2011 йилдаги «Йирик корхоналар ва ишлаб чиқаришларда технологик асбоб-ускуналар ва технологияларнинг техник аудитини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 72-сон қарорига биноан ҳар уч йилда техник аудит ўтказилади.

Компаниямиз тизимидаги йирик корхоналарнинг маънавий ва жисмонан эскирган 711 та тўқув, йигирув ва тикув дастгоҳлари юқоридаги қарор асосида ишлаб чиқилган махсус тармоқли жадвал асосида 2012-2014 йилларда 13,4 млн доллар қийматидаги янги ва замонавийларига алмаштирилади.

Тўқимачилик машинасозлиги корхоналарини ўзимизда ташкил қилиш масаласи бугунги кунда ғоят долзарбдир. Бу борада Президентимизнинг 21.02.2011 йилдаги «Замонавий тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1484-сон қарори қабул қилинган. Мазкур қарор асосида «Ўзбекенгилсаноат» ДАК Швейцариянинг «Riеter AG» компанияси билан ҳамкорликда махсус лойиҳани амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида 2012 йилнинг октябрь ойида Тошкентда пилталаш машиналари ишлаб чиқарадиган «Rieter Uzbekistan» хорижий корхонаси ишга туширилди. Бу дастлабки босқич бўлиб, унга қарийб 3,85 млн доллар миқдорида инвестиция йўналтирилди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш қуввватининг дастлабки навбати фойдаланишга топширилиб, бунинг натижасида 40 та янги иш ўрни очилди.

Яна бир муҳим жиҳат – «Ўзбекенгилсаноат» ДАК ва «Rieter AG» компанияси муҳандис-техник ходимлари ўзаро ҳамкорлиги доирасида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари билан тажриба алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, компания тизимидаги корхоналарда импорт ускуналарининг техник имкониятларидан самарали фойдаланиш учун Германиянинг «Truchler», «Oerlikon tekstile», Швейцариянинг «Riеter», Италиянинг «Marzoli», «Savio», Япониянинг «Toyota» ва бошқа фирмалар маҳсулотларига хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш бўйича сервис марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

Айни пайтда енгил саноат тармоғи олдига қўйилган асосий мақсадлардан бири – пахта толасини чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот етказиб бериш ҳисобланади, чунки бу қийматни 1,5 баробардан 10 баробаргача ошириш имкониятини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин йиллар ичида Ўзбекистонда етиштирилаётган жами пахта толасининг 70 фоизгача бўлган қисми ўзимизда чуқур қайта ишланади.

– Айни пайтда «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналари ишчиларининг меҳнат муҳофазаси қай даражада?

– Бугунги кунда компаниямиз таркибидаги корхоналарда 68 мингдан зиёд аҳоли меҳнат қилмоқда, уларнинг 70 фоиздан кўпроғи аёллардир.

Корхоналаримизда аёллар ишлаши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ювиниш, дам олиш, овқатланиш хоналари мавжуд. Ҳамма ишчиларимиз махсус кийим-бош билан таъминланган. Бундан ташқари ишчиларимизнинг аксариятига бепул тушлик берилади.

– Компаниянгиз келгусида қандай вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган?

– Енгил саноатнинг стратегик вазифаси нафақат ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, балки экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, инвестицион дастурларни амалга ошириш, янги қувватларни ишга туширишда ҳудудларнинг талабини ҳисобга олишдир. Хусусан, компаниямиз томонидан 2012-2015 йилларга мўлжалланган Дастур доирасида саноат маҳсулотларининг ўсиш суръатини йилига 120 фоиз, экспорт улуши ўсишини 10 фоиз, ички бозор эҳтиёжини қондиришни (экспортни ҳисобга олганда) 40 фоиз даражасида таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 21.11.2012 йилдаги «2013 йилга мўлжалланган Давлат инвестиция дастури тўғрисида» ПҚ-1855-сон қарори доирасида 2013 йилда 21 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилади ва унга 180,8 млн доллар сармоя сарфланиб, 3730 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Бундан ташқари, 2013-2016 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган айрим инвестицион лойиҳалар ҳақида ҳам айтишим мумкин. Масалан, Кореянинг «Young One Corporation» компанияси билан ҳамкорликда 2012-2016 йилларда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тайёр тикув маҳсулотларини ишлаб чиқариш ташкил қилинмоқда. Лойиҳа қиймати 104 млн долларга тенг. Туркиянинг «TTM Makine» компанияси эса 2013-2016 йилларда тўқимачилик дастгоҳларини ишлаб чиқариш бўйича қиймати 5 млн долларлик лойиҳани режалаштирган. Шулар қаторида «KKC Corporation» компанияси 2013-2015 йилларда «Бухоротекс» АЖ негизида бўяш ва пардозлаш корхонасини ишга туширади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 3 млн доллар деб белгиланган. Сингапурнинг «Verigrow Pte. Ltd» компанияси 10 млн доллар қийматидаги лойиҳа асосида 2012-2016 йилларда Наманган вилоятида ипакчилик комплексини ташкил этишни мақсад қилган. Ушбу давлатнинг «Indorama Pte.Ltd» компанияси эса 2013-2014 йилларда «Индорама Коканд Текстиль» лойиҳасининг 2-босқичини амалга оширади. Мазкур лойиҳага 31 млн доллар маблағ сарфланиши кўзда тутилган. «Арт Софт Текс» компанияси томонидан 2013-2016 йилларда Наманган вилоятида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган текстиль комплексини барпо этиш учун 79 млн доллар миқдорида маблағ жалб этилмоқда.

Пировардида шуни айтишни истардимки, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остидаги маҳсулотлар юртимизнинг қудрати ва довруғини дунёга таратаверсин!

Гулбаҳор САТТОРОВА,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 6581 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика