Неваралари ҳаётида фаол иштирок этаётган ва ўз пенсиясини уларнинг ривожланишига йўналтираётган пенсионерларга солиқ чегирмаси учун имконият берилиши керак, деди «Россия православная» умумроссия ижтимоий ҳаракати раиси Михаил Иванов «Абзац» билан суҳбатда.
Ивановнинг тушунтиришича, кексалар ўз набираларининг таълим-тарбияси учун катта маблағ сарфлашади, тўгараклар ва секциялар учун нафақадан маблағ ажратишади, шунингдек дарсликлар, кийим-кечак ва репетиторлар учун пул тўлаб, ёш ота-онага сезиларли даражада ёрдам кўрсатадилар. Россияда буви ва боболар учун махсус солиқ чегирмаси жорий этилиши оилаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча ва самарали воситасига айланади.
«Боланинг ота-онаси бўлмаган, лекин амалда унинг таъминоти учун харажатларни ўз зиммасига олган пенсионерларга таълим, даволаниш, набиралар учун тўгараклар ва секциялар учун сарфланган маблағнинг 13%ини қайтариб олиш ҳуқуқини беришни таклиф қиламан. Бу нафақат пенсионерларни қўллаб-қувватлайди, балки кекса авлодни фарзандлар тарбиясида фаол иштирок этишга ундайди, шунингдек авлодлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди», – деди у.
Суҳбатдош шунга алоҳида аниқлик киритдики, буви ва боболар ҳар бир набира учун қайтариб олишлари мумкин бўлган сумманинг чегараси йилига 50 минг рублга етади. Унинг таъкидлашича, икки томонлама ҳисобга олишни истисно қилиш учун ушбу қўллаб-қувватлаш чораси аллақачон худди шу болага ота-она сифатида чегирма олаётганларга нисбатан қўлланилмаслиги керак.
Манба: finance.mail.ru.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
