Аёл ёшга доир пенсияга чиқиш учун зарур стажга эга. Аммо пенсияни ҳисоблашда зарур бўлган охирги 10 йил учун фақат 3 йиллик стаж мавжуд. Яъни иш даврида танаффус бўлган. Пенсия миқдори қандай ҳисобланади – охирги 10 йилдаги (3 йил) мавжуд стажга мутаносибми ёки бошқачами?
– Ёшга доир тўлиқ пенсия миқдори аёлларнинг камида 20 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда белгиланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 7, 25-28-м., 03.09.1993 й. 938-XII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун). У пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и ва қўшимча стажнинг ҳар бир йили учун қўшимча тўловдан (1%) ташкил топади.
Айтайлик, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи – максимал, яъни пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 баравари – 6 048 000 сўмга тенг.
Тўлиқ пенсия миқдори: 6 048 000 х 55% = 3 326 400 сўмни ташкил этади.
Қонуннинг 31-моддаси биринчи қисмига мувофиқ пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили мобайнида кетма-кет 5 йил учун олинади.
Яъни пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 2012 йилдан 2018 йилгача ва 2024 йилдан 2026 йилгача бўлган даврлар учун аниқланади.
Пенсияни мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблашга келсак, буни мисолда кўриб чиқамиз.
МИСОЛ. Аёл 2012 йилдан 2018 йилгача, яъни 7 йил ишлаган, кейин 2019 йилдан 2023 йилгача ишламаган, яъни 5 йил, кейин 2024 йилдан 2026 йилгача, яъни 2 йил ишлаган. Жами иш стажи – 9 йил.
Ёшга доир тўлиқ пенсия миқдори аёлларнинг камида 20 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда белгиланади (Қонун 7, 25–28-м.). Шунга кўра, дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади, ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (Низом 118-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова).
Бунда ёшга доир пенсия тайинлаш учун иш стажи 9 йил ёки 108 ойни ташкил этади. Яъни тўлиқ пенсия миқдори 240 ойга (20 йил х 12) бўлинади, кейин эса 108 ойга кўпайтирилади.
Қайта эслатиб ўтамиз, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи – максимал, яъни пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараварига – 6 048 000 сўмга тенг.
Тўлиқ пенсия миқдори: 6 048 000 х 55% = 3 326 400 сўмни ташкил этади.
Тўлиқсиз пенсия миқдори мавжуд иш стажига мутаносиб равишда: 3 326 400 сўм х 108 ой / 240 ой = 1 496 880 сўмни ташкил этади.
Бу 9 йиллик иш стажига эга бўлган шахслар учун мавжуд иш стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз пенсиянинг энг юқори миқдори бўлади.
Агар пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи биз дастлабки ҳисоб-китоб қилган суммадан кам бўлса, яъни пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 12 баравари миқдоридан ёки 6 048 000 сўмдан кам бўлса, мос равишда тўлиқсиз пенсия миқдори ҳам камаяди.
Масалан, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи 5 000 000 сўмни ташкил этса, у ҳолда:
• тўлиқ пенсия миқдори: 5 000 000 сўм х 55% = 2 750 000 сўмни ташкил этади;
• тўлиқсиз пенсия миқдори мавжуд иш стажига мутаносиб равишда: 2 750 000 сўм х 108 ой / 240 ой = 1 237 500 сўмни ташкил этади.
Шуни ёдда тутиш керакки, тўлиқ бўлмаган стаж пенсияси ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан, яъни 491 500 сўмдан (983 000 сўм х 50%) кам бўлиши мумкин эмас.
Президентнинг 23.06.2026 йилдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги 115-сон Фармонига мувофиқ тўлиқ бўлмаган иш стажи учун ёшга доир пенсия ойига 878 000 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, ўртача ойлик иш ҳақининг 3 500 000 сўмдан кам бўлиши пенсия миқдорига таъсир кўрсатмайди.
Зафаржон ХЎЖАЕВ,
«Норма» эксперти.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
